Telegram-каналингизга «Тасдиқланган» белгисини қандай олиш мумкин?

  •   DiMaX
  •  10902
  •  03.04.2020 14:24

Telegram-каналингизга «Тасдиқланган» белгисини қандай олиш мумкин?

Юртимизда энг оммабоп бўлган Telegram мессенжери фойдаланувчилари томонидан тез-тез бериладиган саволлардан бири шу бўлса керак. Telegram Uzbekistan канали «Тасдиқланган» белгисини олиш бўйича йўриқнома тайёрлаб эълон қилган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистоннинг «Koronаvirus info» каналини Telegram расман тасдиқлади

Telegram жамоаси фақат бошқа платформаларда тасдиқланган саҳифаларга эга бўлган йирик ва фаол расмий каналлар, оммавий гуруҳлар ёки ботларни тасдиқлайди.

Telegram’нинг расмий канали

Telegram сизнинг сўровингизни қабул қила олиши учун сизда қуйидаги тармоқларнинг барчасида тасдиқланган саҳифаларингиз бўлиши лозим:

  1. Twitter;
  2. Instagram ёки Facebook (иккисидан бирининг ўзи кифоя);
  3. YouTube.

Сизда айнан шундай бўлса, саҳифалар ҳақиқатан ҳам сизга тегишли эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз учун биз сиздан ўша тармоқлардаги саҳифаларингизда (масалан, саҳифа тавсифида) Telegram-каналингизга ҳавола жойлаштиришингизни сўраймиз.

Барча шартлар бажарилгандан сўнг бизнинг @VerifyBot’имиз билан боғланинг.

ЎҚИНГ: Telegram’да коронавирус ҳақида ёлғон тарқатган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Қуйида шу масала бўйича энг кўп бериладиган ва муҳим саволларга ҳам тўхталиб ўтамиз:

– Менда юқоридаги барча тармоқларда тасдиқланган саҳифаларим бўлмаса-чи?

Агар сиз ҳақингизда Википедияда шубҳасиз саҳифангиз бўлса, у юқорида бошқа платформаларда талаб қилинган тасдиқланган аккаунтлардан бирининг ўрнини босиши мумкин. Бундай ҳолда, мақола сизнинг Telegram-канал, бот ёки оммавий гуруҳингизга ҳаволага эга бўлиши ва Википедиянинг Энциклопедик аҳамияти мезонлари ва қоидаларига мос келиши керак.

– Мен ташкилотим саҳифаси учун «Тасдиқланган» белгисини олмоқчи бўлсам-чи?

Ташкилотнинг расмий веб-сайтидаги Telegram-каналига ҳавола ҳам ҳисобга олиниши мумкин. Ижтимоий тармоқлардаги ҳаволаларни текширгандан сўнг, бот қўшимча маълумотлар ва изоҳларни тақдим этишингизни таклиф қилади.

Шахсий аккаунтимга белги олишим мумкинми?

Афсуски, Telegram шахсий профилларни тасдиқламайди. Тасдиқ фақат йирик ҳамда фаол расмий канал ва ботлар учундир.

Менга ушбу белги керакми?

Telegram’даги «Тасдиқланган» белги ҳеч қандай қўшимча имкониятлар тақдим этмаслигини унутманг. Бу белги, холос.

Ўз Telegram-каналингиз расмий эканлигини кўрсатишни истасангиз, мисол учун, расмий веб-сайт ёки бошқа тармоқларда унга ҳаволани жойлаштиришингиз мумкин.

Тасдиқдан кейин ном ёки usernameни қандай ўзгартириш мумкин?

Тасдиқланган канал, гуруҳ ёки бот номини ёки қисқа ҳаволасини ўзгартириб бўлмайди (t.me/...). Агар ўзгаришлар зарур бўлса, аввал тасдиқни ўчириб ташлашингиз мумкин. Бунинг учун эса @VerifyBot билан боғланинг ва /unverify ёзувини юборинг.

Афсуски, ҳозирги пайтда Telegram’га жуда кўп сўровлар келиб тушаётгани туфайли, барча каналларнинг ҳам тасдиқланиши кафолатланмайди.

ЎҚИНГ: Telegram 6.0: жилдлар, архив, статистика ва бошқаларни қарши олинг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!