Telegram ҳам кўчиришни билади: мессенжерга Stories функцияси қўшилмоқда!

Telegram ҳам кўчиришни билади: мессенжерга Stories функцияси қўшилмоқда!

Яқинда барчамизга маълум ва машҳур видео-стриминг платформаси, YouTube ўзининг Stories функцияси ишлашини 26 июндан бошлаб тўхтатаётганлигини эълон қилган эди. Қизиғи шундаки, бир ижтимоий тармоқ Stories'дан воз кечаётган бир вақтда бошқаси уни эндигина ўзлаштирмоқда – тез орада Telegram мессенжерига Stories функцияси қўшилади.

Сўнгги пайтлардаги WhatsApp'нинг кўчирмакашликларини мақтов сифатида қабул қилишини таъкидлаган ҳолда Павел Дуров ўзининг Telegram мессенжерига Stories функцияси қўшилаётганлигини эълон қилди. Унинг айтишича, янги функция сўровларининг ярмидан кўпи Stories билан боғлиқ бўлган.

"Дастлаб, Stories'лар аллақачон ҳамма жойда мавжудлиги сабаб биз бунга қарши эдик. Бироқ, агар биз фойдаланувчиларни тингламаганимизда ва мавжуд форматларда янгилик киритмаганимизда Telegram Telegram бўлмас эди.", – дейди Павел Дуров.

Шундай қилиб, энди Telegram'га ҳам "сторис" функцияси қўшилмоқда. Маълум бўлишича, сиз Telegram'даги сторисларингизни кимлар кўра олишини аниқ бошқара оласиз. Бунда сиз сторисларингизни кўра оладиганлар сифатида ҳаммани, фақат контактларингизни, айрим контактларингизни ёки яқин дўстларингиз рўйхатини танлашингиз мумкин бўлади.

Telegram сториси кўриниши

Худди бошқа ижтимоий тармоқларда бўлгани каби Telegram'да ҳам сторислар лентанинг энг юқорисида пайдо бўлади. Аммо бошқалардан фарқли ўлароқ Telegram'да сиз уларни юқорига қисман яшириб қўйиш имконига эга бўласиз. Шунингдек, фойдаланувчилар ўзлари кўришни истамайдиган одамларнинг сторисларини Контактлар бўлимидаги "Яширин" рўйхатга қўшиш орқали асосий экрандан беркитиб қўйишлари ҳам мумкин.

Telegram'да сторис яратишда сиз бир вақтнинг ўзида ҳам олд, ҳам орқа камераларингиздан фойдалана оласиз. Сторисни жойлашдан аввал эса сиз Telegram'нинг мавжуд сурат ва видео таҳрирловчиларидан фойдаланишингиз, сторисларингиз учун сарлавҳалар ва ҳаволалар қўшишингиз, бошқаларни белгилашингиз (халқ тили билан айтганда "атметка" қилишингиз) мумкин бўлади.

Telegram сторислари юқорига йиғиштирилган ҳолда кўриниши

Сторислар маълум вақтдан кейин автоматик ўчиб кетиши билан ўзига хос ҳисобланади, лекин Telegram'да сиз уларни бир умрга сақлаб қолишингиз мумкин (ёки 6, 12, 24, 48 соатдан кейин ўчиб кетишини белгилаш имкониятига эгасиз).

Мессенжер раҳбарининг қўшимча қилишича, хабарларни каналлардан тўғридан-тўғри сторисга репост қилиш билан Telegram'да "вирусдек тарқалиш" янада осон бўлади.

Ҳозирда Telegram'нинг Stories функцияси сўнгги синов жараёнларидан ўтказилмоқда ва у келаётган июл ойи бошида иловага қўшилади.

Stories функцияси кўпчиликка Instagram орқали танилган, бироқ, аслида у илк бор 2013 йилда Snapchat'да пайдо бўлган. Шундан сўнг, Stories функцияси деярли барча ижтимоий тармоқлар, хусусан, Facebook, Instagram, ҳатто яқинда чиққан TikTok ва бошқалар томонидан ўзлаштирилди. Мессенжерлар орасида эса WhatsApp эҳтимол биринчилардан бўлиб, сторис хусусиятини ўзлаштирган. Қолаверса, яқинда Telegram'нинг яна бир ашаддий рақибларидан бири Signal ҳам Stories хусусиятини ўзининг функциялари рўйхатига қўшган эди. Энди эса бу функция Telegram'да ҳам бўлади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!