Телефон сувга тушиб кетса нима қилиш лозим?

Телефон сувга тушиб кетса нима қилиш лозим?

Албатта, биринчи ўринда саросимага тушмаслик керак. Туну кун ажралмайдиган ҳамроҳи ишдан чиқиши, телефон рақамлари ва керакли файллар ўчиб кетишидан ким ҳам ташвишланмайди? Аммо ортиқча саросима смартфонингизга зарар етказиши мумкин. “Бир сонияда ичига сув кирармиди”, деган шошилинч хаёлда аппаратни ёқиш ёки зарядга улашга асло киришманг! Бу телефон учун ўнглаб бўлмас оқибатга олиб келади.

Қуйида сувга тушиб кетган телефонни тиклаш чораларини келтирамиз.

1. Аввало, телефонни қувватсизлантириш керак. Аппаратнинг батареясини дарҳол чиқариб олинг, бунинг иложи бўлмаса Power тугмасини босиб тез ўчиринг. Ҳеч қачон телефонни ёқиш, айниқса, токка улаш керак эмас, ҳаттоки, корпуси қуруқ бўлганда ҳам. Сув токни аъло даражада ўтказади, микроэлектроник қурилмаларида эса ток линиялари ораси шунчалик яқинки, бир томчи сув ўтказгичларнинг бир қанчасини қисқа туташувга олиб келиши мумкин. Сув томчиси қуриса ўзидан оксид плёнка қолдиради, у ҳам токни ўтказади.

2. Токни узгач, аппаратни қуритишга киришамиз. Бироқ зинҳор фен ишлата кўрманг – у сувни ичкарига суради ва тор тирқишлардан сувни чиқариб ташлаш янада мушкуллашади холос. Яхшиси телефонни оддий қоғоз салфетка билан артиш, аккумулятор бўлмасини очиш ҳамда зарядлагич ва қулоқлик улагичларини кўздан кечириш лозим. Қуруқ салфетка намни яхши шимади. Кимдир иситкич устида, бошқа биров қуёш нурида қуритишни маъқул кўради, бу усуллар ҳам яхши, аммо вақт талаб қилади. Духовка ёки микротўлқинли печда қуритишни хаёлингизга келтирманг, тажрибали уста ҳам қайта тиклай олмайдиган аҳволга келиши мумкин. Устага қанча тез элтсангиз, тузалиш эҳтимоли шунча ортади.

3. Юқорида келтирилган тавсияларни бажардингиз, аммо яқин-атрофдаги устахонага элтишга вақтингиз йўқ. Унда телефондаги намликни батамом шимитиб олиш керак. Корпусини ажратиб, нам шимувчи материалга яхшилаб ўраб қўйинг. Шимувчи материал сифатида оддий салфетка, силикагел (пойабзал ва техника соладиган қутилардаги пакетда бўлади) ёки Always Ultra каби аёлларнинг воситаларидан фойдаланиш мумкин. Ушбу материаллар ўз оғирлигидан ўн баробар кўп суюқлик шимади. Дарвоқе, болаларнинг памперс таглигини ҳам ишлатсангиз бўлади.

Айримлар намни шимитиш учун гуруч ёки турли ёрмаларни маслаҳат беришади, аммо бу воситаларнинг нафи кам. Баъзилар эса телефонни қуритиш ўрнига спиртга ботиришни таклиф этади, гўёки намни ўзига тортиб олармиш. Аммо дорихонада сотадиган тиббий спирт 70 даражагача бўлади, яъни 30 фоизи сувдан иборатдир. Борингки, 96 фоизли спиртингиз бўлган тақдирда ҳам у электрон қурилмангизни шикастлантиришини ёдда тутинг. Спирт дисплей ёритқичини (подсветка) ишдан чиқаради, микрофон ва фотоаппарати ҳам зарарланади. Ароққа ботириш эса умуман тавсия қилинмайди, чунки ичкилик нафақат инсон, техникага ҳам зарар келтириш эҳтимоли катта.

4. Аммо сувга тушган телефонни барибир устахонага олиб боришингиз лозим. Сув телефонга етказган зарар бирмунча қимматга тушади, таъмирлаш осон эмас. Яхши тузалмаса, қуйидагича асоратлари қолади:

Телефоннинг заряди тез тугайди. Муҳим элементларда оксид қолса, қисқа туташув содир бўлиб қувватни “еб қўяди”.

Зарядлаш ёки гарнитура улагичининг контакти сезгирлигини йўқотади.

Динамик ва микрофон фаолиятида узилишлар тез-тез юз беради. Ушбу компонентлар контактида қолган оксид плёнка рисоладагидек ишлашига халақит беради.

Схема контактлари узилади. Бу намликнинг энг оғир оқибатидир. Кавшарланган жойларида контактлар шикастланиши натижасида микроток таъсири билан қалайлар уваланади. Атиги 20 см баландликдан ташланса, плата тамом ишдан чиқиши мумкин. Агар кўзга илинадиган жойидаги нуқсон бўлса, тажрибали уста созлай олади. Мабодо микропроцессорнинг кўз илғамас контактлари бузилса, аппаратингиз билан хайрлашаверинг: уни тузатишнинг иложи йўқ, бўлганда ҳам телефоннинг ўзидан-да қимматга тушади.

Дарвоқе, энг биринчи маслаҳатимизни ёдда тутинг, яъни саросимага тушманг, ҳаммаси яхши бўлади.