Танишинг: мустаҳкам ва кўркам Turing Phone смартфони

Танишинг: мустаҳкам ва кўркам Turing Phone смартфони

Американинг Turing Robotic Industries компанияси мустаҳкамлиги ва сувдан ҳимоя тизими синовдан ўтказилган Turing Phone ҳақидаги видероликни намойиш этди, деб хабар беради Android Authority нашри.

Turing Phone смартфонининг фарқли жиҳати— бу корпус, аниқроғи, унинг материали. Корпус “суюқ морфий”(Liquidmorphium)дан ишланган. Бу цирконий, мис, алюминий, никель ва кумуш аралашмали аморф қоришмаси бўлиб, тузилиши жиҳатдан оинага ўхшаб кетади. Бироқ темирдек мустаҳкам.

Синов

“Сўз исботи билан”, деганларидек, ишлаб чиқарувчилар фақат “гап” билан чекланишни истамади. Мутахассислар янги қурилмани турли қулашлардаги мустаҳкамлигини кўрсатиб берди. Мураккаб дроп-тестлар натижалари шуни исботладики, қурилма асфальтга тушиб кетганидан кейин ҳам ишлайверди, экранига шикаст етмади.

Шунингдек, Turing Robotic Industries мутахассислари аппаратни сув остида 1 дақиқа синовдан ўтказди ва Turing Phone “сув тегиромони”дан ҳам “бутун чиқди”.

Ички ҳимоя тизими

Смартфон нафақат механик ёки ташқи таъсирлардан, балки ички томондан ҳам мустаҳкам ҳимоя тизимига эга. Бунга “жавобгар” девайснинг криптографик чипи. Унинг ёрдамида маълумотларни шифрлаб қўйиш мумкин. Гаджетда қувватлаш ва сим орқали маълумотлар алмашишга имкон берувчи махсус жой ҳам мавжуд.

Техник тавсифи

Turing Phone смартфони кўрсатиш қобилияти 1920х1080 пиксель бўлган 5,5-дюйм дисплей, Qualcomm Snapdragon 801 процессор, 3 ГБ оператив хотира ва 13-мегапиксель асосий ҳамда 8-мегапиксель фронталь камера билан таъминланган.

Аккумуляторнинг қувват кўрсатгичи 3000 мАс. Операцион тизимнинг вазифаси Android 5.0 Lollipop “зиммасига юклатилган”.

Нархи

Turing Phone (16 ГБ) – 610$
Turing Phone (64 ГБ) – 740$
Turing Phone (128 ГБ) –870$

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!