Telegram’ни блоклашмоқчи, вазият жиддий!

  •   DiMaX
  •  3719
  •  22.03.2018 13:59

Telegram’ни блоклашмоқчи, вазият жиддий!

Кейинги кунларда Telegram мессенжери жамоаси қийин даврларни бошидан кечирмоқда. Россия Федерациясининг Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳаси назорати бўйича федерал хизмати – Роскомнадзор мамлакатда ушбу мессенжернинг фаолиятини тўхтатиш учун жиддий киришган. Шу воқеаларнинг айни дамдаги ҳолатини қисқача баён этишни маъқул кўрдик.

ЎҚИНГ: Павел Дуров Telegram​ фойдаланувчиларининг эркинлиги ва анонимлигини ҳимоя қилишга ваъда берди

Гап шундаки, Роскомнадзор мамлакатда хавфсизликни назорат қилиш мақсадида Telegram Messenger Limited компаниясидан мессенжернинг шифрлаш калитларини Россия Федерацияси федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ)га беришини сўрамоқда. Бу фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини кўриш имконини беради, Telegram эса айнан ўз юзерларининг маълумотлари махфийлигини юқори даражада таъминлаши боис ном қозонган.

Табиийки, Павел Дуров раҳбарлигидаги жамоа мессенжернинг шифрлаш калитларини ФСБга тақдим этишга рози бўлмаган. Натижада 20 март куни Роскомнадзор бу компанияга билдиришнома йўллаган. Унда 15 кун ичида Telegram тегишли талабларни бажармаса, Россия Федерацияси ҳудудида унинг фаолияти блокланиши маълум қилинган.

Telegram бунга қарши Россия Олий судига ариза берган. Судда компания томонидан ишларни «Агора» ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти олиб бормоқда. Бироқ Олий суд ҳам ФСБ буйруғини қонуний, деб қарор чиқарган.

«Агора» ташкилоти Telegram иши бўйича ҳужжатларни ўз сайтида эълон қилган.

Энди «Агора» ташкилоти Telegram иши бўйича Россиядаги суд қарорлари юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят жўнатган. Айни дамда мазкур шикоятнинг кўрилиши бўйича маълумотлар йўқ.

Воқеалар ривожини бирга кузатамиз, биздан узоқлашманг. Шунингдек, «Terabayt.Uz» сайтининг Россия ҳудудида бўлган мухлислари учун қуйидаги мақолани тавсия этамиз:

ЎҚИНГ: Telegram Роскомнадзор тақиқласа ҳам, иловадан қандай фойдаланиш мумкинлигини айтди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!