Telegram стикер дизайнерларига ярим йилда 450 минг доллар тўлади

Telegram стикер дизайнерларига ярим йилда 450 минг доллар тўлади

Telegram томонидан сўнгги ўтган олти ой давомида стикерпак муаллифларига 450 минг доллар миқдорида маблағ тўланган. Бу ҳақда мессенжернинг креатив директори Андрей Яковенко ўзининг “ВКонтакте” тармоғидаги саҳифасида хабар берган.

Яковенконинг сўзларига қараганда, мукофот фонди 80 минг долларни ташкил қилган, қолган маблағ эса бевосита стикерлар дизайни учун сарфланган. Ҳар бир рассомга тўланган мукофот пули стикерлар тўпламининг оммабоплигига қараб фарқланади (камида 700 АҚШ долларидан бошланади).

Стикерлар учун тўловлар ярим йил давомида олинган ҳисоботларга асосан ҳар ой мунтазам тўлаб борилган.  Дизайнерлар август ойида бонус сифатидаги мукофот пуллари билан компания томонидан рағбатлантирилган.

Мукофот пуллари билан рағбатлантирилган муаллифлар сонига мессенжер вакили томонидан аниқлик киритилмаган. Чунки уларнинг сафи кун сайин кенгайиб бормоқда экан.

Telegram жамоаси стикерларни чизма сифати, муаллифларнинг ўз шахсий персонажларини яратиш қобилияти, ҳиссиётларни ифодалаш кўникмаси ва юмор турига қараб саралашади. Дастурда қатнашиш учун Яковенко почтасига (@Yakovenko) 512 х 512 пикселдан кам бўлмаган сифатда бир хил персонажнинг 3 та стикери ва турли эмоцияларни ифодалаган 5 та контурли эскизини юбориш керак.

Кейинги мукофот пуллари янги йил арафасида тўланиши режалаштирилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!