Тадқиқот: компьютер учун энг тежамкор браузер қайси?

  •   DiMaX
  •  1388
  •  25.07.2018 14:21

Тадқиқот: компьютер учун энг тежамкор браузер қайси?

Компьютер ёки ноутбук орқали интернетга киришда браузерни танлаш – муҳим масала. Бу дастур тезкорлик ва қулайликдан ташқари, тизим ресурсларини, тезкор хотирани кам талаб қилса – айни муддао.

ЎҚИНГ: Avast «энг хавфсиз» ва мутлақо бепул браузерни тақдим этди

iGuides нашри ходимлари замонавий браузерлар орасида қайси бири тезкор хотирага тежамкорлик билан ёндашишини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказиб кўрди. Тестда еттита дастурнинг сўнгги барқарор талқинлари иштирок этди: Chrome 67, Firefox 61, Opera 54.0.2952.60, Яндекс.Браузер 18.6.1.770, Амиго 61, UC Browser 7.0.185.1002 ҳамда Microsoft Edge 42.17134.1.0.

Ушбу тажриба Windows 10 операцион тизим бошқаруви остида ишлаётган, Intel Core i5 процессорига ҳамда 8 гигабайтлик тезкор хотирага эга компьютерда амалга оширилган. Текшириб кўрилаётган браузерларда YouTube, VK, Яндекс, Google, Mail.ru, Avito, OK, Wikipedia, Instagram, AliExpress сингари энг оммабоп сайтлар, шунингдек iGuides ҳам очиб кўрилган.

Хуллас, тадқиқотдаги браузерларнинг тезкор хотирани сарфлаши кўрсаткичлари қуйидагича бўлиб чиққан:

  1. Chrome – 1020 МБ
  2. Firefox – 867 МБ
  3. Opera – 744 МБ
  4. Яндекс.Браузер – 639 МБ
  5. Амиго – 681 МБ
  6. UC Browser – 545 МБ
  7. Microsoft Edge – 1108 МБ

ЎҚИНГ: Google Chrome’даги ҳозироқ ўчириб қўйиш керак бўлган муҳим созлама

Кўриб турганингиздек, тезкор хотирани сарфлашига кўра энг тежамкори UC Browser, энг «очофат»и эса – Edge бўлиб чиққан. Лекин шуни таъкидлаш керакки, Microsoft тақдим этган бу браузер максимал ҳажмдаги хотирани кўп вақт банд этиб турмаган. Тўлиқ юкланиб бўлгач, бир неча сониядан сўнг варақаларни тезкор хотирадан ажратган. Натижада унинг хотира сарфи 5 баравардан ҳам камроққа – 200 мегабайтгача озайган.

Chrome эса, агарда хотирада етарлича бўш жой мавжуд бўлса, фондаги варақаларни хотирадан ажратиб қўймас экан. Бунинг оқибатида ушбу дастур токи фойдаланувчи ўзи ўчирмагунича хотирани кўп сарфлаб тураверган.

Яна тадқиқотда шуниси ҳам кузатилганки, UC Browser ва Яндекс.Браузер ўчирилганда ҳам хотирадан тўлиқ ўчмас экан. Улар фондаги жараёнлари билан 1-2 мегабайтлик хотира ҳажмини банд қилиб тураверган. Бундан ташқари, Яндекс.Браузер ўзи билан бирга Алиса овозли ёрдамчисини ҳам юклайди, у фон режимида тахминан 3 мегабайт хотирани эгаллаб туради.

ЎҚИНГ: Мутахассислар энг хавфсиз браузерни аниқлашди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!