Телефон тутган ўқувчи: ундан ёки ота-онасидан ўқитувчи илтимос қилиши керакми?

  •   DiMaX
  •  1815
  •  04.04.2019 17:12

Телефон тутган ўқувчи: ундан ёки ота-онасидан ўқитувчи илтимос қилиши керакми?

Ўзбекистон таълим муассасаларида телефондан фойдаланиш тақиқланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган, деб ёзади ЎзА.

ЎҚИНГ: Мактаб ёки университетда уяли телефон ишлатганларга қандай жазо берилади?

Юқоридаги қарорга кўра, таълим олувчи, ходимлар, шу жумладан ўқитувчилар ва бошқа шахслар муассасага киришдан олдин телефонини ўчириб қўйиши ёки овозсиз режимга ўтказиши шарт.

Ўқувчиларга машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси, яқин қариндошлари, мактаб раҳбарлари ёки ходимлари билан боғланиш мақсадида телефондан фойдаланишга рухсат этилади.

Фавқулодда вазиятлар вужудга келган тақдирдагина таълим муассасаларида телефондан фойдаланиш чекланмайди.

Хўш, бугун бу қоидалар амалдами?

Мактабда телефондан фойдаланмасликни ота-оналарга ҳам, ўқувчиларга ҳам кўп айтганмиз, – дейди бошланғич синф ўқитувчиси Шаҳло Ихлосова. – Афсуски баҳона кўп. Бири уйим узоқ, дейди, бири уйда ёлғиз, хабар олиб туришимиз керак, дейди. Ҳали ҳам бошланғич синф ўқувчилари ҳозирча гапимизга қулоқ тутади, юқори синфга ўтишса нима бўлади, билмадим. Ўқувчиларимнинг телефони синфга кирганидан олиб қўяман, кетаётганида бераман. Лекин бу ечим эмас.

Қатъий талабларга амал қилинмас экан, ўқувчилар ва талабалар дарс пайтида ёки ўқув биносида бемалол телефондан фойдаланаверади.

Ўғлим 9-синфда ўқийди, – дейди Гулбаҳор Холиқулова. – Телефон олиб бермагунимизча ҳоли-жонимизга қўймади. Нима эмиш, ҳамма ўртоқларида телефон бор эмиш. Ишлатмаса бўлмасмиш. Дарс вақтида ишлатмасликни қаттиқ тайинлаймиз. Лекин устозининг айтишича, ҳар доим ҳам бунга амал қилмас экан. Уйда ҳам топиб олган иши телефон. Койисам «телефондан китоб ўқияпман», дейди. Ҳайронман.

ЎҚИНГ: ДИҚҚАТ: ёнингиздаги смартфон ақлингизни пасайтиради!

Америкалик олимлар мактаб ўқувчиларининг телефонга қанчалик муккасидан кетганини илмий жиҳатдан ўрганган. Маълум бўлишича, ўқувчилар ҳар 10 дақиқада қўлига телефонини олади. Энди тасаввур қилиб кўринг, дарс вақтида боланинг хаёли неча марта бўлинади.

Швед профессори Лейф Селфорднинг фикрича, ҳозирги авлод ўсмирлари мобил телефондан фойдаланиши сабабли эрта қарий бошлар экан.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган таълим муассасаларидаги ҳолатни ким тасвирга олаяпти? Ўқувчилар, албатта. Буни оқлайдиганлар ҳам бордир, эҳтимол.

Бундай ножўя ҳаракатларни видеога олиш чегарадан чиқадиган мутахассисларни озгина бўлса ҳам чўчитиб туради, дейишингиз ҳам мумкин.

Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Эътибор берилса, ўқитувчи жон куйдириб дарс бераяпти. Болаларнинг хаёли эса телефонда. Шундай сохта таълим олаётган, шунчаки бориб келаётган, лекин қизиқ ҳодисани видеотасвирга олаётган фарзандларимиздан фахрланаяпмиз гоҳида. Уларнинг келажаги ҳақида ўйламаяпмиз.

Икки йилдан буён телефон ишлатаман, – дейди 11-синф ўқувчиси Фарангиз Обидова. – Ойим қаердалигимни билиб туриш учун олиб берган, тез-тез қўнғироқ қилиб туради. Ижтимоий тармоқларда профилимга эгаман. Ўйин ҳам ўйнайман. Тўғрисини айтганда дарсимдан ҳам кўра кўпроқ вақтимни телефон олади. Зарарли эканини, дарсда ишлатиш мумкин эмаслигини яхши биламан. Аммо ўрганиб қолганман.

Хулоса ўзингиздан.

ЎҚИНГ: Бугун «наушник», эртага қулоқ аппарати…