Telegram учун энг яхши илова – Plus Messenger

  •   DiMaX
  •  9145
  •  14.02.2017 14:35

Telegram учун энг яхши илова – Plus Messenger

Бепул ва хавфсиз Телеграм – кўпчилигимиз учун бошқа мессенжерлар ўрнини эгаллаган қулай дастур. Унга илова тарзида смартфонингизга Plus Messenger ҳам ўрнатилган бўлса, Телеграм имкониятлари янада кенгаяди, деб ёзади beardycast.com сайти.

Телеграм ўзи яхши бўлса-да, унда чатларни ботлардан, каналларни шахсий ёзишмалардан, танланган контактларни бошқаларидан ажратиш функцияси йўқлиги чатоқ. Лекин бу борада Андроид-смартфонлар соҳиблари нисбатан омадлилар – Plus Messenger иловасида керакли функцияларнинг бари бор.

Чатларни варақалар бўйлаб ажратиш

Телеграм орқали ҳар куни турли одамлар билан мулоқотда бўласиз. Кимлар биландир гуруҳларда, бировлар билан супергуруҳларда, қайсидир бирлари билан шахсий ёзишмаларда, яна бошқаси билан тет-а-тет тарзидаги диалогда.

Варақалар туфайли энди катта рўйхат орасидан керакли чатни излашга вақт сарфлашнинг ҳожати йўқ. Варақалар сони ва ўлчамини ўзингиз созлаб оласиз. Энди маълум гуруҳларга ажратилган интерфейс орқали тегишли чатни тезда топишингиз мумкин.

Тезкор жўнатиш

Android 6.0 Marshmallow тизимида, ҳужжатлар, файллар, ҳаволалар ва расмларни жўнатишнинг стандарт менюсида янги бўлим – контактлар ҳам бор. Бу эса вақтни тежашга ёрдам беради. Энди бирор файлни юбориш учун аввал иловани танлаб, унинг очилишини кутиб, сўнг кимга жўнатишни кўрсатиб юришга ҳожат йўқ.

Жуда қулай функция, аммо у ишлаши учун, ишлаб чиқувчи ўз дастурида унинг қўллаб-қувватланишини ўрнатиши даркор.

Телеграмнинг одатдаги дастурида бу бор, лекин унда контактлар стандарт усулда – сўнгги мулоқотларга қараб сараланади. Улар орасида қайта-қайта ўша бир хил гуруҳлар ва супергуруҳлар бўлиши ҳам мумкинки, бу асло қулай эмас.

Plus Messenger эса қайси турдаги чатни акс эттиришини танлаш имкониятини тақдим этади.

Қўшимча амаллар

Мазкур илованинг яна бир қўшимча имконияти – гуруҳнинг ёки кишининг аватаркасига босганда қайси амалларни бажариш кераклигини созлаш мумкин. Тўғри, бундай олиб қараганда – шунчаки майда-чуйдага ўхшайди, бироқ у билан керакли чатларнинг тавсифини бошқариш жуда қулай-да.

Ташқи кўринишни созлаш мумкин

Хабарлар рўйхатидаги шрифт ўлчами сизни қониқтирмаяптими? Балки, матн териш майдончасига жуда оз матн сиғиши ёқмаётгандир? Аватаркаларнинг ўлчамини, ранглар туркумини ўзгартиришни, ёки умуман бошқа бирор «мавзу» ўрнатишни истаётгандирсиз?

Мана, буларнинг барчасини Plus Messenger ёрдамида амалга ошириш мумкин. Ўзингизга ёқадиган бирор ташқи кўриниш мавзусини танлашингиз, интерфейс унсурларининг ўлчамларини ўзингизга мослаштиришингиз ва барини қулай ҳолатга келтиришингиз мумкин.

Шу тариқа, Plus Messenger ёрдамида Телеграм қулайликда тенгсиз мулоқот воситасига айланади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!