Telegram асосчиси Дуров: Кремний водийсига кўчмаслик учун 7 сабаб

  •   DiMaX
  •  1823
  •  08.05.2020 10:04

Telegram асосчиси Дуров: Кремний водийсига кўчмаслик учун 7 сабаб

Яқинда Кремний водийси (Силикон водийси, Силиконовая долина – Silicon Valley) ҳақида Юрий Дудь тайёрлаган фильм чиқди: унда муҳожир тадбиркорлар АҚШга кўчиб ўтишнинг фойдалари ҳақида сўзлаб беришган.

ЎҚИНГ: Павел Дуров: Кремл билан жанг, саргардон умр, Telegram ва қиймати ошаётган биткойнлари

Telegram асосчиси Павел Дуров эса Силикон водийсида ишламаслик учун еттита сабабни кўрсатган. Тадбиркорнинг бу хабарини  Telegram Uzbekistan канали ўзбек тилига ўгириб чиқарган ва унда шундай дейилади:

Юрий томонидан суратга олинган фильмнинг кўплаб қаҳрамонлари билан шахсан таниш бўлганимдан, улар камерада эълон қилган нарсалар ва улар билан бўлган шахсий суҳбатлардаги нарсаларда фарқ борлигини пайқадим. Сюжетдаги барча таниш ишбилармонлардан мен АҚШдаги ҳаётнинг салбий тарафлари ҳақида бир неча бор эшитганман. Энди улардан бири вақтининг ярмини ўз ватанида ўтказмоқда, бошқаси Европага қайтиб келганига бир неча ой бўлди, учинчиси америкаликлардан кўнгли қолди ва ўз атрофида «кичик Россия» барпо этмоқда.

Умуман олганда, фильмдаги қаҳрамонлар камерага битта америкалик фазилатни намойиш этади – ўткир бурчакларни четлаб ўтиб, ижобий томонларга урғу бериш. Янги авлод тадбиркорларини ўз ўтмишдошларининг хатоларини такрорлашдан огоҳлантириш мақсадида мен Американинг камчиликлари ҳақида сўзлаб беришни ўзимнинг бурчим деб биламан. Қуйида сиз Кремний водийсига кўчмаслигингизнинг 7 сабабини тақдим этаман.

  1. Полиция давлати

Озодлик мамлакати тимсолига қарамай, АҚШ – қаттиқ полиция давлати бўлиб, қамоқхонада бўлганлар сони бўйича етакчи ҳисобланади. Америкадаги маҳбуслар сони Финляндия, Германия ёки Нидерландияга нисбатан 10 баравар кўп. Агар бу сизга таъсир қилмайди деб ўйласангиз, мен ўрнингизда унчалик амин бўлмас эдим: фильмдаги Водийни реклама қилган тадбиркорлардан ҳеч бўлмаганда биттаси АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ноҳақ ҳаракатларидан ва улар устидан олиб борилган кузатувлардан азият чеккан. Айтганимдек, 2016 йилда Сан-Францискога сафаримиз чоғида биз Telegram’да ФБР’нинг босимига дуч келганмиз.

ЎҚИНГ: Павел Дуров ходимларини АҚШ махсус хизмати “сотиб олиш”га уринганини айтди

  1. Чўнтак кўтармайдиган соғлиқни сақлаш

АҚШ соғлиқни сақлаш тизими самарасиз ва қиммат, шунинг учун кўплаб муҳожирлар даволаниш учун Шарқий Европага учишади, чунки бу арзонроққа тушади. Ўртача олганда, АҚШ аҳолиси соғлом эмас: ривожланган давлатлар орасида семизлик бўйича АҚШ биринчи ўринда. Бунинг эҳтимолий сабаблари заиф назоратга эга бўлган озиқ-овқат саноати, паст озиқ-овқат маданияти ва стрессдир.

  1. Чекланган маданий ҳаёт

Кремний водийси – маданий ҳаёти чекланган бир неча қишлоқлардир. Энг яқин бўлган шаҳар Сан-Франциско ҳам мегаполис эмас, аммо у ерда ҳам жиноятчилик даражаси юқори ва уйсизлар сони кўпдир. Қизиғи шуки, Сан-Франциско менинг саёҳатларим тарихида шаҳарнинг марказида кун давомида менга ҳужум қилинган ягона жойдир.

ЎҚИНГ: Telegram асосчисининг фикрлаш ва иш самарадорлигига олиб келувчи ҳаётий тамойилларини ўрганамиз

  1. Ўртамиёна ўрта таълим

Америка Қўшма Штатларидаги ўрта таълим сифати бошқа ривожланган давлатларникидан паст. Ўрганиб чиқилган 79 мамлакатдан мактабларда математикани ўқитиш сифати бўйича Америка атиги 38-ўринни эгаллайди. Дастурлаш бўйича жаҳон чемпионатларидаги Американинг таниқли олийгоҳлари номидан чиқадиган барча ғолиблар Хитой мактабларида таҳсил олган ва АҚШга кўчиб келган этник хитойликлардир. Шунга қарамай, АҚШ ушбу мусобақаларда биринчи ўринларни Хитой ёки Россияга қараганда анча камроқ эгаллайди.

