Тақдим этилмаган Xiaomi Mi A2 аллақачон сотувга қўйилди: жиҳатлари, нархлари ва савдога чиқиш вақти аниқ!

  •   DiMaX
  •  8366
  •  18.06.2018 18:23

Тақдим этилмаган Xiaomi Mi A2 аллақачон сотувга қўйилди: жиҳатлари, нархлари ва савдога чиқиш вақти аниқ!

«Хитойча Apple» жорий йилда Black Shark геймерофони ҳамда Mi 8 флагманларидан ташқари, бир қатор ҳамёнбоп смартфонларини тақдим этди. Гарчи ўзи маълум қилмаган эса-да, тез кунларда унинг яна битта модели тақдимотга тайёр бўлиб турибди.

ЎҚИНГ: Xiaomi кўрсатмаган Redmi 6 Pro’нинг ёқиқ ҳолдаги суратлари кўп нарсани фош этди

Аммо Xiaomi фанатлари анчадан бери кутаётган Mi A2 моделининг яқин орада чиқиш-чиқмаслиги бироз баҳсли бўлиб келаётган эди. Бугун – 2018 йилнинг 18 июнида бу масалага тасодифан ойдинлик киритилди – мазкур моделни бир ярим ой ичида расман тақдим этишади.

Гап шундаки, Швейцариянинг йирик электроника дўкони – digitec.ch сайти ҳали расман намойиш этилмаган Xiaomi Mi A2 смартфонини «сотувга қўйди»! Бу билан ушбу қурилманинг асосий техник хусусиятлари, барча модификацияларининг нархлари ва ҳатто савдонинг бошланиш санаси ҳам фош бўлди.

Кутилганидек, «хитойча Apple»нинг Mi A2 смартфони Android One моделлар қаторига мансуб бўлади. Бу телефон 2,2 ГГц такт частотасида ишловчи 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 660 процессори базасида ишлайди. Adreno 512 русумли график тезлатгич эса тасвирларни тезкор узатишда кўмакчи бўлади. Смартфоннинг 5,99 дюймлик IPS-экрани томонлари ўзаро 18:9 нисбатда, дисплейнинг тасвир аниқлиги эса 2160х1080 пикселга тенг (Full HD+ формати).

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi A2 Geekbench’да ҳам «кўринди» – у эртагаёқ намойиш этилиши мумкин!

Xiaomi Mi A2 асосий камераси қўшалоқ бўлиб, 20 ва 12 мегапикселли объективларни ва LED-чақноқни ўз ичига олади; улар iPhone X дизайнида – юқори чап бурчакда тикка жойлашади. Селфичилар ҳам хурсанд бўлсалар арзийди – бу смартфоннинг олд камераси ҳам 20 мегапикселли экан.

Булардан ташқари, янги модел замонавий USB Type-C порти, Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологиясига эга бўлган 3010 мА/соат сиғимли аккумулятор билан ҳам жиҳозланган. Орқа панелда эса анъанавий тарзда дактилоскопик датчик ўрин олган. Симсиз интерфейслардан Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.0, A-GPS ҳамда 4G VoLTE модулларига эга. Унда контактсиз тўловларни амалга ошириш учун NFC модули бўлиш-бўлмаслиги эса ҳозирча номаълум. Инфрақизил порт масаласида ҳам бир нима дейиш қийин, айниқса, Xiaomi ўзининг сўнгги ҳамёнбоп смартфонлари ундан мосуво этилганини айтмаганидан кейин...

ЎҚИНГ: Redmi 6 ва 6A’нинг Xiaomi яширган асосий камчилиги фош бўлди!

Шунингдек, иккита SIM-карта билан ишлай олувчи бу моделда microSD учун уяча ҳам бўлмайди, смартфоннинг ички хотираси билан чекланишга тўғри келади. Табиийки, тезкор ва доимий хотираси ҳажмига қараб Mi A2 нархлари ҳам ўзаро фарқланади. Жумладан, Швейцарияда унинг 4/32 ГБ хотирали бошланғич конфигурацияли варианти 289 доллар туради. 4/64 гигабайтлик талқини учун 329 доллар сўралаётган бўлса, 6/128 гигабайт ҳажмли илғор модификацияси нақ 369 долларга тушади. Анча қиммат, дейсизми? Тўғри, аммо бу нархлар Швейцария учун-да, бизга балки арзонроқ келиб қолар – бундан ўз вақтида бохабар бўлиш учун бизни кузатишда давом этинг.

Дарвоқе, интернет-дўкон берган маълумотга кўра, Европа бўйлаб Xiaomi Mi A2 савдоси 2018 йилнинг 8 августида бошланади. Демак, унинг тақдимоти июлнинг охирларида бўлишини тахмин қилиш мумкин. Уни уч хил – қора, мовий ва тилларанг корпусларда харид қилиш имкони бўлади.

Ҳозирча эса, «хитойча Apple»нинг айрим моделлардаги смартфонларини Ўзбекистонда ҳам расмий кафолат билан харид қилса бўлади. Жумладан, ўзимизнинг «Terashop.uz» онлайн дўконимиздан уларни нақд пулсиз тўлов усуллари орқали ҳам олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: 820 000 сўмдан бошланган Xiaomi смартфонлари нархлари (2018 йил 11 июнь) – Terashop.uz’даги харидингиз Ўзбекистон бўйича етказиб берилади!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.