Telegram’да мана шу никларни асло ишлата кўрманг!

  •   DiMaX
  •  11175
  •  08.08.2020 14:28

Telegram’да мана шу никларни асло ишлата кўрманг!

Ўзбекистонда жуда оммабоп бўлган Telegram мессенжерида ўз телефон рақамини бутунлай яшириш йўриқномасини мана бу мақоламизда берганмиз. Лекин рақамингиз ўрнига ўз профилингизга ник ўрнатишда ҳам эҳтиёткорона ёндашиш зарур.

ЎҚИНГ: Telegram’даги тақиқ, чеклов ва чегаралар

Маълум бўлишича, Telegram маъмурияти ўз профилига «Избранное» ва «Saved Messages» каби никнеймлар қўйиб олганларни блоклай бошлаган. Бу сўзлар аслида мазкур мессенжерда ҳар бир фойдаланувчига тақдим этилган «Танланганлар» функциясининг, яъни – «ўз-ўзи билан суҳбат» чатининг номи эканлигини биласиз.

Бу ҳақда хабар берган «Медуза» нашри мухлисларидан бири тажриба тарзида ўз профилини шунақа номлаб кўрган. Орадан бир неча дақиқа ўтибоқ унинг аккаунтини Telegram блоклаб ташлаган.

«Аккаунтим йўқолиб қолди, энди унга кириб бўлмаяпти – «телефон рақами блокланган» деган хабар чиқиб қоляпти. Уни блокдан чиқариш усуллари ва имконияти ҳақида маълумот ҳам берилмаган», дейди фойдаланувчи.

«Медуза» таҳририяти Telegram қўллаб-қувватлаш хизмати билан боғланиб, мессенжер шунақа номли аккаунтларни блоклаши ҳақида сўраганида, аниқ жавоб беришмаган. Лекин улар, ўз профилини «Избранное» ёки «Saved Messages» шаклида ўзгартириб кўрмаган маъқул эканлигини айтиб огоҳлантиришган.

ЎҚИНГ: ТОП-7: Telegram’нинг сиз билмаган сирлари

Афтидан, бундай аккаунтларни блоклаш жорий ойнинг бошида Telegram мессенжерида пайдо бўлган фирибгарлик билан боғлиқ. Унинг схемаси бунақа бўлган: фирибгарлар турли кишиларга «Saved Messages» номли аккаунтдан ёзиб, дарров ўчириб юборишади. Кейин ўша фойдаланувчи бирор маълумотни «Танланганлар»га юбориб сақлаб қўймоқчи бўлганида, рўйхатда ўша «Saved Messages» ҳам кўринади. Билмасдан унга шахсий маълумотларни, бирор махфий файлни юбориб қўйиш ҳеч гапмас.

Биз ҳам фойдаланувчиларимизга ўз профилни бунақа номлаб кўрмасликни тавсия этамиз. Шунингдек, сўнгги кунларда Ўзбекистонда Telegram-аккаунтни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга уринишлар учраётгани ҳақидаги хабаримиз ва бундан ҳимояланиш усули ўргатилган йўриқномамиз билан ҳам танишиб қўйганингиз маъқул.

ЎҚИНГ: Telegram'да қандай қилиб Америка рақами билан аккаунт очиш мумкин?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!