Telegram’да аудио-қўнғироқ функцияси ишга тушди

Telegram’да аудио-қўнғироқ функцияси ишга тушди

Telegram мессенжерининг шахсий блогида маълум қилинишича, Ғарбий Европа мамлакатлардаги Android ва iOS операцион тизими фойдаланувчилари илова орқали аудио қўнғироқларни амалга ошириш имконига эга бўлдилар. Функция Telegram’нинг янги 3.18 рақамли талқинида ишлайди. iOS’да қўнғироқни амалга ошириш учун илованинг бош саҳифасида тегишли тугмани ўрнатиш керак. Android фойдаланувчилари эса илованинг чап қисмидаги панели орқали алоқага чиқишлари мумкин.


“Қўнғироқ” функцияси орқали амалга оширилган суҳбатларнинг юқори даражада шифрланиши компания томонидан кафолатланган. Суҳбатдош шифрлашда 4 та смайликдан иборат калит сўзни танлайди. Худди шу белгилар иккинчи томондаги одамнинг экранидаги белгиларга мувофиқ келса, суҳбат 100 фоиз ҳимояланган бўлади. Яъни, уни 3-томон эшита олмайди.

Илова созламаларида қўнғироқларни бошқариш функцияси мавжуд. Мисол учун, алоқа рўйхатидаги номақбул одамларнинг қўнғироғини чеклаб қўйиш мумкин. Шунингдек, қўнғироқ чоғидаги мегабайт трафигининг миқдорини ҳам белгилаш мумкин. Созламаларда алоқа сифатини пасайтириш орқали трафикни чегаралаш имкони ҳам мавжуд.

Ҳозирча фақатгина муайян фойдаланувчига қўнғироқ қилиш мумкин. Фойдаланиб кўрганлар мажозий маънода алоқа сифатини “кристалл тозалиги”га тенглаштиришмоқда. Яъни, овознинг узатилиши жуда сифатли ва аниқ-тиниқ. Компания бунинг учун жаҳон миқёсида ўзининг серверларини ўрнатиб чиқмоқда. Гуруҳли қўнғироқларнинг йўлга қўйилиши тўғрисида маълумот йўқ. Шу билан бирга, компания видео қўнғироқларнинг жорий қилиниши борасида ҳам маълумот бермаган.

Telegram мессенжерининг янги талқинида аудио қўнғироқни амалга ошириш билан бирга, фойдаланувчи видеороликнинг мегабайт ҳажмини қисқартириш даражасини белгилаши, жўнатишдан аввал натижани кўриши мумкин бўлди.

Компаниянинг маълум қилишича, Ғарбий Европа чегарасидаги Германия, Франция, Бельгия, Буюк Британия ва жаҳоннинг бошқа давлатлар аҳолиси ҳам тез орада Telegram орқали овозли алоқа ўрната бошлайдилар.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.