Талаба сув ўтидан табиатга зарар етказмайдиган идиш тайёрлади

Талаба сув ўтидан табиатга зарар етказмайдиган идиш тайёрлади

Исландия санъат академияси талабаси Ари Йонссон (Ari Jónsson) парчаланмасдан атроф-муҳитга катта зарар етказаётган пластик идишларнинг экологик тоза муқобилини таклиф этди. У қайта ишланган сув ўсимлигидан тайёр идиш прототипини ишлаб чиқди.

Идишдаги суюқлик тамом бўлиши билан у тезда парчаланиб, табиатга ҳеч қандай зиён келтирмайди. Кашфиётчининг маълумотига кўра, бундай идишларни истеъмол қилиш ҳам мумкин. Тўғри, унинг ўзига хос таъми бор, ахир у сув ўсимлиги желесидан тайёрланган-да.

Бу каби экологик тоза идишнинг асосида океанлар тубида ўсадиган қизил ва қўнғирранг сув ўсимлигидан олинадиган агар-агар – мураккаб тузилишга эга полисахаридлар ётади. У етарли даражада пишиқлиги билан ажралиб туради. Агар-агар асосан озиқ-овқат саноати, шунингдек, микроорганизмларни етиштириш учун қаттиқ озуқа сифатида кенг қўлланилади. Зарарсиз Е406 озуқавий қўшимчаси мармалад, зефир, қиём, суфле, мураббо ва музқаймоқларга қўшилади.

Ари Йонссоннинг кашфиётига кўра, қуруқ кукун препаратини сув билан аралаштириб, керакли шаклдаги зич ва темирсифат субстанцияни қўлга киритиш мумкин. У ичида суюқлик бўлгандагина керакли шаклда пишиқ ва мустаҳкам тура олади. У бўшаши билан деформацияга учраб, ўз ҳажмини тезда кичрайтиради ва бир ойга қолмасдан парчаланиб кетади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.