Telegram X’нинг оддий Telegram’дан фарқи нималарда?

  •   DiMaX
  •  6824
  •  04.01.2018 12:24

Telegram X’нинг оддий Telegram’дан фарқи нималарда?

Ўтган йилнинг охирига келиб Telegram Messenger LLP компанияси Apple мобил қурилмаларида ишлатишга мўлжалланган мессенжерининг муқобил иловасини тақдим этди. Оддий версиядан фарқли равишда, уни Telegram X деб номлашган; эҳтимол, унинг аталиши ҳам купертинолик гигантнинг iPhone X суперфлагмани номига уйқаш бўлишини исташгандир.

ЎҚИНГ: iOS учун янада тезкор Telegram X тақдим этилди

Айтиш керакки, Telegram Messenger LLP компанияси мазкур мессенжернинг web-версиясини ҳам, стационар компьютерларда қўлланадиган Telegram Desktop дастурини ҳам, Android-қурилмалар учун Telegram иловасини ҳам ишлаб чиққан ва мазкур маҳсулот билан боғлиқ ҳуқуқларга эгалик қилади. Хўш, у ишлаб чиққан янги дастурий таъминот – Telegram X иловасининг ўзига хосликлари нималарда?

Янги клиент тўқранг интерфейс мавзусига эга бўлишидан ташқари, унинг «ички дунёси» ҳам ўзгача. Яъни, Telegram X мессенжери Apple томонидан яратилган Swift дастурлаш тилида қайтадан ёзиб чиқилган.

Бевосита фойдаланувчи учун унинг устунликларидан бири – бу иловада қувват тежаш самарадорлиги оширилган. Яъни, у iPhone ёки iPad аккумуляторининг қувватини одатий Telegram иловаси каби тез камайтирмайди.

Шунингдек, Telegram X одатий версиядан кўра тезкорлиги билан ҳам мақтана олади. Бу иловада анимацияли стикерлардан фойдаланиш ва шрифтлар ўлчамини ўзгартириш имкони ҳам бор. Булардан ташқари, унда аудиофайлларни қурилмага юклаб олмасдан туриб ҳам тинглаш мумкин. iPad’ларга мўлжалланган Telegram X эса GIF-суратларни ҳам қўллаб-қувватлайди.

iPhone ва iPad соҳиблари Telegram X иловасини App Store иловалар каталогидан мана бу ҳавола орқали юклаб олишлари мумкин.

ЎҚИНГ: Telegram’нинг iOS ва Android-иловаси янгиланди, янги имкониятлар билан танишинг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.