  1. Юқори даражадаги солиқлар

АҚШ – юқори солиқларга эга мамлакатдир ва муваффақиятли Калифорния аҳолиси ўз даромадларининг ярмидан кўпини давлатга беришади. Шу билан бирга, АҚШ – ўз фуқароларидан мамлакатдан чиқиб кетганидан кейин ҳам даромад солиғини талаб қилишни давом этаётган дунёдаги ягона давлат. Америка Қўшма Штатларининг паспорти – дунёнинг қаерида яшашингиздан қатъий назар ҳар доим сиз билан бирга бўладиган иқтисодий крепостной ҳуқуқдир. Албатта, сиз АҚШ фуқаролигидан воз кечишга ҳаракат қилишингиз мумкин, аммо бу ҳар доим ҳам натижа бермаслигини Олег Тиньковнинг аянчли намунаси кўрсатган. Шарқий Европада тўғридан-тўғри солиқлар АҚШга қараганда анча паст ва БАА каби мамлакатларда улар мутлақо нолга тенг.

  1. Ривожланишнинг юқори нархи

Кремний водийси – бу нафақат кўчмас мулк учун, балки юқори технологияли бизнес юритиш учун ҳам юқори нархлар маскани. Муҳожир тадбиркорларнинг ўзлари Кремний водийсидан бўлган дастурчиларни камдан-кам ҳолларда ёллашади. Маҳаллий дастурчилар қиммат, талтайган ва кўпинча ташқи таклифлар ва ғоялар оқими туфайли ишда диққат-эътиборни бир жойга жамлай олмайдилар. Натижада, муҳожирлар Шарқий Европадан келган дастурчилар ва дизайнерлар билан ишлашни афзал кўришади, аммо бу ҳам 10 соатлик фарқ туфайли кўпинча уларга қийин бўлади. Шу маънода дастурлашни Шарқий Европа ёки Ҳиндистонга яқин вақт минтақасидан олиб бориш осонроқ.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси Павел Дуров пул ва бойлик хусусида

  1. Бозорнинг XXI асрдаги заиф истиқболлари

Америка бозори – бу дунё аҳолисининг атиги 4 фоизини ташкил этадиган дунё интернетининг қизиб кетган ва бошқарувда қолиб кетган қисми. Ҳатто 10 ёки 20 йил олдин ҳам, барча глобал лойиҳалар фақат Кремний водийсидан келиб чиқиши мумкиндек туюлган ва бу асосли эди. У пайт АҚШ энг катта ягона интернет бозори бўлиб, YouTube ва Instagram каби барча янги лойиҳаларни айнан у ердан ишга тушириш осонроқ эди.

Сўнгги йилларда эса бу ундай эмас: ижтимоий медиада энг катта муваффақиятлар Кремний водийсидан ташқарида пайдо бўлмоқда. Бунга 800 миллион фойдаланувчиси бўлган TikTok ёки 400 миллион фаол фойдаланувчига эга Telegramни мисол қилиб келтириш мумкин. Ўтган ҳафта Ҳиндистоннинг таълим стартапи Byjuнинг капиталлашув даражаси 10 миллиард долларга етди. Бу мантиқий нарсадир: бугунги кунда энг катта очиқ интернет бозори АҚШ эмас, балки Ҳиндистондир. Telegramдаги ҳинд фойдаланувчиларнинг улуши бошқа давлатлардаги фойдаланувчилар улушидан кўпроқ бўлиши тасодиф эмас. Бизнинг бош офисимиз дунёнинг орқа томонида эмас, балки ушбу мамлакатга нисбатан яқин жойлашганидан мамнунмиз.

Хулоса

Америка Қўшма Штатлари IT бизнесини юритиш ёки яшаш учун энг яхши жой эмас. Ишончим комилки, танлов мавжуд бўлган ҳолларда, Шарқий Европани тарк этишни истаган ҳар бир киши бошқа вариантларни албатта кўриб чиқиши керак.

Шимолий ва Марказий Европа мамлакатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари анча яхши ҳимоя қилинади ва 21-асрда иқтисодий ўсиш Осиё мамлакатларида тўпланган. Америка ҳанузгача инвесторларнинг арзон пуллари билан дунёдаги баъзи тадбиркор ва дастурчиларни жалб қилишга қодир, аммо бугунги кунда АҚШга кўчиб ўтиш – ҳудди актив харидини унинг нархи энг юқори даражада бўлган вақтида амалга оширишга ўхшайди.

Павел Дуров

ЎҚИНГ: Нима сабабдан махсус хизматлар Telegram'ни ёмон кўрадилар?