Танловда қатнашиб, 17 миллион сўмгача ютиб олинг!

  •   DiMaX
  •  2401
  •  30.03.2018 13:49

Танловда қатнашиб, 17 миллион сўмгача ютиб олинг!

Ўзбекистонда ҳар йили мактаб ёшидаги иқтидорли ўқувчилар ўртасида математика, физика ва информатика фанларини интеграциялашган ҳолда қамраб олган кўрик-танлов 1 апрель кунидан бошланади. Бу танловда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф ўқувчилари қатнашишлари мумкин, деб ёзади Тошкент шаҳридаги Инҳа университети сайти.

ЎҚИНГ: Тошкентда «сунъий онг» бўйича болалар учун Google’нинг бепул курси очилмоқда

Мазкур танловнинг асосий мақсади – улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, уни ёш авлод онгига чуқур сингдириш, ўқувчиларнинг аниқ фанларнинг юксак марраларини забт этишига кўмаклашиш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорларини аниқлаш ҳамда қобилиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат. 

Танлов уч босқичда ўтказилади, дейилади хабарда. Биринчи босқич мактаблар миқёсида 1 апрелдан 10 апрелга қадар ўтказилади. Мазкур босқичда ўқувчилар учта фан бўйича http://www.matfiz.uz/ сайтида онлайн-тест топширадилар: математика, физика ва информатика. 80 ва ундан юқори балл тўплаган ўқувчилар иккинчи босқичга йўл олишади.

Иккинчи минтақавий босқичда биринчи босқичда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан интеграциялашган ҳолда амалий масалаларни ёзма топширадилар. 75 ва ундан юқори балл тўплаган ўқувчилар финал босқичига йўл олишади. Иккинчи босқичнинг ўтказилиш саналари қўшимча тарзда танлов сайтида эълон қилинади.

ЎҚИНГ: Инҳа университети талабалари Huawei’га ишга жойлашишлари мумкин

Учинчи финал босқичи июнь ойида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб ўтади. Мазкур босқичда иштирокчилар математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан интеграциялашган ҳолда амалий масалалардан ёзма иш топширадилар.

Танловнинг учинчи финал босқичи совриндорлари «Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари» номли мукофот (статуэтка)ни қўлга киритишади. Шунингдек, биринчи ўрин соҳиби энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади, бу эса 17.224.000 сўмга тенгдир. Танловдаги иккинчи ўрин эгаси энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баравари ва учинчи ўрин соҳиби – 65 баравари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонлик хоҳловчилар “Oracle академияси”да бепул ўқийдилар

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!