Таннархига сотилаётган кучли “еттовлон” смартфонлар

Таннархига сотилаётган кучли “еттовлон” смартфонлар

Ортиқча пул сарф қилишни ҳеч ким хоҳламайди. Айниқса, баъзи бир илғор гаджетларга бугун минг долларлаб пул тўлаётганларни кўриб кўпчилик ҳайратини яшира олмайди. Бош вазифаси алоқа қилиш бўлган гаджет учун шунча маблағ сарфлаш қанчалар тўғри? Шу билан бирга, жаҳоннинг аксарият смартфон ишлаб чиқарувчилари ном қозониш учун яхши девайсларини ўз таннархида сотишдан ҳам қўрқишмаяпти. Қуйида шулар тўғрисида.

Xiaomi Mi5

Xiaomi компанияси 2016 йилда смартфон савдосидан фойда кўрмаётгани, мобил алоқа телефонларини ўз таннархида сотаётганини расман эълон қилди. Компания кейинчалик ўзининг мухлислари учун дастурий таъминотлар ишлаб чиқаради ва бу унга жуда катта фойда келтиради. Mi5 флагмани — ўз нархида сотилган жаҳондаги илк илғор гаджет.

5,15-дюймли Xiaomi Mi5’да 2016 йилнинг кучли процессорларидан бири бўлган Qualcomm Snapdragon 820 ўрнатилгани унинг графикага бой энг қийин ўйинларни ўйнаш чоғида ҳам “учиб” ишлашига замин яратди. Ушбу чип узоқ йиллар давомида янги илова ҳамда тизимларни қўллаб-қувватлайди.

Смартфонда сифатли ишлайдиган ва оптик барқарорлаштириш тизимига эга 16 мегапикселли камера ўрнатилган. Бу камера 4K видео ёзиб олиши билан таассуротли. Смартфоннинг батареяси 3000 мA соат ток сиғимига эга. Телефон платформасида 3 ГБ тезкор ҳамда 32 ГБ доимий хотира мавжуд. IPS Full HD экран ҳар қандай нозик фойдаланувчининг кўнглидан жой олади.

Смартфоннинг техник жиҳатлар ҳамда нарх-навоси билан батафсил танишинг.

Meizu MX6

Meizu “ижоди”га мансуб юпқа ва чиройли Meizu MX6 металл “ниқоб”, йирик аккумулятор сиғими ва тезкор қувватлаш технологияси билан диққатни тортади. Сўнгги вақтларда бозордаги рақобатда ғалаба қозониш учун компания MX6 нарх-навосига ҳам сезиларли ўзгартириш киритишга қарор қилган.

Meizu MX6 диагонали 5,5 дюйм бўлган, IPS-TDDI технологиясида ишлаб чиқарилган ёрқин дисплейи билан мақтана олади. Смартфон платформасидаги самарадорлик  10 ядроли етакчи Mediatek Helio X20 процессори зиммасига юклатилган. Маълумотларни тезкор юклаш ва қайта ишлаш учун сиғими 3 гигабайт бўлган оператив ҳамда 32 ГБ сиғимидаги доимий хотира ўрнатилган. “Ақлли смартфон”даги 12 мегапикселли камера учун Sony IMX386 сенсори танланган ва у қийин вазиятларда ҳам сифатли суратга олиши билан диққатга сазовор.

Смартфоннинг техник жиҳатлар ҳамда нарх-навоси билан батафсил танишинг.

Honor 6X

Максимал техник жиҳатларга эга ҳамёнбоп смартфон тутиш истагида бўлганлар учун айни муддао бўлган яна бир девайс сизга мунтазир. Honor 6X — қўш модулли бош камерага эгалиги билан аҳамиятли. Бу камера ёрдамида орқа фонни хиралаштириб суратга олиш мумкин.

