Telegram’даги энг зўр каналлар-6: фан ва технологияларга қизиқувчилар учун!

  •   DiMaX
  •  9733
  •  23.10.2017 14:06

Telegram’даги энг зўр каналлар-6: фан ва технологияларга қизиқувчилар учун!

Кейинги пайтларда Telegram мессенжеридаги каналлар шу қадар оммалашиб бормоқдаки, айримлар учун улар ижтимоий тармоқларнинг, баъзан ҳатто оммавий ахборот воситаларининг ҳам ўрнини босиб келаётир.

Шуларни инобатга олган ҳолда, бугун Telegram-каналлар бўйича олтинчи тўпламимизни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз. Илм-фан, бизнес ва саёҳат, ихтиролар ва шу кабиларга қизиқувчилар учун мазкур каналлар кўп нарса бера олади.

Каналлар асосан рус тилида бўлса-да, бу сизга қийинчилик туғдирмайди, деган умиддамиз. Марҳамат, тавсия этилган каналларнинг номидаги ҳавола орқали ўтиб, танишиб чиқинг. Маъқул келса – обуна бўлинг ва кузатиб боринг.

  1. «Naked Science»

Илм-фан мавзуларига бағишланган, жуда қизиқарли канал. Унда фан оламидаги қизиқарли мақолалар ҳам, тезкор янгиликлар ҳам эълон қилиб борилади. Дарвоқе, Naked Science сайти – интернетнинг русийзабон сегментида иқтибос (цитата) келтириладиган илмий-оммабоп ресурслар рўйхатида иккинчи ўринда туради.

  1. «All-in-One Person»

Ушбу каналда смартфонлар учун турли фойдали иловаларга элтувчи ҳаволалардан ташқари, жуда керакли пулли дастурлар учун чегирмалар ҳам тақдим этиб борилади. Қўшимчасига гаджетлар ишқибозлари учун улар хусусида ҳикоя қилувчи фойдали сервислар ҳам мавжуд.

  1. «ReБизнес»

Мазкур канал профессионал маркетолог томонидан юритилади. Аммо унда кўпчиликнинг энсасини қотирадиган зерикарли графиклар, кейслар ва ҳоказо бошоғриқларни учратмайсиз. Фақат бизнесда амалда иш берувчи жиҳозлар ва усуллар кўрсатиб борилади.

  1. «The Geek Log»

Турфа гаджетлар, ўйинлар, ахборот технологиялари, медиа ва шу кабилар ҳақидаги канал. Шу каби рақобатчиларидан фарқи – бу ерда нафақат янгиликлар, балки девайслар ва иловаларнинг қизиқарли тавсифлари, тўпламлари ҳам эълон қилинади.

  1. «Office Killer»

Бу виртуал майдонда сиз Microsoft’нинг таниқли дастурлари – Word, Power Point ва Outlook ҳақидаги барча маълумотларни топа оласиз. Бу канал фойдали дарсларни, жонли видеоларни ҳам тақдим этиб боради, қайта алоқа учун унинг махсус боти ҳам мавжуд. Ҳатто сиз Microsoft Office’ни ипидан-игнасигача биладиган бўлсангиз ҳам, бу ерда ўзингиз учун янги бўлган қизиқарли маълумотлар топа оласиз.

  1. «Funscience»

Технологиялар, коинот, IT ва бошқа турли фан соҳалари бўйича илмий-оммабоп мақолалар тўпламлари. Доимо бохабар бўлиб боришни истовчилар учун яхши манба.

  1. «Илон Маск | Elon Musk»

Номидан ҳам маълумки, бу – тадбиркор, сармоядор ва замонамизнинг буюк ихтирочиси Илон (Элон) Маск ҳақидаги канал. Бу шахс Tesla Motors, SpaceX, The Boring Company, Neurolink кабиларнинг асосчиси бўлишдан ташқари, ўзининг қизиқарли фикрлари, ғоялари ва мақсадлари билан ҳам танилган.

  1. «Мир Путешествий»

Сайёрамизнинг энг чиройли, қизиқарли ва диққатга сазовор жойлари ҳақидаги муаллифлик канали. Шунингдек, бу ерда саёҳатчилар учун қизиқарли мақолалар ҳам бериб борилади.

  1. «Финансовая мотивация»

Фойдаланувчилар учун молиявий саводхонликни оширишга ёрдам беришга мўлжалланган канал. Шу билан бирга, бу ерда пул маблағларини қандай тежаш, тўплаш ва самарали сарфлаш ҳам ўргатиб борилади.

  1. «Terabayt.uz – Xabarlar»

Ҳа, бу – сайтимизнинг Telegram’даги канали. Унда асосан «Terabayt.uz» сайтимизга жойланаётган янгиликлар, мақолалар, тавсифлар, нархлар ҳақидаги хабарлар мунтазам тарзда бериб борилади. Каналда қидирув функцияси орқали бирор сўз ёрдамида ўзингизга керакли мақола сарлавҳасини топишингиз, ҳаволаси ёрдамида сайтимизга ўтиб, уни ўқишингиз мумкин. Ҳамкорлик қилувчи фойдали каналлар рўйхати ва уларнинг тавсифлари эса мана бу мақоламизда келтирилган.

Шунингдек, Telegram-каналларнинг турли йўналишлардаги биринчи ва қиз-аёлларга бағишланган иккинчи тўпламига, рус тилини ўрганувчиларга аталган учинчи, кино ва сериаллар ҳақидаги тўртинчи ҳамда инглиз тилини ўрганувчилар учун терилган бешинчи тўпламларига назар солишингизни тавсия этамиз. Telegram’даги энг яхши ботлар жамланмаси ва уларнинг 2-тўплами ҳам эътиборингизга арзийди, деб ўйлаймиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!