Telegram асосчиси Павел Дуров яна WhatsApp ва Facebook’ни жиддий айблади

  •   DiMaX
  •  861
  •  18.10.2018 13:09

Telegram асосчиси Павел Дуров яна WhatsApp ва Facebook’ни жиддий айблади

VKontakte ижтимоий тармоғи ҳамда оммабоп Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров куни кеча WhatsApp ҳамда Facebookни танқид қилиб чиқди. Бу борадаги фикрларини у ўзининг канали орқали эълон қилган.

ЎҚИНГ: Павел Дуров Apple ва Google’ни «тарихдаги энг йирик қаллоблар» деди ва фикрини изоҳлади

Дуровнинг фикрича, Telegram фойдаланувчиларининг махфийлигини биринчи ўринга қўйиши билан ажралиб туради. WhatsApp ҳамда Facebook’нинг эса у айнан шу жиҳатини танқид қилган.

WhatsApp жамоасидан унинг асосчилари – Брайан Эктон ва Ян Кум кетгач, бу мессенжер фойдаланувчиларнинг талабларига жавоб бера олмай қолган, дейди Дуров.

«WhatsApp асосчиларининг ташлаб кетиши – ўз компаниянгни сотиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигининг ажойиб мисолидир. Сиз пул ишлаб оласиз, аммо жуда қадрли бўлган нарсани – яхлитликни ҳамда бундан кейин ҳам миллионлаб инсонларнинг ҳаётини яхшилашда давом этиш имконини йўқотасиз», – дейди у.

2018 йилнинг октябрида маълум бўлишича, Facebook ушбу мессенджер орқали пул ишлаб олишга қарор қилган. Аммо шунинг орқасидан, хакерлар ҳимоядаги «тирқиш» туфайли видеоқўнғироқлар пайтида фойдаланувчиларнинг ёзишмаларига кира олишлари мумкинлиги ҳам маълум бўлди.

ЎҚИНГ: WhatsApp’да гуруҳ тарзидаги қўнғироқ ва видеоқўнғироқ ишга тушди – улардан қандай фойдаланамиз?

«Ўтган ҳафтада маълум бўлишича, WhatsApp хавфсизлик тизимида кўп йиллар мобайнида махфий «туйнук» бўлган: ким билан видеомулоқот қилган бўлсангиз, у сизнинг хабарларингизни ўқий олиши мумкин экан. Гарчи шундан бошқа «тирқиш»лар бўлмаса (бунга ҳам ишонч йўқ) ҳам, барибир WhatsApp’да учинчи шахслар хабарларингизни ўқиши мумкин бўлган бошқа «ёриқ»лар бор», – дейилади Дуров баёнотида.

Рекламанинг бўлмаслиги ва махфийлик WhatsApp яратилган пайти унинг асосида бор эди. Дуров ишонч билан таъкидлашича, ундаги ҳозирги муаммолар учун Facebook айбдор. Унинг фикрича, бу компания, ўзининг тижорий манфаатларини фойдаланувчиларининг манфаатларидан устун қўяди.

«Telegram’нинг бошқа барча сервислардан фарқи ҳам шунда: биз учун ҳамиша муҳим бўладигани – сизларнинг манфаатларингиздир», – дея таъкидлайди Дуров.

Айтиш керакки, у аввал ҳам ушбу мессенжер ва тармоқни айни шу жиҳатига кўра танқид қилиб чиққанди.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси: «WhatsApp ва Facebook ўз фойдаланувчиларининг ишончини сотмоқда»

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!