Телефонингизни топиб берувчи бепул Android-илова

  •   DiMaX
  •  9660
  •  13.01.2018 12:10

Телефонингизни топиб берувчи бепул Android-илова

Ҳаётда турли вазиятлар бўлади – баъзида смартфонингизни қаерга қўйганингизни эслай олмайсиз. Аксига олиб, овозини ўчириб ёки пасайтириб қўйгансиз – унга қўнғироқ қилишнинг фойдаси йўқ. Телефонингиз қаердадир шу атрофда, аммо топа олмаяпсиз. Хўш, шунақа ҳолатларда нима қилган бўлардингиз?

ЎҚИНГ: Ўғирланган смартфонни топса бўлади!

Шу каби вазиятлар учун ишлаб чиқилган махсус илова бор – Where’s My Droid деб номланган. Мазкур бепул дастурни смартфонингизга ўрнатиб қўйсангиз, йўқолган смартфонингизни осонгина топа оласиз.

Бунинг учун иловани смартфон ёки планшетингизга ўрнатгач, махсус кодли сўз киритиб қўясиз. Қачонки смартфонингизни топа олмай қолсангиз, ундаги ўз рақамингизга бошқа исталган рақамдан ушбу кодли сўзни SMS-хабар тарзида ёзиб жўнатасиз. Шунда Where’s My Droid қурилмангиздаги овозсиз режимни бекор қилади, овозини максимал даражада баландлатади ва виброқўнғироқни ҳам фаоллаштиради. Шундан сўнг ўз рақамингизга қўнғироқ қилиб, телефонингизни осонгина топиб олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: iPhone, Android смартфон йўқолса, қандай қилиб излаш мумкин?

Ўзингиз созлашингизга қараб, Where’s My Droid иловаси смартфонингиздаги стандарт қўнғироқ мусиқасининг (ёки сиз ўрнатган мусиқанинг) ўрнига шовқин чиқариши ҳам мумкин. Бунақа товушни инсон қулоғи жуда яхши илғаб олади ва телефонни топиш янада осон кечади.

Дастур қурилмани топиш учун GPS тизимидан ҳам фойдалана олади, аммо бунинг учун телефонингизда GPS-навигация функцияси фаол ҳолатда турган бўлиши лозим. Шунингдек, ҳар эҳтимолга қарши, Where’s My Droid иловасида созламаларни пароль билан ҳимоялаш функцияси ҳам татбиқ этилган. Бундан ташқари, унда SIM-картаси алмаштирилган ҳолатда смартфонни топиш функциясини ҳам фаоллаштирсангиз бўлади.

Агарда ўз смартфонингизда ўта шахсий ёки махфий маълумотларингизни сақлайдиган бўлсангиз, у ҳолда пулли Where’s My Droid Pro версиясини ўрнатиб олсангиз ҳам бўлади. Бу талқинида смартфон йўқолган ҳолларда уни масофадан туриб форматлаб – ичидаги маълумотларни йўқ қилиб юбориш функцияси ҳам мавжуд.

ЎҚИНГ: Android’дан йўқолган маълумотлар қандай қайта тикланади?

Бепул Where’s My Droid дастурини мана бу ҳавола орқали смартфонингизга ўрнатиб олишингиз мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!