Telegram учун стикерларни энди сурат ёки матнлардан ўзингиз смартфонда ясай оласиз!

  •   DiMaX
  •  7631
  •  23.07.2020 12:04

Telegram учун стикерларни энди сурат ёки матнлардан ўзингиз смартфонда ясай оласиз!

Оммабоп мессенжер – Telegram орқали мулоқотда стикерлардан кўп фойдаланамиз. Лекин ўзингиз ҳам стикер ясашга ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Бунинг турли йўллари бор ва яқинда чиққан махсус илова ҳам сизга кўмакка келади.

ЎҚИНГ: Telegram стикер дизайнерларига ярим йилда 450 минг доллар тўлади

Google Play иловалар каталогида Telegram-стикерлар ясашга мўлжалланган Sticked иловаси пайдо бўлди. Унинг ёрдамида ўзингиз исталган расмдан, керакли матнни қўшган ҳолда стикерлар тўпламини осонгина тайёрлашингиз мумкин.

Бунинг учун ушбу ҳавола орқали смартфонингизга Sticked иловасини ўрнатиб олгач, уни очасиз ва ягона тугмчасини босасиз. Кейин жилдга (папкага) ном берасиз ва ясалдиган стикер учун асосни танлайсиз: камерадан олинадиган сурат, смартфон галереясидаги расм ёки бирор матн. Қурилмангиз хотирасида турган расмдан стикер ясашда уни таҳрирлаш имкони бўлади – қалинлиги созланувчи ўчирғич ёрдамида фонни олиб ташлай оласиз.

Таҳрирлаш режимида кераксиз қисмларини эҳтиёткорлик билан ўчириш учун суратни яқинлаштирса бўлади. Шунингдек, фонни автоматик олиб ташлаш функцияси ҳам бор, аммо унинг тўғри ишлаши учун бош пландаги объект контурлари аниқ бўлиши лозим. Агар нотўғри ўчириб юборсангиз, пастки панелдаги «Бекор қилиш» («Отмена») тугмачаси билан орқага қайтариш мумкин.

ЎҚИНГ: Sticker Studio ёрдамида WhatsApp учун бирпасда ўзингиз стикер ясанг!

Стикерга қўшиладиган матн учун эса фақат рангни танлаш мумкин, форматлаш учун бошқа воситалар ҳозирча йўқ.

Ишни якунлаш учун шу стикер мос келадиган эмодзини танлашингиз керак. Сақлаганингиздан сўнг илова сиздан авторизациядан ўтишингиз ва Sticked ботини ишга туширишингизни сўрайди (бунда бирор шахсий маълумотингизни киритишингиз керак бўлмайди). Буёғига энди «Telegram’да очиш» («Открыть в Telegram») тугмачасини босасиз ва ўз ижодингиз намунасини мессенжерга қўшишингиз мумкин. Ҳосил бўлган стикерни чатда қўллаш учун, уни ўз стикерларингиз рўйхатидан танлашингиз кифоя.

Sticked рекламасиз бўлиб, Android-қурилмалар эгалари ундан буткул бепул фойдалана оладилар. App Store’га у ҳозирча чиқмаган, аммо айфон эгалари учун Stickers for Telegram иловаси ёрдамида стикер ясаш йўриқномасини эълон қилганмиз.

ҚЎШИМЧА: Агар Google Play сизнинг қурилмангизга ёки ҳудудингизда бу иловани ўрнатиб олишга имкон бермаса, интернетга бирор VPN сервиси орқали кириб, қайта уриниб кўринг. Шунингдек, қуйидаги мақолада баён этилган йўриқнома ҳам қўл келади:

ЎҚИНГ: APK файлларини чекловларсиз кўчириб оламиз

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.