Telegram асосчиси: «WhatsApp ва Facebook ўз фойдаланувчиларининг ишончини сотмоқда»

  •   DiMaX
  •  1745
  •  19.04.2017 14:53

Telegram асосчиси: «WhatsApp ва Facebook ўз фойдаланувчиларининг ишончини сотмоқда»

ВКонтакте ижтимоий тармоғи ҳамда Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров ўзининг каналида Telegram овозли қўнғироқларининг ҳимояланганлиги ҳақида пост эълон қилди. Унда асосий рақобатчи мессенжер – WhatsApp’ни, шунингдек Facebook ва бошқа айрим сайтларни ўз фойдаланувчиларининг маълумотларини сотаётганликда айблади.

Қуйида шу постнинг мазмунини келтирамиз:

Эшитгандирсиз – яқинда биз Telegram учун шифрланган овозли қўнғироқларни ишга туширдик. Улар фойдаланишда ўта қулай ва вақт ўтиши билан, машина ўрганиши технологиясидан фойдаланган ҳолда янада такомиллашиб боради.

Шахсан мен телефон орқали жуда кам қўнғироқ қиламан. Россияда яшаганимда, менда ҲЕЧ ҚАЧОН телефонда гаплашмаслик одати шаклланган, чунки телефон орқали бўладиган ҳар бир суҳбат тегишли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар томонидан ёзиб олинарди. Бир неча йил аввал Россияни тарк этганимдан кейин ҳам шу одатим сақланиб қолди. Бошқа мамлакатларнинг агентликлари кишиларнинг махфийлигини ўзларининг россиялик ҳамкасбларидан кўра кўпроқ ҳурмат қилишларидан мен умид қилмайман. Менимча, улар ҳамма жойда бир хил, фақат айримлари маркетинг билан яхшироқ шуғулланишади.

Энди менинг телефон билан ишлашдаги одатларим ўзгариши мумкин, чунки мен ўз жамоам аъзолари ва оила аъзоларим билан мулоқот қилиш учун Telegram орқали хавфсиз қўнғироқлардан фойдаланаман. Афсуски, дунёдаги ҳамма ҳам бундай имконият баҳра ололмайди.

Саудия Арабистони каби мамлакатларда Telegram’дан фойдаланишларига тўсқинлик қилиш мақсадида унинг трафиги тезлиги чекланади. Хитой ва Уммон сингари айрим мамлакатларда эса илова буткул блокланган. Telegram’нинг 40 миллионга яқин фаол фойдаланувчиси бўлган Эронда эса, суд ҳокимиятининг буйруғига кўра, мамлакат интернет-провайдерлари ва уяли алоқа операторлари томонидан Telegram’даги овозли қўнғироқлар чекланган.

Telegram тарихида дунёнинг айрим қисмларидаги бошқарувчилар билан муаммолар келиб чиққан. Сабаби – бошқалардан фарқли равишда, биз ҳамиша ўз фойдаланувчиларимизнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиб келамиз ва ҳеч қачон ҳукуматлар билан ҳеч қанақа битим тузмаганмиз. Telegram яратилганидан буён кечган уч ярим йиллик муддат ичида Telegram фойдаланувчилари маълумотларининг исталган учинчи шахсларга тақдим этилиши ҳажми ноль байтни ташкил этади.

Бошқа томондан қараганда, Хитой, Саудия Арабистони, Эрон  ва бошқа мамлакатларда WhatsApp каби сервислар чекланмайди. Бунинг боиси – WhatsApp (ва унинг соҳиби – Facebook компанияси) бозордаги ўз улушини ошириш мақсадида ўз фойдаланувчиларининг ишончини сотишга уринишади. «WhatsApp ва учинчи шахслар сизнинг WhatsApp’даги хабар ва суҳбатларингизни ўқий ва тинглай олишмайди», деган гап мутлақо ёлғон. Аслида WhatsApp сизнинг хабарларингизни ўқиб, суҳбатларингизни тинглаши мумкин, чунки улар ўз фойдаланувчиларининг 99,99 фоизи учун шифрлаш калитини сездирмайгина ўзгартира оладилар.

Булардан ташқари, Google ёки Apple сингари учинчи томонлар WhatsApp фойдаланувчиларининг кўпчилик чатларини кўра оладилар. Бу шу билан боғланганки, WhatsApp захира нусхаларини яратишга рухсат олишда кўпчилик фойдаланувчиларни алдаган. Уларнинг маълумотларини тарқатиш фақат шу учинчи шахслар билангина боғлиқ эмас. Apple ва Google, ўз навбатида, ўзларининг бизнесини юритаётган мамлакатларининг барчасидан маълумотларни тақдим этиш бўйича сўровлар олишади ва буни бажаришади.

Ўзларининг хавфсиз эканлигини баён этар эканлар, рақобатчиларимиз инсоният тарихидаги истеъмолчилар билан боғлиқ энг йирик фирибгарлик ишига аралашиб қолишлари мумкин…

Ҳукуматлар ва назорат қилувчи органлар Telegram’дан норози эканликларига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Майли, истасалар, улар бизни блоклай қолсинлар. Биз ўз принципларимиздан чекинмаймиз ва ўз фойдаланувчиларимизни сотмаймиз. Мен биламанки, сизнинг мамлакатингизда Telegram (ёки унинг бирор қисми) бўлиши унчалик яхши эмас. Аммо баъзида, алоқа хизматининг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилмасдан туриб фойдалангандан кўра, бу хизматдан фойдаланишни тўхтатиб қўяқолган маъқул.

Айнан шу боис мен, Россияда ва ундан ташқарида ҳам, йиллар мобайнида овозли қўнғироқлардан тийилиб келганман. Ва худди шу сабабли мен овозли қўнғироқларга қайтмоқдаман, аммо Telegram орқали.