Telegram ўзи янгиланмаса ҳам уни янгилаш йўллари бор

  •   DiMaX
  •  22658
  •  12.03.2018 10:48

Telegram ўзи янгиланмаса ҳам уни янгилаш йўллари бор

Агарда Android-қурилмангизда Telegram хатосиз ишлашини ва унинг тобора янги қўшилиб бораётган функцияларидан фойдаланишни истасангиз, у ҳолда мессенжернинг янгиланишлари сиз учун муҳим. Лекин баъзан турли сабабларга кўра мазкур илова автоматик тарзда янгиланмай қолиши мумкин. Шунда қуйидаги тавсияларга амал қилган ҳолда, иккита усулдан бири орқали уни ўзингиз янгиласангиз ҳам бўлади.

ЎҚИНГ: Telegram’нинг ўнта йирик камчилиги бор, биласизми?

1. Google Play орқали янгилаш

Ҳар қандай дастурни янгилашнинг энг осон, ишончли ва содда усули – Google’нинг расмий иловалар дўкони орқали янгилашдир. Бордию Telegram’ингиз ўз-ўзидан янгиланмаётган бўлса, интернетга (ёки Wi-Fi тармоғига) уланинг ва Google Play иловасини очинг. Ундаги Telegram иловаси варақасига ўтиб, юқори ўнг бурчагидаги – тикка жойлашган учта нуқта шаклидаги меню белгичасини босинг. Қалқиб чиққан ойначадаги «Автоматик янгилаш», яъни «Автообновление» бандига белгича қўйиб қўйинг.


Шундан сўнг «Янгилаш» – «Обновить» тугмачасини босинг, кейин илова юкланиши ва ўрнатилишини кутинг. Янгиланишлар ўрнатилиб бўлгач, «Обновить» ўрнига «Очиш», яъни «Открыть» тугмачаси чиқиб қолади. Агарда «Обновить» тугмачаси бўлмаса, демак, Google Play сизда илованинг сўнгги версияси ўрнатилган, деган хулосага келяпти экан.

Бир жиҳатни эсда тутинг: баъзида янгиланишлар Google Play’га чиқиши учун озроқ вақт керак бўлади. Чунки унга қўйилаётган ҳар бир иловани ва уларнинг янгиланишларини эълон қилишдан олдин, Google унинг зарарсиз эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун текширувдан ўтказади. Шу боис айрим ҳолларда илованинг ишлаб чиқувчиси сайтида эълон қилинганидан бир неча соат ўтибгина у Google Play’га чиқарилади.

2. APK-файлидан ўрнатиш

Агарда турли сабабларга кўра Google Play орқали иловани янгилаш имконингиз бўлмаса, унинг APK-файлини кўчириб олсангиз бўлади. Афсуски, Telegram ўз мессенжерининг сўнгги талқинларини APK шаклида расман кўчириб олиш имконини тақдим этмайди. Шунинг учун ҳам чет ресурсларга таянишга тўғри келади. Масалан, APKMirror – ишонса бўладиган кам сонли манбалардан бири ҳисобланади, ундан Telegram иловасининг ўрнатилувчи файлини юклаб олиш учун мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин.

Дастлаб сайтда Telegram’нинг APK-файлини кўчириб олиш саҳифасига ўтасиз (бевосита смартфоннинг ўзидан кирсангиз янада яхши). У ерда илованинг барча талқинларини акс эттирувчи «Все версии» бўлимига ўтиб, энг сўнггисини танлайсиз.

Кейин эса яна учта қадамни амалга оширишингиз керак: дастлаб сизга керакли талқин ёнидаги кўчириб олиш тугмачасини босасиз. Кейин унинг айнан қайси вариантини юклаб олмоқчи эканингизни танлайсиз (баъзан улар икки ёки ундан ортиқ бўлиши мумкин). Ниҳоят, APK-файлни кўчириб олишни англатувчи «Скачать APK» тугмачасини босасиз. Аммо эҳтиёт бўлинг – айрим ҳолларда рекламалар ҳам юклаб олиш тугмачаси шаклида кўриниши мумкин.

APK-файлнинг юкланиб бўлишини кутасиз (браузерингиз рухсат сўраса – тасдиқлайсиз), кўчириб бўлгач эса уни очиш учун «Открыть»ни босасиз. Илованинг янги талқини ўрнатилади ва очиб ишлатаверасиз.

ЎҚИНГ: APK файлларини чекловларсиз кўчириб оламиз

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!