Тарихда биринчи бор: Исроил киберҳужумга авиазарба билан жавоб берди!

  •   DiMaX
  •  1236
  •  06.05.2019 14:45

Тарихда биринчи бор: Исроил киберҳужумга авиазарба билан жавоб берди!

Исроил армияси ўтган дам олиш кунлари Хамас бошлаган киберҳужумни тўхтатганини эълон қилди. Баёнотга кўра, исроилликлар рақамли ҳужум амалга оширилган Ғазо минтақасидаги бинога ҳаводан ҳам ҳужум уюштиришган.

ЎҚИНГ: Яндекс харитаси Туркия ва Исроилнинг ҳарбий объектларини яширишга уриниб, аксинча – фош этиб қўйди!

Умуман, кейинги пайтларда Исроил ва Хамас орасидаги муносабатлар анча кескинлашган, ўтган шанба-якшанба кунлари эса ҳар икки томон бир-бирига қарши ҳаводан ҳужумлар уюштирган. Шанба кунги жанг пайти Исроил армияси Хамаснинг киберҳужум ҳам бошлаганини маълум қилган. Унинг айнан қанақа ҳужум экани аниқ айтилмаётир, аммо The Times of Israel нашрига кўра, хамасчилар Исроил фуқароларининг ҳаёт сифатига зиён етказишга уринишган.

Бу – киберҳужумга қарши реал вақт режимида ҳарбийлар жисмоний ҳужум уюштирган тарихдаги илк воқеадир. Тўғри, 2015 йили АҚШ ҳарбийларининг ёзувларини интернетда тарқатганидан сўнг ИШИДга ҳужум қилинган, аммо бу реал вақт режимида амалга оширилмаган. Хамаснинг киберҳужумига Исроил реакцияси эса зиддиятнинг фаол даврида рақамли ҳужумга жавобан қилинган илк ҳарбий амалиёт сифатида тарихга кирди.

Ушбу воқеа ва унинг моҳияти ҳали келажакда ҳам жиддий саволлар туғдиради. Уруш олиб борилишининг умумий тамойили ва халқаро инсонпарварлик қонунларига кўра, ҳужумга қарши жавоб ҳаракати пропорционал бўлиши лозим. Бунинг устига, исроилликлар ўзлари ҳам тан олиб туришибди – киберҳужумни авиаҳужумдан аввал тўхтатиб ҳам улгуришган экан, унда ҳаводан ҳақиқий ҳужум уюштиришнинг нима кераги бор эди!?

Нима бўлганида ҳам, бу – урушнинг замонавий шакллари ривожланаётгани ҳақида ташвишли сигналдир.

ЎҚИНГ: Замонавий ядро уруши қандай оқибатларга олиб келади

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!