«Тарошланган» Android’ли Nokia 3310 (2018) модели 4G’да ишлайди

  •   DiMaX
  •  2853
  •  29.12.2017 19:06

«Тарошланган» Android’ли Nokia 3310 (2018) модели 4G’да ишлайди

2017 йилги Mobile World Congress кўргазмасида тақдим этилган замонавий смартфонлардан кўра Nokia 3310 (2017) телефони кўпроқ эътиборга сазовор бўлганидан хабарингиз бор. Ушбу қадимий брендни «қайта тирилтирган» HMD Global компанияси бу телефоннинг оммабоплигидан келиб чиқиб, кейинчалик  учинчи авлод – 3G уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватловчи талқини бўлмиш Nokia 3310 3G моделини ҳам ишлаб чиқарди.

ЎҚИНГ: Янги талқиндаги Nokia 3310 тақдим қилинди

Бугун маълум бўлишича, 2018 йилда HMD Global мазкур телефоннинг янада замонавий талқини – Nokia 3310 (2018) ёки Nokia 3310 4G русумли қурилмасини ишлаб чиқаради. Бу телефон Android’нинг очиқ чиқиш коди асосида яратилган YunOS операцион тизими бошқаруви остида ишлайди.

Мазкур қурилма ҳақидаги маълумотлар Хитойнинг TENAA, яъни Телекоммуникациялар агентлигида сертификациядан ўтганида «қўлга тушган». У ерда мазкур модел TA-1077 номи билан рўйхатдан ўтган, деб ёзади Android Community нашри.

ЎҚИНГ: Путин жамоаси учун махсус шоҳона iPhone X ва Nokia 3310 яратишди

Nokia 3310 (2018) ташқи кўриниши жиҳатидан 2017 йилдаги моделдан фарқ қилмайди. Бу янгича «ғишт» телефоннинг олдинги иккита «авлоди»дан фарқи – тўртинчи авлод 4G уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватлашида ва операцион тизимидадир. Дастлаб тақдим этилган Nokia 3310 (2017) модели 2G тармоғида ишлайди ва Feature операцион тизимига эга. Унинг 3G тармоғини қўллаб-қувватлайдиган талқинига эса s30+ операцион тизими ўрнатилган. Келаси йили ишлаб чиқариладиган янги «трубка» эса YunOS тизими бошқаруви остида ишлайди. YunOS – нисбатан кучсиз телефонларга мўлжаллаб Alibaba томонидан Android базасида яратилган, «тарошланган» операцион тизимдир.

Бу дегани – гарчи Nokia 3310 4G тугмачали телефон бўлса-да, унга биз замонавий Android-қурилмаларда ишлатишга одатланган айрим иловаларни ўрнатиб, бемалол ишлатишимиз мумкин бўлади. Фақат, тугмачали телефоннинг хусусиятларидан келиб чиқиб, уларда маълум бир чекловлар бўлади. Эҳтимол, WhatsApp, Viber ва Telegram сингари энг оммабоп айрим иловаларнинг бу каби телефонларга мослаб «тарошланган» талқинини ҳам чиқаришар.

ЎҚИНГ: Янгиланган Nokia 3310 ҳақида билишингиз керак бўлган 8 маълумот

Ҳозирча Nokia 3310 (2018) телефонининг қачон ва қандай нархда бозорга чиқарилиши ҳақида маълумот йўқ. Бу борада янгилик бўлиши билан хабар берамиз – биздан узоқлашманг.

Nokia 3310 (2017) ва бу бренднинг бошқа телефонлари эса юртимиз бозорларида сотилмоқда.

ЎҚИНГ: «Малика»да ҳамёнбоп Nokia телефонларининг сўмдаги нархлари (2017 йил 3 октябрь)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!