Telegram’даги энг зўр ботлар ва каналлар-5: инглизчани ўрганувчилар учун!

  •   DiMaX
  •  10983
  •  07.10.2017 14:59

Telegram’даги энг зўр ботлар ва каналлар-5: инглизчани ўрганувчилар учун!

Хорижий тилларни курсларда ёки мустақил тарзда ўрганишдан ташқари, таълимнинг қўшимча усуллари ҳам мавжуд. Хулласи калом, Telegram-каналлар бўйича бешинчи тўпламимиз инглиз тилини ўрганувчиларга бағишланган. Тўпламга шу йўналишдаги ботлар ҳам киритилган. Тўғри, улар инглиз тилини асосан рус тили орқали ўрганишга мўлжалланган, аммо бу сизга қийинчилик туғдирмайди. Марҳамат, кўриб чиқинг, канал ёки ботга унинг номидаги ҳавола орқали ўтиб обуна бўлинг ва кузатиб боринг.

Инглиз тилига бағишланган Telegram-каналлар

  1. «Английский язык». Бу канал ёрдамида сиз инглиз тили бўйича ўз луғат бойлигингизни кенгайтиришингиз мумкин. Кундалик мулоқот учун янги жумлалар, иборалар ва уларнинг маънолари бериб борилади.
  2. «English for Life». Сўзлар ва тасвирий ифодаларни қўлланиш мисоллари ва таржималари билан бериб борувчи канал.
  3. «Live English». Нафақат лексика, балки тил қоидалари ҳам график, жадвал ва суратлар кўринишларида бериб бориладиган канал.
  4. «Учи английский». Инглиз тилини ўрганаётганлар учун фойдали дарслар ва қоидалар.
  5. «Английский». Агарда ўз луғат бойлигингизни оширишни истасангиз, ушбу канал сизга жуда қўл келади. Унда сўз ва иборалар турли мавзулар ва нутқий вазиятларга мослаб гуруҳланган. Масалан: «Спорт», «Иш», «Сиёсат», «Шифокор қабулида», «Учрашувда» каби.
  6. «Словарный запас». Инглиз тилидаги янги сўзларни ўрганиш учун жуда қулай формат: мавзу бўйича қизиқарли карточкада сўзнинг транскрипцияси, ёзилиши ва таржимасини кўрасиз, шунингдек, аудиофайлда унинг тўғри талаффузини ўрганасиз.
  7. «Neperevodimoe». Бу канал муаллифи ўз ҳаётидаги кулгили ва қизиқарли воқеаларни ёзиб боради, орасида инглиз тилидаги ибораларни киритиб ва уларни изоҳлаб кетади.
  8. «Angry Translator». Мавзулар бўйича қулай излаш мумкин бўлган, бутунлай инглиз тилида юритиладиган канал. Лексика, грамматика, кўп учрайдиган хатолар таҳлили, ёйиқ феъллар сирлари, кўпчилик адашадиган сўзларни қаерда ва қай тарзда қўллаш бўйича тушунчалар...
  9. «Foreign books». Инглиз тилидаги адабиётни ўқиб, бу тил бўйича билимларингизни оширинг. Ушбу каналда турли мураккабликдаги публицистика ҳам, классик ва замонавий адабиёт ҳам, оммабоп замонавий матнлар ҳам бериб борилади.
  10. «Think English». Янги сўзларнинг маънолари ва қўллаш бўйича мисоллар, предлоглар ва замонларни тўғри қўллаш ҳақида мақолалар, фикрни инглиз тилида тўғри ифодалаш учун билиш керак бўладиган қоидалар – ҳаммаси шу каналда топилади.
  11. «Story». Агарда инглиз тилидаги катта ҳажмли ҳикояларни ўқиб-ўрганишга қийналсангиз ёки вақтингиз бўлмаса, у ҳолда кичик ҳажмлиларини мутолаа қилишингиз мумкин. Мана шу каналда инглиз тилидаги, турли мавзуларга оид қисқа мақолалар ҳамда ҳикоялар бериб борилади.
  12. «English Pronunciation». Мазкур каналда фильмларни томоша қилишдан ажралмай туриб, ундаги сўзларнинг инглизча талаффузини ўрганишингиз мумкин. Бунинг тартиби шундай: дастлаб сиз оммабоп фильмдан ёки мультсериалдан қисқа бир парчани томоша қиласиз, кейин эса у ердаги сўзлардан бирининг талаффузини ўрганасиз.
  13. «Hot Chicks!». Ҳар куни инглиз тилидаги битта иборанинг русчадаги маъноси ҳамда инглиз тилида нутқда қўлланиши бериб борилади.
  14. «Slang Bang!». Инглиз тилидаги ғалати, кулгили ва қизиқарли сўзлар ҳамда иборалар. Яъни, буниси – дарсликларда учрамайдиган иборалар ва кўча сленглари канали.
  15. «English Radio». Буюк Британияда нима қилиш мумкину нима қилиш тақиқланганлиги борасида тавсиялар, инглизларнинг урф-одатлари ҳақидаги ҳикоялар, сўзлашув тилида энг керакли сўз ва ибораларнинг рўйхатлари ушбу каналда бериб борилади.
  16. «Viola». Фойдали материаллар – суратлар ва мэмлар орқали инглиз тилининг лексикаси ва фразеологиясини ўрганишга ёрдам берувчи канал.
  17. «Magic English». Инглиз тили қоидалари ҳақида қисқа-қисқа постлар – умуман чарчатиб қўймайди ва осон эсда қолади.
  18. «Мувислэнг». Машҳур фильмлар ҳамда сериаллардан олинган, турли мавзулардаги гиф-суратлар ёрдамида инглизча сўзларни ва сўз бирикмаларини ўрганинг.
  19. «Английский язык легко и просто!». Мазкур канал инглиз тилини мустақил ўрганишга бел боғлаганларга жуда қўл келади. Унда лексика, грамматика, жумлаларни тўғри тузиш бўйича машқлар бор. Баъзида эса кенг тарқалган хатоликлар таҳлили ҳам ўтказилади.

