Тақдимотидан аввал Redmi Note 10S «кушандаси»ни анбоксинг видеосида тўлиқ кўрамиз!

  •   DiMaX
  •  651
  •  10.05.2021 15:03

Тақдимотидан аввал Redmi Note 10S «кушандаси»ни анбоксинг видеосида тўлиқ кўрамиз!

Яқиндагина биз Xiaomi компанияси Ҳиндистон бозорига Redmi Note 10S смартфонини тақдим этаётгани ҳақида ёзган эдик. Маълум бўлишича, ўша тадбирнинг ўзида Redmi бренди навбатдаги ақлли соатини ҳам намойиш қилар экан.

ЎҚИНГ: MIUI 13 прошивкасини олувчи 80 хилдаги Xiaomi, Redmi, Poco ва Black Shark смартфонлари рўйхати

Бу орада эса унинг асосий рақобатчиси – Oppo комрпорациясининг арзончи Realme суббренди айнан шу Redmi Note 10S билан беллашадиган яна бир смартфонини тайёрлабди. Realme Narzo 30 номли мазкур қурилма ҳақида ишлаб чиқарувчининг ўзи ҳозирча маълумот бермаган, аммо гаджет аллақачон тақдимотга тайёр.

Ушбу янги смартфонлардан бирини қўлга киритишга муваффақ бўлган малайзиялик блогер Marc Yeo Tech Review аллақачон Realme Narzo 30 моделининг анбоксинг видеосини эълон қилди:

Шундай қилиб, Realme Narzo 30 телефонида ҳам, худди Redmi Note 10S смартфонидаги сингари, MediaTek Helio G95 процессори қўлланган. Унинг экрани IPS-панелли ва диагоналига 6.5 дюймлик ўлчамга эга. FHD+ форматида тасвир узата олувчи дисплейда кадр янгиланиш частотаси 90 герцга тенг. Телефоннинг бош камераси 48 + 2 + 2 МПлик, селфи сенсори эса 16 МПлик аниқликдадир.

Realme Narzo 30 корпусида иккита SIM-карта ва microSD-карта учун уяча, ён қиррасида бармоқ изи сканери мавжуд. Смартфоннинг аккумулятори 5000 мА/соатлик бўлиб, USB-C порти орқали 30 ваттлик усулда тезкор қувватлана олади. Компания уни қадоқданоқ Android 11 операцион тизими устига қурилган Realme UI 2.0 график қобиғи билан таклиф этади.

Янги смартфоннинг намойиши яқин кунлар ичида бўлиб ўтиши ва уни бозорга тахминан 200-250 долларга тенг нархда чиқаришлари кутилаётир.

ЎҚИНГ: Европаликлар энг кўп қайси брендлар смартфонларини олишяпти?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.