Учта мактаб ўқувчилари ва Telegram'даги энг йирик фирибгарлик ҳикояси

Учта мактаб ўқувчилари ва Telegram'даги энг йирик фирибгарлик ҳикояси

"Telegram Premium олиб берамиз - уч ойлик обуна атиги 50 минг сўмга". Сиз бу эълонни қайсидир каналда кўргансиз ёки бу ҳақида эшитгансиз. Эҳтимол, арзонлиги сабаб бу хизматдан фойдалангансдириз. Нима бўлганда ҳам, буни билишингиз билан сизда "қандай қилиб?" деган савол пайдо бўлгани аниқ. Кўпчилик, буни VPN билан жойлашув манзилини Туркияга ўзгартириш билан қилиш мумкин дейди. Йўқ, сиз ўйлаганчалик оддий эмас. Аслида бу хизмат унинг эгалари учун деярли текинга тушган ёхуд улар "ҳаводан пул қилишган". Ушбу мақолада уч мактаб ўқувчиси ва Telegram'даги энг йирик фирибгарлик ҳикоя қилинади.

Июн ойи охирларида ўзининг Premium обунасини ишга туширганидан бир неча ой ўтиб, Telegram уни бошқаларга совға қилиш имкониятини ҳам яратди. Ушбу функция қўшилганидан сўнг, москвалик уч мактаб ўқувчиси: Мартов, Мунфизи ва Филя бу орқали пул ишлаш йўлларини қидиришни бошлашди. Аввалига дарҳол бошқа мамлакатлардаги Premium обуна нархлари текширилди. Россияда нархлар осмонда – 1400 рубл (23 доллар). АҚШда эса арзонроқ – 15 доллар. Туркиядаги ҳолат кўрилганида нархлар бошқа мамлакатларга нисбатан сезиларли даражада арзон эканлиги маълум бўлди. Уч мушкетёр ўзларининг барча аккаунтларига шу тариқа Premium олишди ва уни бошқаларга совға қилмоқчи бўлишди. Мартов ўзининг "jailbreak" қилинган ва Cydia'дан LocalIAPStore ўрнатилган айфони билан Premium обунани бошқасига совға қилаётиб, тўловга келганда бехосдан "Бекор қилиш" тугмасини босиб юборади. Пул тўланмайди, лекин Premium аллақачон совға қилиб бўлинганди. Бум! Барчаси шу ерда бошланди. Болалар Telegram багини топиб олишди ва бунинг учун фақат уларга "jailbreak" бўлган iPhone ва Apple Gift карталари керак бўлди. Мартовнинг айтишича, улар бундан пул қилишлари мумкинлигини билган ва шундай қилиб Telegram Premium обунаси учун катта чегирмалар мавсуми бошланган.

Аввалига дўстлар биргаликда ишлашга қарор қилишди. Уларнинг ҳар бири "jailbreak" қилса бўладиган iPhone билан биргаликда 15, 25 ва 45 долларли Apple Gift карталарини сотиб олишди. Бу эса уларга 3, 6 ва 12 ойлик Telegram Premium обуналарини ҳадя қилиш учун етарли эди. Кичик сармоя қилинганидан сўнг, Premium'ни 50% чегирма билан сотиш бошланди. Мунфизининг Telegram'га яқин бўлган манба Код Дурова нашрига айтишича, обуна нархи унинг амал қилиш муддатига қараб 450 (≈7 доллар) , 900 (≈15 доллар) ва 1400 (≈23 доллар) рубл бўлган. Ҳатто уларнинг мижоз қидиришларига ҳам ҳожат қолмади. Арзон Premium обуна ҳақидаги гап-сўзлар эса оғиздан-оғизга кўча бошлади. Одамлар нафақат ўзлари, балки яқинлари, дўстлари учун ҳам Premium олиб беришни бошлашган ва натижада сотувлар сони кескин ошган, буюртмалар сони кўпайган.

Кейинчалик, уч дўст худди кинолардагидек пул келишмовчиликлари сабаб тортишиб қолишади ва ажралишга қарор қилишади. Мунфизи ва Филя биргаликда, Мартов эса ёлғиз ишлашда давом эттиради. Буюртмалар кўплиги сабаб иккала томон ҳам бир-бирларига жамоа йиғишни бошлашади. Улар канал администраторлари ва ҳамкорлари билан улушларини келишиб олишади. Шундай қилиб Telegram Premium фирибгарлик схемаси иштирокчилари кўпая бошлайди.

"Битта одам кунига 200 минг рублгача пул ишлаши мумкин эди. Қийин бўлсада, аммо иложи бор эди. Бир вақтнинг ўзида 3 мингга яқин мижозга хизмат кўрсатишимиз керак бўлган. Бутун тармоғимизнинг ўзи кунига 5-6 минг доллар даромад келтира оларди.", - дейди Мунфизи.

