Telegram тарихий кўрсаткични қайд этди

Telegram тарихий кўрсаткични қайд этди

TechCrunch сайтининг Sensor Tower орқали маълумот беришича, оммабоп Telegram мессенжери дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ марта юклаб олинган нуфузли иловалар рўйхатига қўшилди.

ЎҚИНГ: Telegram'да тез орада реклама пайдо бўлади

2013 йилда яратилган ва штаб-квартираси Дубайда жойлашган илова ушбу муҳим кўрсаткични жума куни қайд этди. Асосий рақиби WhatsApp билан бўлгани каби, Telegram'дан энг кўп Ҳиндистонда фойдаланишади. Sensor Tower'нинг маълум қилишича, барча юклаб олишларнинг 22% и дунёнинг иккинчи энг йирик интернет бозори бўлган Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади.

Ҳиндистондан кейин Россия ва Индонезия турибди. Икки мамлакатда юклаб олишлар сони жами юклашлар сонининг мос равишда 10% ва 8% ини ташкил этмоқда. Иловани юклаб олишлар сони 2021 йилда ошиб, дастур йилнинг биринчи ярмида 214.7 миллион марта юкланди. Бу эса 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 61% лик ўсиш демакдир.

Таъкидлаш жоизки, юклашлар сони илованинг фаол фойдаланувчилари сонини кўрсатмайди. Масалан, йил бошида Telegram'дан фаол фойдаланувчилар сони тахминан 500 миллион атрофида эди. Ҳолбуки, WhatsApp'нинг махфийлик сиёсати ўзгартирилиши билан Telegram юклашлар сонининг ошиши мазкур мессенжер охирги чораклар ичида анча эътиборни ўзига қарата олганини кўрсатади.

Йил бошида 1 миллиард доллар маблағ йиғган Telegram бутун дунё бўйича 1 миллиарддан ортиқ юклаб олинган 15-илова бўлди. Рўйхатдаги бошқа иловалар қаторига Google пакетидаги кўплаб дастурлар, WhatsApp, Facebook Messenger, Facebook, Instagram, Snapchat, Spotify ва Netflix кабилар киради.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси Дуров: «Нима учун WhatsApp ҳеч қачон хавфсиз бўла олмайди?»

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!