Инглиз тилига бағишланган Telegram-ботлар

  1. «Lingvo». Инглизчадан русчага ва тескари йўналишда таржима қилувчи бу ботни чўнтакдаги таржимон, дейиш ҳам мумкин. Шунчаки, ўзингизни қизиқтираётган сўзни унга ёзиб юборасиз ва шу заҳотиёқ жавобда унинг нариги тилдаги таржимаси келади.
  2. «Yandex.Translate». Бу бот нафақат алоҳида сўзларни, балки бутун бошли жумлаларни ҳам ўгира олади. У жами 12 та тилни билади. Тўғри, унинг таржималари юқори даражадаги бадиийликдан йироқ, аммо матннинг умумий мазмунини чиқариб беради.
  3. «Learn English Grammar». Грамматика бўйича билимингизни оширишга кўмаклашувчи бот. Сизга сўзлар аралаштириб берилади, уларни жумладаги тартиби бўйича тизиб чиқишингиз керак. Бир неча топшириқни бажарганингиздан кейин, бот сизнинг даражангизга мослашиб олади ва сиз айнан қайси қоидаларни ўзлаштиришингиз кераклигини аниқлаб, шу мавзуларга кўпроқ эътибор қаратади.
  4. «Andy English Bot». Бошловчи ўрганувчилар инглиз тили бўйича мана шу бот ёрдамида машқлар қилсалар бўлади. Агарда зерикаётган бўлсангиз, мулоқотга уста бўлган ушбу бот сизга суҳбатдош бўла олади.
  5. «Lenny Bot». Мазкур бот сизга ўз луғат бойлигингизни оширишда ёрдам беради ва шу билан бирга, ўтилган материалларни қанчалик ўзлаштирганингизни ҳам текширади.

Хуллас, юқоридаги каналлар ва ботлар ёрдамида инглиз тили бўйича билимларингизни ошириш имкони мавжуд. Шу билан бирга, инглизчани ўргатувчи бепул иловалар хусусидаги ҳамда ушбу тилни ўйинлар воситасида ўрганиш ҳақидаги, хорижий тилларни ўргатувчи сайтлар тўғрисидаги мақолаларимизни ҳам ўқишингизни тавсия этамиз.

Шунингдек, Telegram-каналларнинг турли йўналишлардаги биринчи ва қиз-аёлларга бағишланган иккинчи тўпламига, рус тилини ўрганувчиларга аталган учинчи тўпламига ва кино ва сериаллар ҳақидаги тўртинчи тўпламига ҳам назар солишингизни тавсия этамиз. Telegram’даги энг яхши ботлар жамланмаси ва уларнинг 2-тўплами ҳам эътиборингизга арзийди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!