Тайванда ақлли кўзойнаклар ишлаб чиқариш қайта йўлга қўйилди. Google эса бунга бефарқ эмас

Тайванда ақлли кўзойнаклар ишлаб чиқариш қайта йўлга қўйилди. Google эса бунга бефарқ эмас

Ўтган ой ўтказилган Тайпей технология шоусида тақдим этилган кўзойнакни тақиб кўрганингизда, худди жарроҳлар каби тананинг ички қисмини кўриш имкониятига эга бўлар эдингиз.

Jorjin Technologies компаниясининг вазн жиҳатидан енгил ва фойдаланишга қулай бўлган бу кўзойнаклари Computex Taipei кўргазмасининг "Тайванда ишлаб чиқарилган" бренди остидаги ақлли кўзойнаклар намойишида асосий эътиборни ўзига қарата олди.

Бутун дунёнинг қурилмавий таъминоти маркази сифатида тан олинган Тайванда асос солинган Jorjin Technologies ва бошқа қатор 16 та компания 2011 ва 2013 йилларда Google Glass'нинг тақдим қилиниши билан кенг оммани ҳайратга солган ақлли кўзойнакларни такомиллаштиришни йўлга қўймоқда.

Бироқ кўзнинг рўпарасида матн, об-ҳаво маълумоти, хариталар ва бошқа маълумотларни кўрсатиб берувчи кўзойнаклар тақдим қилган Google'ни айнан кенг жамоатчилик "йўлдан оздирган". Google кўзойнакларининг биринчи версияси оммавий равишда ишлаб чиқарилиб, ҳамма учун мўлжалланган эди. Бироқ, май ойида бизнесменлар учун мўлжалланган Google Glass Enterprise Edition 2 кўзойнаги тақдим қилинди.

Тайван Ақлли кўзойнаклар саноати ассоциацияси бош котиби Ченг Ю-чжунгга кўра, тайванлик дастурчи-муҳандислар бу соҳанинг равнақини бир неча йил илгари олдиндан кўра билган ва тадбиркорлар учун махсус яратилган кўзойнаклар ишлаб чиқаришга киришган. Google'нинг янги соҳада қилган уринишлари муваффақиятсиз бўлганлиги расман тан олинган. Тайванда "саноатнинг вақт ўтиши билан янада ривожланиб боришига умид қиламиз", дея давом этади Ченг.

Тўлиқ таъминот занжири

Тайван иқтисодида ақлли кўзойнаклар сектори унчалик ҳам катта улушга эга эмас, бироқ рақамлар ўсиб бормоқда. ReportLinker бозор тадқиқоти ташкилотининг башоратига кўра, 2022 йилга қадар бутун дунё бўйлаб смарт кўзойнаклар бозори қиймати 20 млрд АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Маълумот учун 2017 йил бу кўрсаткич 340 млн долларни ташкил этган эди. Google Glass'дан кўчирмачилик қилиш Тайванга хос эмас.

North ҳамда Vuzix каби Америка фирмалари ҳам ўзларининг 1000 доллардан қиммат турувчи ақлли кўзойнакларини тақдим қилган. Бироқ бу компаниялар фақатгина тадбиркорлар аудиторияси билан чегараланиб қолган эмас.

Японияда эса Epson компанияси тижорий ҳамда кенг кўламда сотиш учун смарт кўзойнаклар ишлаб чиқармоқда. Бироқ, таъкидлаш керакки, Epson ҳам тадқиқот ва рижовланиш борасидаги фаолиятининг катта қисмини айнан Тайванда амалга оширади.

"Тайван IT саносатининг асосий марказларидан бири бўлганлиги учун ҳам бу соҳа билан шуғулланувчи турли компаниялар бутунбошли қурилмавий таъминот занжирини ҳосил қилади. Бу эса Тайван юқоридаги қурилмавий таъминотни дастурий таъминот билан бирлаштириш учун қулай нуқта деганидир", дея тушунтиради маҳаллий савдолар вакили Се Сю-цю.

Илк кўзойнаклари 2011 йилда сотувга чиққан Epson ҳозирга келиб бизнес мижозлари учун тўлдирилган реаллик технологияси (ТР)да ишловчи ақлли кўзойнаклар яратишга уринмоқда.

Мамлакатда истеъмол товарлари таъминоти тармоғи аввалдан мавжуд бўлгани сабабли ҳам саноат Тайванда бошқа давлатларга нисбатан тезроқ ривожланади.

Оролдаги компаниялар 1980 йиллардан буён шартнома асосида шахсий компютер, планшет, телефон ва бошқа акcессуарлар чиқариб келмоқда.

Овоз ва сенсор буйруғи билан ишловчи смарт кўзойнаклар кўп жиҳатдан телефон ва планшетларга ўхшашдир. Бу эса, асосан, яримўтказгичлар таъминотчиси ва йиғувчиси бўлган оддий маҳаллий компаниялар ҳам маҳсулотларини осонлик билан ақлли версияга кўтарилишлари мумкин деганидир.

"Тайваннинг смарт кўзойнаклар тармоғи бошқа маҳсулотлар тармоғи кабидир, яъни биз бу саноат билан етарлича яхши танишмиз", дейди Ченг.

АҚШнинг Гартнер бозор тадқиқоти фирмаси катта назарий таҳлилчиси Туонг Нгуеннинг айтишича: "Кўзга тақиладиган дисплей яратиш учун оламшумул кашфиёт қилиш шарт эмас, фақатгина дизайн ва эргономика соҳаларини бирлаштиришнинг ўзи етарлидир".

Технологияга қизиқиш билдираётган маҳаллий мижозлар

Смарт кўзойнаклар устида ишлаётган маҳаллий компаниялар қаторига Coretronics Corp. оптика фирмаси, шахсий компютерлар ишлаб чиқарувчи Quanta Computer корхонаси ҳамда смартфон ишлаб чиқарувчи HTC компаниялари киради. Ченгнинг сўзларига кўра, маҳаллий мижозларнинг кучли қизиқиши саноатнинг ривожланишига катта наф келтирмоқда. Мамлакатнинг асосий саноат тармоқлари ақлли кўзойнаклар учун кўплаб миқдорда буюртмалар бермоқда. Улар қаторига логистика билан шуғулланувчи, текстил ва яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчи корхоналар киради.

Бизнес мижозлар эса, асосан, ТР технологиясини қўллаб-қувватловчи, енгил вазнли, жаррроҳлик амалиёти учун мўлжалланган голографик кўзойнакларга қизиқиш билдирмоқда.

Яъни улар маълум бир вазифани амалга ошириш учун компютерда яратилган тасвирни ҳақиқийдек (3D форматда) кўрсатувчи кўзойнак хоҳлашмоқда.

ТР технологиясида ишловчи кўзойнаклар кўпинча бошқа қурилма, масалан, компютерга уланмаган ҳолда ҳам мустақил ишлай олади.

Баъзиларининг линзасига камера ҳам ўрнатилган бўлиб, фойдаланувчи ҳаракатланаётганда атрофнинг камера объективи орқали кўрилаётган тасвири билан ТРли тасвирларни бирлаштириш имконини беради.

Ченгнинг айтишича, Тайванда ақлли кўзойнаклардан юқоридаги каби мақсадлар учун фойдаланилиши кейинчалик бошқа давлатлар, масалан, АҚШда ҳам татбиқ қилиниши мумкин.

ЎҚИНГ: Redmi, Huawei, OnePlus ва Vivo смартфонлари учун экраности бармоқ изи сканери ишлаб чиқараётган компания

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.