Расман: Телеграм чекланиши ортидан АКТ вазири ва бош вазир маслаҳатчиси ишдан олинди

Расман: Телеграм чекланиши ортидан АКТ вазири ва бош вазир маслаҳатчиси ишдан олинди

Ўзбекистон Президентининг фармонига асосан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ўз лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Содиқов (1969 йилда туғилган) 2010 йилдан Вазирлар Маҳкамасида Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири бўлиб ишлаган. Аввалроқ 2008-2010 йилларда «Ўзбектелеком» компанияси бош директори, 2006-2008 йилларда шу компания бош директори ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган. У 2018 йилдан буён АКТ вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан бош вазир маслаҳатчиси — ИТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳам лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда ҳукуматнинг тегишли қарорига таяниб, Telegram’даги «Давлетовуз» канали хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Олимжон Умаров (1985 йилда туғилган), олий маълумотли. 2007 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини, 2017 йилда Сонгюнгван университетини (Жанубий Корея) тамомлаган. У 2017-2020 йилларда АКТ вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2020 йил майида Ўзбекистон бош вазирининг маслаҳатчиси — ИТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган эди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!