Кўп ўтмай, янги ишчилар топган пулларининг бир қисмини "бошлиқлар" билан баҳам кўрмасдан, ёлғиз ишлашлари мумкин эканлигини, агар улар жамоадан чиқиб ўзларининг бозорларини яратмоқчи бўлишса, ҳеч нарса уларни тўхтата олмасликларини англашади.

"Premium'ни сотиш хизмати бўйича ҳамкорлик қиладиганлар сони тез ўсишни бошлади. Биз икки киши билан бошлаган эдик, ҳозир уларнинг сони 25 дан ошган ва уларнинг барчаси бизнинг кўрсатмаларимиз бўйича ишлайди. Баъзилар бу кўрсатмаларни сотиб олса, бошқалар дўстлигимиз ҳурмати текинга фойдаланар эди", - Мунфизи.

Telegram Premium олиб берувчилар сонининг кўпайиши тартибсизликка олиб келди. Ҳамма кўпроқ пул ишлаш учун мижозларга бошқалардан арзонроқ нарх таклиф қилишни бошлайди ва шу сабаб "қора бозор"да Premium обуна нархи 10 карра тушиб кетади. Бунда бир йиллик "пирацкий" обуна нархи уч ойлик расмий нархдан ҳам тушиб кетади. Бу эса жамоада жанжал келиб чиқишига сабаб бўлади. Натижада Telegram Premium фирибгарлик схемаси асосчиларидан бири уни 5000 долларга сотиб юборади.

Бу вақтда, Мартов "сирли масаллиқ сирини" ҳеч кимга сотмаган эди, аммо унинг Код Дурова'га айтишича, у ҳам ўтган ҳафта схемани икки хитойлик харидорларга 500 ва 700 доллардан пуллаб юборган.

"Менимча бунда Telegram'нинг йўқотишлари 3 миллион доллардан 5 миллион долларгача бўлиши мумкин. Фақат бизнинг икки жамоамизгина 150 мингдан ортиқ аккаунтга Premium обунани фаоллаштириб берган", - дейди Мунфизи.

Шуниндек, Код Дурова'нинг қўшимча қилишича, уччовландан бири анонимлик шарти билан Telegram хатолиги орқали қилган даромадини ошкор қилган: у тахминан 80 минг доллар ишлаб топишга муваффақ бўлган. Улардан нима учун бу хатолик ҳақида хабар бермаганликлари ва мукофот пули олмаганликлари ҳақида сўралганида улардан бири шундай жавоб берган:

"Хатоларни топиш учун пул тўлашлари ҳақида билмасдим. Аниқроғи, улар учун маълум бир бот ажратилгани ҳақида хабарим йўқ эди. Нега дарҳол эмас дейсизми? Хўш... шунчаки даромад қилиш, чунки қўллаб-қувватлашдан жавоб бўлмаганидан, улар мени бошқа мутахассисларга ҳам йўналтирмаганидан сўнг, Telegram'дан тўлов бўлишига шубҳа қила бошладим."

"Пиратский" Premium обуна нархининг кескин пасайиши, рақобатнинг шиддат билан ошиши ва Telegram заифлиги ҳақида билиб қолганлар ўртасидаги тортишувлардан кейин Мунфизи схемани оммага эълон қилишга қарор қилади, шунингдек, 29 октабр куни хатони қандай тузатиш бўйича тушунтириш билан Ўзбекистондаги Telegram қўллаб-қувватлаш марказидан Давронбек Рустамовга мурожаат қилади.

30 октабр куни эрталаб мессенжердаги заифлик ёпилган ва обуналарни сотувчи бутун "империя": аккаунт эгаларидан тортиб ботлар ва каналларгача "SCAM" теглари ёпиштирилган. 31 октабр куни кечқурун Telegram шу тарзда сотиб олинган обуналарни оммавий равишда бекор қила бошлаган.

Telegram Premium обунаси профил статуслари, учлик реакциялар, Premium стикерлар каби косметик ўзгаришлар билан бирга, иккаланган чекловлар, ривожланган чат менежменти ва рекламаларни олиб ташлаш каби имкониятларни тақдим қилади ва Ўзбекистонда унинг нархи ойига атиги 32999 сўмни ташкил қилади. Тўлов учун сиздан Visa карта талаб қилинади, хоҳ у онлайн бўлсин, хоҳ жисмоний. Сотиб олиш учун Созламалар > Telegram Premium бўлимига ёки расмий @PremiumBot'га ўтиш керак.

ЎҚИНГ: Илон Маск йил охиригача Twitter'нинг TikTok рақобатчисини "қайта тирилтиради"

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!