Telegram Роскомнадзор тақиқласа ҳам, иловадан қандай фойдаланиш мумкинлигини айтди

Telegram Роскомнадзор тақиқласа ҳам, иловадан қандай фойдаланиш мумкинлигини айтди

Россия коммуникация назорати идорасининг раҳбари Александр Жаров Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуровга очиқ хат йўллаб, идоранинг компаниядан талаб қилган сўрови қондирилмайдиган бўлса, мамлакатнинг ахборот тарқатиш билан боғлиқ қонунларига бўйсунмагани учун Россия ҳудудида Telegram блоклаб қўйилишини айтиб пўписа қилди.

Жаровнинг сўзларига кўра, Роскомнадзор Telegram бошқарувини ҳар куни Россияда ахборот тарқатиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий асослар ва уларга амал қилиш чораларини кўриш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириб келмоқда. Telegram ахборот тарқатишни ташкил этувчи сифатида зарур қоидаларга амал қилмаса, Россияда тақиқланиши керак.

“Шу сабабли, мен Telegram жамоаси ва шахсан Павел Дуровга ошкора мурожаат қилиб айтаман: Россия қонунларига амал қилинг!”, — дейди Жаров.

Маълум бўлишича, Telegram хизмати олдида турган вазифа у қадар мураккаб масала эмас: унга тақдим қилинган, Telegram иловаси тегишли бўлган компания фаолиятига оид сўровномани тўлдириш ва ахборот тарқатувчи ташкилотчилар реестрига киритиш учун расман Роскомнадзор идорасига тақдим қилиш.

Бу мурожаатга нисбатан, Telegram мессенжери дастурчилари хизмат Россияда блокланган тақдирда ҳам, ундан фойдаланиш мумкин бўлишини эълон қилишди. Бунинг учун илованинг кейинги янгиланишида Telegram SOCKS 5 протоколи асосида прокси-серверларни қўллаб-қувватлаш функциясига эга бўлади.

Шунингдек, Россия давлат Думаси июннинг ўртасида мессенжерлардан аноним фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини ҳам бир ўқишда қабул қилган эди. Унга кўра, аҳолига хат-маълумот алмашиниш хизматини кўрсатувчи мессенжер ва хизматлар аноним фойдаланувчиларига хизмат кўрсатишни тугатишлари лозим.