"Tchau Telegram" – Дуров мессенжери Бразиляда блокланди

Telegram мессенжери Бразиляда, яна, блокланди. Давлат Олий суди Telegram'ни неонацистлар гуруҳлари ва уларнинг аъзолари ҳақидаги барча маълумотларни тақдим этмаганлиги сабабли фойдаланишдан чеклади.

Маълум бўлишича, буйруқ доирасида мамлакатдаги Vivo, Claro, TIM ва Oi алоқа операторларига иловага киришни чеклаш, ҳамда, AppStore ва Play Store эгалари, яъни Apple ва Google компанияларига мессенжер иловасини ўз иловалар дўконлари олиб ташлаш буюрилган. Шунингдек, Telegram аввалги суд қарорларини бажармаган ҳар куни учун 1 миллион бразил реалида жарима белгиланган.

Юқорида айтилганидек, Telegram'нинг Бразиляда блокланишига асосий сабаб унинг неонацистлар гуруҳлари ва уларнинг аъзолари ҳақидаги маълумотларни тақдим этмаганлиги сабаб бўлган. Гап шундаки, ўтган йилнинг ноябрида мамлакатнинг Аракруз ҳудудидаги мактабларда содир бўлган отишмада 4 киши ўлдирилган, 10 дан ортиқ одам эса яралган. Ва буни амалга оширган 16 ёшли жиноятчининг Telegram'даги антисемитик гуруҳлар билан алоқаси борлиги аниқланган. Шундан кейин Бразилия федерал полицияси 19 апрел куни Telegram'дан ушбу гуруҳлар аъзолари, администраторлари ва уларнинг телефон рақамларини беришни сўраган.

Telegram Бразиляда блоклангандан кейин Downtector шу ҳақдаги шикоятлар билан тўлган. Фото: Reprodução (G1 орқали)

Аслида Telegram мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига 21 апрел куни айрим маълумотларни улашган, бироқ улар етарли бўлмаган. Олий суд Telegram'ни блоклаш буюруғини чиқарганидан сўнг, чоршанба куни Бразиля вақти билан тунги 9:30 дан кейин Telegram билан алоқа батамом узилган.   

Таъкидлаш жоизки, бу Telegram'нинг Бразиля илк бор блокланиши эмас. Ўтган йилнинг март ойида ҳам мессенжер айтилган буйруқларни бажармаганлиги сабаб мамлакатда бан қилинганди, лекин кейинроқ Павел Дуров бунинг учун узр сўраб чиққанидан бир неча кун ўтиб чеклов олиб ташланган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!