«Сурайё» дунёдаги илк сунъий йўлдош смартфонини тақдим этди

  •   DiMaX
  •  1606
  •  12.04.2018 17:06

«Сурайё» дунёдаги илк сунъий йўлдош смартфонини тақдим этди

Уяли алоқа телефонлари тобора ривожланиб бораётган бугунги кунда сунъий йўлдош орқали алоқа қилувчи телефонлар кишиларнинг бироз эсидан чиққандек. Аммо Thuraya Telecommunications компанияси шу технологияни замонавий смартфонлар билан уйғунлаштирди.

ЎҚИНГ: АҚШ ҳарбий сунъий йўлдошлари тизимини ҳаваскор хакерлар ҳам буза олади

Thuraya Telecommunications шу кунгача Европа, Ўрта Осиё, Австралия ва Африка ҳудудларида сунъий йўлдош орқали телефон алоқаси хизматларини кўрсатиб келади. Номи ўзбекчада «Сурайё» деб аталувчи ушбу компания сунъий йўлдош алоқасини қўлловчи дунёдаги биринчи смартфонни тақдим этди. Thuraya X5-Touch деб номланган ушбу модель Android операцион тизимининг Nougat талқини бошқаруви остида ишлайди

«Йўлдошфон»нинг техник хусусиятлари ҳақида маълумотлар кам. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, Thuraya X5-Touch диагоналига 5,2 дюймлик Full HD дисплейга ҳамда NFC модулига эга. Қурилма MSS стандартига мос келиши, IP67 стандартига кўра сувдан ҳимояланганлиги таъкидланган. Аккумулятори ҳақида маълумот берилмаган.

Thuraya X5-Touch модели иккита SIM-карта билан тўлақонли ишлай олади, радиомодули ҳам иккита. Улар бир вақтнинг ўзида сунъий йўлдош алоқасини ҳам, GSM тармоғи алоқасини ҳам қўллаб-қувватлайди.

«Сурайё» компанияси X5-Touch моделининг нархини ҳам маълум қилмаган. Мазкур смартфон ҳали жорий йилнинг тўртинчи чорагидагина савдога чиқарилади.

ЎҚИНГ: UZMOBILE аллақачон 5G технологиясини синовдан ўтказди