Тақиқлаганингиз бефойда, Facebook барибир сизни пойлаб юрибди!

  •   DiMaX
  •  543
  •  20.12.2019 09:54

Тақиқлаганингиз бефойда, Facebook барибир сизни пойлаб юрибди!

Facebook ижтимоий тармоғи ўз фойдаланувчиларининг хатти-ҳаракатларини кузатиши ҳақида кўп хабарлар берганмиз. Жумладан, у Android-смартфонлардаги қўнғироқ ва SMS-хабарларни кузатишини тан олган, яқинда эса iPhone’ларнинг камерасидан фойдаланиб жосуслик қилаётгани фош этилган.

ЎҚИНГ: Facebook сизни энди Instagram орқали ҳам кузатади!

Яқинда АҚШ сенаторларининг сўровига жавобан Facebook компанияси йўллаган хатда эса яна бир жиҳат ойдинлашди. Унга кўра, фойдаланувчи ўзининг жойлашувини – локацияни кузатишни ўчириб қўйган бўлса ҳам, ижтимоий тармоқ уларни пойлашда давом этаверар экан.

Facebook’нинг тан олишича, фойдаланувчининг айни дамда қаерда эканини у бир неча усуллар билан аниқлар экан. Жумладан, муайян бир жойда туширилган суратларда фойдаланувчини аниқлаш, бирор жойда рўйхатдан ўтганларида қайд этиш орқали. Шунингдек, кишилар унинг иловасидаги «Харидлар» бўлимида қаердадир бирор нима сотиб олганларини белгилашлари ёки бу маълумотни ўз профилларига қўшиб қўйишлари мумкин. Булардан ташқари, интернетга уланган қурилмаларнинг IP-манзиллари орқали ҳам кишининг қаерда эканини кузатса бўлади.

ЎҚИНГ: Facebook ҳақида 12 қизиқ факт

Компаниянинг таъкидлашича, фойдаланувчиларнинг қаерда эканлигини билиш уларнинг хавфсизликлари учун керак эмиш. Дейлик, сиз ҳозир Тошкентда эканингизни Facebook аниқ билади, аммо шу пайтда бошқа бирор жойдан аккаунтингизга киришга уриниш бўлса, ижтимоий тармоқ бундан шубҳаланиб, уни киритмасдан, шахсини аниқлаш учун кучлироқ текширади. Бундан ташқари, фойдаланувчининг жойлашувини билиш унга мос рекламаларни кўрсатиш ҳамда нотўғри маълумотларга қарши курашиш учун ҳам керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қила олмагани учун Facebook’нинг рейтинги пасайиб, яқинда у энг қиммат брендлар ўнталигидан чиқиб кетган. Ўйлаймизки, ушбу ижтимоий тармоқ ҳамда унинг ичидаги турли иловалар (ўйинлар, сўровлар ва ҳоказолар) кузатувини чеклаш йўллари, браузерда сизни Facebook кузатувидан ҳимояловчи кенгайтма ҳақидаги йўриқнома-мақолаларимиз хавфсизлигингизни оширишга ҳисса қўшади.

ЎҚИНГ: Смартфонингиздаги 19 та хавфли илова: Facebook, Messenger, Shareit...

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!