Telegram 7.3 чиқди: Овозли чатлар ва бошқалар

  •   DiMaX
  •  3167
  •  23.12.2020 15:07

Telegram 7.3 чиқди: Овозли чатлар ва бошқалар

Ўзбекистонда энг оммавийларидан бўлган Telegram мессенжери 7.3-версияда тақдим этилди. Унинг жамоаси мазкур талқиндаги муҳим ўзгаришларни махсус мақола тарзида эълон қилди ва уни қуйида келтирмоқдамиз.

ЎҚИНГ: Telegram’да телефон рақамингизни алмаштириш бўйича видеоқўлланма

Биз 2013 йилдан буён гуруҳ чатлари имкониятларини кенгайтириб келмоқдамиз. Мазкур етти йил давомида жавоблар, смарт билдиришномалар эга эслатишлар, такомиллашган сўровномалар, администратор воситалари, гуруҳ статистикаси каби функцияларни жорий қилдик, шунингдек, иштирокчиларнинг максимал сонини юз минглабга оширдик. Бу функцияларнинг аксарияти кейинчалик бошқа иловалар яратувчиларини илҳомлантирди ва одамларнинг тармоқда қандай мулоқот қилиш усулларини бутунлай ўзгартирди.

Гуруҳлар эволюцияси девом этади. Бугун Telegram’нинг 2020 йилдаги ўн иккинчи янгиланишида овозли чатлар – иштирокчилар исталган пайтда уланиши мумкин бўлган янги турдаги аудиоконференцияларни тақдим этамиз.

Овозли чатлар

Энди исталган гуруҳда оддий ёзишма билан параллел равишда овозли чатни ишга тушириш мумкин. Матн ва овоз бир-бирини битта муҳитда узвий тарзда тўлдиради.

Оддий чақирувлардан фарқли равишда иштирокчилар вақтни олдиндан келишишлари шарт эмас: овозли чат улар учун ҳар доим очиқ. У хабарлар тарихида из қолдирмайдиган норасмий суҳбатлар учун виртуал офис ёки майдонча сифатида хизмат қилиши мумкин. Йирик ҳамжамиятлар овозли чатларида кутилмаган инсонлар билан танишиш мумкин.

Гуруҳда овозли чатда иштирокчилардан қайси бири ҳозир гапираётгани дарҳол билинади. Агар одамлар қизиқ бўлса, худди қўшни хонадаги ҳамкасблар суҳбатини тинглагандай, уларга қўшилиш мумкин.

Овозли чатга қўшилгач, илова ичида бемалол ҳаракатланишингиз, суҳбатларни кўришингиз ва хабарлар юборишингиз мумкин. Сиз чатга уланган ҳолатда бўласиз ҳамда микрофон бошқарув тугмалари экранда қолади, шу боис ўзингизни исталган пайтда дарҳол сукут қилиш ёки сукутдан чиқаришингиз мумкин.

Android фойдаланувчилари учун овозли чатларнинг қўшимча афзаллиги мавжуд – бошқа ойналардан юқорида бўлиш режими. Бу режимда ҳатто илова фон режимида пайти ҳам микрофонни ёқиш ва чатда суҳбатлашаётганларни кўриш мумкин.

Сиз онлайнда бўлган исталган киши билан суҳбатлашишингиз ёки қулай меню орқали яна бошқа одамларни таклиф қилишингиз мумкин. Овозли чатлар бир неча минглаб фойдаланувчиларни ўзида жамлай олади. Яъни улар оила аъзоларининг ўзаро маслаҳатидан тортиб улкан жонли тадбиргача – барча ҳолатлар учун мос келади.

Барча ҳаракатлар чиройли анимациялар билан бажарилади, бунинг учун дизайнеримиз анча тер тўкишига тўғри келди.

Овозли чат яратиш учун гуруҳ профилини очинг, (⋯) ёки (⋮) белгисини босинг ва Овозли чатни бошлаш бандини танланг.

