Telegram-аккаунтингизга энди компьютер ёки ноутбукда SMS орқали киролмайсиз!

  •   DiMaX
  •  652
  •  22.04.2021 12:44

Telegram-аккаунтингизга энди компьютер ёки ноутбукда SMS орқали киролмайсиз!

Куни кеча Telegram мессенжерининг барқарор, мустақил Android талқини – Telegram Direct версияси чиққан эди. Лекин Павел Дуров асос солган ушбу платформанинг компьютерларга мўлжалланган ҳамда веб-версияларида антиқа чеклов пайдо бўлди, деб ёзади Telegram Info канали.

ЎҚИНГ: Telegram’да товарлар ва хизматларнинг тўғридан-тўғри савдоси йўлга қўйилади

Хабарингиз борки, ушбу мессенжерда авторизация қилишингиз, яъни мавжуд аккаунтингизга киришингиз учун код сизнинг бошқа гаджетингизда очиқ турган Telegram-аккаунтингизга хабар орқали, шунингдек телефон рақамингизга SMS-хабар орқали юборилади. Маълум бўлишича, шу иккинчи усул ҳозир мессенжернинг компьютер ва ноутбуклар учун ишлаб чиқилган дастурларида, шунингдек веб-версияларида ишламай қолган.

Манбага кўра, Telegram Desktop ҳамда Telegram MacOS клиентлари ҳамда мессенжернинг барча расмий веб-версиялари (Webogram, WebK, WebZ, React) энди авторизация кодини SMS орқали жўнатмай қўйган. Энди компьютерлардан ўз Telegram-аккаунтингизга киришингиз учун, ёнингизда аллақачон шу аккаунтингиз очиқ бўлган мобил қурилма бўлиши керак.

Telegram Info каналининг таъкидлашича, бу янги чеклов антиқа ва ноқулай. Агар ёнингизда авторизация амалга оширилган смартфон бўлмаса, у ҳолда бошқа бир гаджетда Telegram клиентини юклаб олиб (ёки ёнингиздаги кимнингдир Telegram мессенжерли смартфонини олиб туриб), ундан ўз аккаунтингизга киришингиз, кейин унга келган хабардаги код ёрдамида компьютердаги Telegram дастурида авторизация қилишингиз керак бўлади.

Қизиғи – SMS ёрдамида авторизация қилиш имкони мессенжернинг мобил клиентларида, шунингдек Telegram Desktop’нинг норасмий версияларида бинойидек ишлаяпти. Telegram дастурчилари бу вазият борасида ҳозирча бирор расмий изоҳ беришмаяпти. Лекин бу янги функция хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам ўзини оқламаслиги кўриниб турибди.

ЎҚИНГ: Хорижга чиқишга «тақиқ» бор-йўқлигини Telegram-бот орқали текшириш мумкин

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!