Текис монитор олган яхшими ёки букланадиган? Нимага иккаласи ҳам эмас?

Текис монитор олган яхшими ёки букланадиган? Нимага иккаласи ҳам эмас?

Геймерлар, компютер қурилмалари ишлаб чиқарадиган Corsair компанияси иккитаси бирда бўлган янги мониторни тақдим қилди. Гап шундаки, Xeneon Flex 45WQHD240 номли монитор букланадиган хусусиятга эга, яъни ундан эҳтиёжга қараб текис ёки букланган ҳолатда фойдаланиш мумкин.

Маълум бўлишича, букланувчи дисплей LG Display'нинг W-OLED панелига асосланган бўлиб, Corsair ўзининг Xeneon Flex мониторини ишлаб чиқаришда кореялик компания билан яқиндан ҳамкорлик қилган. Қизиғи шундаки, LG Display ўтган йилги CES кўргазмасида тақдим қилган моторлар ёрдамида ўзи букланадиган/текисланадиган монитор прототипидан фарқли ўлароқ, Corsair'нинг янги мониторини унинг икки ён четида жойлашган ушлагичлар билан қўлда букишингиз керак бўлади. Унданам қизиғи шундаки, сиз мониторнинг чап ёки ўнг томони эгрилигини ўзингиз тўғирлашингиз, яъни бир томонни текис, бошқа томонни эгри қилиб олишингиз мумкин. 

Техник хусусиятлари ҳақида гапирадиган бўлсак, монитор 45 дюймли, 3,440х1440 резолюциядаги, томонлар нисбати 21:9 бўлган ултра кенг панелга эга бўлиб, унинг янгиланиш тезлиги 240 герц, энг юқори ёрқинлиги эса 1000 нитсни ташкил қилади. Максимум букланувчанлиги 800R (R - радиус). Шунингдек, монитор HDMI, DisplayPort, USB-C, USB-A ва наушник уясига эга.

Афсуски, ҳозирча Xeneon Flex'нинг қачон сотувга чиқарилиши ва нархи ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас.

ЎҚИНГ: Qualcomm компанияси Snapdragon 6 Gen1 чипини тақдим этади

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!