Telegram янги версияси чиқарилди!

Telegram янги версияси чиқарилди!

Telegram мессенжерининг навбатдаги янгиланиши чиқарилди. Ушбу янгиланишда Телеграмъга қуйидаги ўзгаришлар ва янгиликлар киритилди:

Махсус билдиришнома товушлари

Энди янги хабарлар билдиришномалари учун исталган товушни, масалан, исталган тарона парчаси, бирор ҳазил ёки мушук миёвлашини ўрнатса бўлади.

Агар керакли қисқа аудиофайл ёки овозли хабар ёзишмада бўлса, уни билдиришнома товушлари рўйхатига қўшиш ва кейин исталган чат учун ишлатиш мумкин.

Товушларга барча қурилмаларда Созламалар > Билдиришномалар ва товушлар рукни орқали кириш мумкин. У ерда янги оҳангларни киритиш ва алоҳида чатлар ёки бутун гуруҳ чатлари учун товушларни созлаш мумкин.

Оҳанглар ҳозирда 5 сониядан камроқ ва ҳажми 300 КБ гача бўлган аудиофайл ва овозли хабарларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, "Билдиришнома товушлари" номли Telegram жамоаси томонидан яратилган каналда айрим намуналарни синаб кўрсангиз бўлади.

Махсус сукут қилиш муддати

Telegram фойдаланувчилари кўп йиллардан буён чатлардаги билдиришномаларни ўчириб қўйиши мумкин эди, масалан, 8 соатга ёки 2 кунга. Энди билдиришномаларни муайян вақтга ҳам фаолсизлантиришингиз мумкин.

Янгиланган менюда чат учун билдиришномаларни тўлиқ ёки вақтинча ўчириш ёки товушни фаолсизлантириб, товушсиз билдиришномалар олишда давом этиш имкони яратилган.

Профилларда янги автоматик ўчириш менюси

Суҳбатларни хавфсизроқ қилиш ёки чатни ортиқча хабарлар билан тўлдирмаслик учун эндиликда исталган чатда Автоматик ўчириш функциясини ёқиш мумкин. Эндиликда хабарларни автоматик ўчиришни ёқиш янада осонлашган ва таймер созламалари янада мослашувчан қилинган – масалан, энди 2 кун, 3 ҳафта ёки 4 ойни танлаш мумкин.

Ёзишмани узатганда жавобларни сақлаш

Telegram'да бирор хабарга жавоб бериш учун уни чапга суриш керак. Жавоб битта босиш орқали асл хабарга тезкор ўтиш имконини берувчи кичик эскизни ҳам ўз ичига олади.

Энди бу жавоб эскизлари муҳокамани ўқиш қулай бўлиши учун узатилган хабарларда ҳам сақланади.

Ботлар учун инқилобий янгиланишлар

Эндиликда Telegram бот дастурчилари JavaScript ёрдамида мослашувчан интерфейсларни яратишлари мумкин. Гап Telegram'даги янги веб-ботлар ҳақида кетмоқда. Ана шундай веб-ботлардан бирига намуна сифатида @DurgerKingBot ботини келтириш мумкин. Ушбу ҳаёлий веб-бот ёрдамида сиз турли хил фаст фудларга буюртма беришингиз мумкин. Веб-ботлар реал вақт режимида ранг мавзуларини фойдаланувчи мавзусига мос келиши учун дастурланиши мумкин, масалан, кун ва тун режимлари орасида алмашганда ёки махсус мавзуларни созлаганда.

Бот админларини тезкор созлаш

Telegram ботлари қўшимча функциялар қўшиш, жараёнларни автоматлаштириш ёки модераторларга ёрдам бериш орқали чатларни бошқариш каби кичик вазифаларни бажариши ҳам мумкин. Фойдаланувчилар энди бевосита бот профилидан гуруҳи ёки каналига ботларни қўшиши ҳамда бот учун ҳуқуқ ва рухсатларни тезкор созлаши мумкин.

iOS иловасида яхшиланган хабар таржималари

iOS қурилмалари учун илова ичидаги таржима функцияси энди аниқроқ ишлайди ва кўпроқ тилларни, жумладан, украин тилини қўллаб-қувватлайди. Энди Android ва iOS иловаларида бир хил тиллар қўллаб-қувватланади.

Бу функцияни Созламалар > Тил рукнидан ёқиш мумкин. Хабарни таржима қилиш учун уни босиш ва чиққан менюда Таржима қилиш тугмасини танлаш керак. Шу билан бирга, Созламалардан таржима қилиш талаб қилинмайдиган тилларни танлаш мумкин ва шунда бу тиллардаги хабарлар учун Таржима қилиш тугмаси беркитилади.

Android иловасида яхшиланган тасвир устида тасвир режими

Telegram иловасида бир вақтда видеолавҳа ёки транслацияни томоша қилиш ва чатларда ёзишмани давом эттириш учун исталган видеони "Тасвир устида тасвир" функцияси ёрдамида алоҳида ойнада очиш мумкин. Энди Android иловасидаги тасвир устидаги тасвир видеолари ўлчамини икки бармоқ билан чимдиш орқали ўзгартириш мумкин ва бу функция барча платформалардаги Telegram иловаларида, жумладан, iOS, macOS ва Telegram Desktop'да ишлайди.

Янги анимациялар

Аккаунт созламаларида телефон рақамини ўзгартириш интерфейсини ҳам янгиланди ва энди унда анимацияли ўрдакни кўриш мумкин.

Янги анимацияли эможилар

Бу сафар анимацияли эможилар қатори таом тасвирлари билан тўлдирилди. Анимацияли эможиларни кўриш учун исталган чатда эможилардан бирини алоҳида хабар сифатида юбориш керак.

Telegram'нинг бу янгиланишини тарқатиш эндигина бошланди. Иловани iOS қурилмаларида App Store, Android қурилмаларида эса Google Play Store иловалар дўконига кириб янгилаш мумкин. Янгиланишни барча учун тарқатиш босқичма-босқич амалга оширилади, шундай экан, агар айни вақтда сизга Telegram янгиланишини келмаган бўлса, ҳавотирга ўрин йўқ, бироздан кейин сизга ҳам албатта янгиланиш келади.

ЎҚИНГ: Янги Need for Speed қачон чиқарилиши маълум бўлди

 
 
 
 
Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.