Telegram’да видеоқўнғироқ ишга туша бошлади – уни қандай фаоллаштирамиз?

  •   DiMaX
  •  9203
  •  24.06.2020 14:12

Telegram’да видеоқўнғироқ ишга туша бошлади – уни қандай фаоллаштирамиз?

Юртимизда оммалашган Telegram кўп жиҳатдан рақобатчиларидан устун; унинг асосий камчилиги эса видеоқўнғироқ функцияси йўқлигидир. Мазкур мессенжер асосчиси Павел Дуров ушбу опция ҳам иловага қўшилаётгани ҳақида аввалроқ айтган эди.

ЎҚИНГ: Telegram ўз тарихидаги энг йирик зарбага учради ва $1,7 млрд.лик лойиҳасидан айрилди!

Ниҳоят, видеоқўнғироқлар функцияси Telegram’да синов тариқасида фойдаланувчиларга тақдим этилди. Лекин у ҳозирча фақат iOS тизими учун ишлаб чиқилган Telegram клиентининг 6.3 рақамли бета-версиясида мавжуд.

Синаб кўришни истаган iPhone эгалари аввало мана бу ҳавола орқали TestFlight дастурини ўрнатиб олишлари лозим. Кейин эса келган таклифномадаги ҳавола ёрдамида  Telegram 6.3 бета-версиясини ўрнатиб, ундаги дебаг-меню орқали уни фаоллаштириш зарур. Яъни, «шестерняча» белгиси устига кетма-кет 10 марта босиш керак. Кейин эса рўйхатнинг энг охиридаги «Experimental Feature» переключателини ёқсангиз, профил менюсида «Видеоқўнғироқ» тугмачаси пайдо бўлади.

Таъкидлаб ўтиш муҳимки, видеоқўнғироқни синаб кўришингиз учун нафақат сизда, балки суҳбатдошингизда ҳам мазкур функция фаоллаштирилган бўлиши лозим. Шундай экан, ушбу йўриқномани яқинларингизга улашинг ва улар билан Telegram’да видеосуҳбат қилинг!

Мессенжернинг Android тизимидаги бета-версиясига ва барқарор клиентларига видеоқўнғироқ опцияси қачон татбиқ этилиши ҳозирча номаълум. Бу борадаги янгиликлардан биринчилар қаторида бохабар бўлиш учун Terabayt.uz сайтини кузатишда давом этинг!

ЎҚИНГ: Уяли алоқа операторлари яна Telegram учун чексиз трафик бера бошлашди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!