Умид қиламизки, овозли чатлар худди Telegram гуруҳлари каби одамларнинг ўзаро ҳамкорлик ва мулоқот қилиш усулини ўзгартиради. Келгуси ҳафталарда биз уларни янада яхшилаймиз, фикр-мулоҳазаларингизни тинглаймиз, шовқинни камайтириш имкониятини яхшилаймиз ҳамда видео ва экран намойиши каби яна бошқа функцияларни қўшамиз.

Тезкор тугмалар

Компmютер учун илова ва macOS учун алоҳида иловада бошқа иловалардан фойдаланаётганингизда ҳам Telegram’да микрофонингизни бошқариш учун тезкор тугма танлашингиз мумкин.

Стикерлар силуэтлари

Telegram’даги анимацияли стикерлар енгил ва жонли: улар 50 КБ дан камроқ жойни олади ва сониясига 180 кадр тезликдаги равон анимациялардан фойдаланади.

Бугунги янгиланишда биз стикерлар юкланишини янада тезлаштирдик. Бундан ташқари, энди юклаш пайтида товланувчи силу’тлар кўринади.

Android: Маълумотларни SD-картада сақлаш

Android фойдаланувчилари энди Telegram иловаси маълумотларини ички хотирадан SD-карталарига кўчириши мумкин. Бу мобил қурилма хотираси кичик бўлган фойдаланувчиларга кўпроқ мультимедиа ва файлларни сақлаш ҳамда Telegram’дан янада қулай фойдаланиш имконини беради.

Бошқа иловалардан фарқли равишда, Telegram телефонингизда хотира жойини тежаш имконини беради: илова кешини исталган пайтда тозалаш мумкин (Созламалар > Маълумотлар ва хотира > Хотирадан фойдаланиш) рукнига киринг. Файллар яна керак бўлганда, улар автоматик равишда булутдаги хотирадан юклаб олинади.

Android’да янги анимациялар

Android иловасига янги равон анимациялар қўшилди. Улар Янги хабар тугмасини босганингизда, профилларни очганингизда ва чат жилдларини бошқарганингизда исталган хабарлар ҳисоблагичларида ишлайди.

Таҳрирлашнинг янги имкониятлари

Android фойдаланувчилари энди ўзлари юборган расмларни кучли мультимедиа муҳаррири ёрдамида эффектлар, чизмалар ёки стикерлар қўшиш учун тезда таҳрирлаши мумкин. iOS фойдаланувчилари ўзлари олган расмни тезда таҳрирлаш ва қайта юбориш учун қалам тугмасини босиши мумкин.

Бу функцияларнинг ҳар бири аввал фақат платформалардан бирида мавжуд эди, лекин энди iOS ва Android селфиларга мўйлов чизиш учун бир хил имкониятлар таклиф қилади.

Хабар ёки изоҳни таҳрирлашда максимал узунликка яқинлашганингизда сизда қанча белги қолганлигини кўрсатувчи ҳисоблагич чиқади.

Янги анимацияли эможилар

Биз ҳар бир янгиланишда анимацияли эможиларни қўшишда давом этмоқдамиз. Одатдагидек, улардан  бирини чатда олиш учун шунчаки битта эможили хабар юборинг.

Янги функцияларни таклиф қилиш платформаси

Аксарият Telegram функциялари фойдаланувчилар ғоя ва таклифларини инобатга олган ҳолда киритилган. Биз эҳтимолий янги функцияларни аниқлаш ва иловадаги хатоларни топишда ёрдам бериши учун оммавий хато ва таклифлар учун платформани ишга туширмоқдамиз.

Унутманг, платформа айни вақтда фақат битта тил – инглиз тилида ишлайди. Бу бутун дунёдан фойдаланувчиларимиз барча тилларда ўнлаб бир хил таклифларни яратмасликлари учун зарур.

Платформа ҳар бир мурожаатга етарли эътибор қарата олишимиз учун босқичма-босқич ишга туширилади. Барча Telegram фойдаланувчилари юборилган мурожаатлар рўйхатини кўриши ва уларга овоз бериши мумкин.

Бугунча шулар. Биз сиз билан 2021 йилда ёки кейинги катта янгиланиш устида ишлашни якунлаганимизда (қайси бири биринчи келганида) кўришамиз.

Telegram жамоаси,

2020 йил, 23 декабрь

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!