Унинг ички платформасида фирмага тегишли Kirin 655 процессори фаолият кўрсатади. Бу “электрон юрак” 2,1 ГГц частота тезлигида ишлайди. Смартфоннинг тезкор хотираси 3 ГБ ҳамда доимий хотира сиғими 32 ГБ. Смартфон электр токи сиғими 3400 мА соат бўлган “қувват тоши”дан энергия олади. Тўлиқ қувват унга 1,5-2 кун фаол ишлаш учун етади. Honor 6X корпуси металлдан тайёрланган. Смартфонда NFC ва бармоқ излари сканери мавжуд.

 

Wileyfox Swift 2 X

Бизга унчалик таниш бўлмаган Wileyfox Swift смартфонлари туркумининг барча моделлари ҳамёнбоп ва қизиқарли жиҳатларга эга. Wileyfox Swift 2 X моделининг 5,2 дюймли IPS дисплейи 2.5D эффектига эга силлиқ қиррали шиша билан қопланган. Одатда компаниялар ҳамёнбоп смартфонларга оддийроқ экран қўйиш орқали маблағни тежашга ҳаракат қилишади. Бироқ, Wileyfox Swift 2 X’га бағрикенглик билан  сифатли жиҳатларга эга Full HD дисплей ўрнатилган.

Телефон аппаратининг бошқа яхши жиҳатлари қаторига 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 430 процессорини, 3 ГБ «оперативка», 32 ГБ доимий хотира ва сиғими 3010 мА соат бўлган аккумуляторни қўшиш мумкин. Смартфон металл корпусга эга. Унинг аккумуляторини Quick Charge 3.0 технологияси ёрдамида тезкор тўлдириш мумкин. Гаджетда NFC функцияси ва бармоқ излари сканери ўрнатилган.

Oneplus 3T

Ҳар гал янги смартфон тақдим этаётганида телефон аппаратларини “флагманлар кушандаси” деб эълон қилишни яхши кўрадиган Oneplus компанияси чиндан ҳам арзон ва имкон қадар юқори жиҳатларга эга мобил алоқа телефонларини тайёрлаши билан тан олинган.

Oneplus 3T жуда кучли жиҳатларга эга — смартфон платформа самарадорлигини ўлчайдиган тестларда етакчи ўринларни эгаллаган. Гаджет бу пешқадамликка ўзидаги Qualcomm Snapdragon 821 процессори ҳамда 6 гигабайтли тезкор хотираси билан эришган.

5,5 дюймли AMOLED дисплей, 64 ёки 128 ГБ доимий хотира ва 3400 мА соат сиғимига эга аккумулятор, 16 мегапикселли  бош камера ҳамда 16 мегапикселли олд камера OnePlus 3T’нинг кучли жиҳатлари сирасига киради.

Смартфоннинг техник жиҳатлар ҳамда нарх-навоси билан батафсил танишинг.

LeEco Le2

Хитойнинг бу ҳамёнбоп фаблети диагонали 5,5 дюйм бўлган экрани, 3000 мА соат сиғимли аккумулятори, 16 мегапикселли камераси, 3 ГБ «оперативка»си ва 32 ГБ доимий хотираси билан ўзига хосдир.

LeEco Le2 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 652 процессорида фаолият кўрсатади.

Мазкур смартфонга хос жиҳатлар билан батафсил танишинг.

Motorola Moto X Force

2016 йилда Lenovo компаниясининг халқаро смартфон бозоридаги манфаатларини ҳимоя қилган Motorola флагмани айни пайтга келиб халқаро бозорда арзонлашди. Унинг бош муҳим жиҳати — ShatterShield технологиясида тайёрланган синмайдиган экранидир. 5,4 дюймли AMOLED дисплейнинг пикселлар сиғими 2560х1440 белгига тенг.

Металл корпус ичида Qualcomm Snapdragon 810 процессори, 3 ГБ оператив хотира ва 32 ГБ доимий хотира, 3760 мА соат сиғимли тезкор қуватлаш мумкин бўлган аккумулятор мавжуд. Шунингдек, Moto X Force сув ҳамда чанг таъсиридан ҳимояланган корпусга эгалиги билан ҳам ўзига хосдир.