Telegram'да янгиланиш: каналлар, миллионлаб тингловчилар, ёзиб олинган чатлар, администраторлар учун воситалар

Telegram'да янгиланиш: каналлар, миллионлаб тингловчилар, ёзиб олинган чатлар, администраторлар учун воситалар

Telegram мессенжери доимий равишда янгиланиб ва яхшиланиб бормоқда. Худди шундай, куни кеча илованинг янги талқини тақдим қилинди.

ЎҚИНГ: РАСМИЙ БАЁНОТ: Telegram асосчиси Clubhouse’да борми?

Telegram 7.6 ҳақидаги расмий мақолани Telegram Uzbekistan ўзбек тилига ўгириб эълон қилган:

«Овозли чатлар биринчи марта декабрда пайдо бўлган эди ва улар гуруҳларда жонли мулоқот қилиш учун янги майдончага айланди. Бугундан бошлаб овозли чатларни каналларда ҳам яратиш мумкин, иштирокчилар сони эса ортиқ чекланмайди.

Бундан ташқари, ушбу янгиланишда овозли чатларни ёзиб олиш, иштирокчилар рўйхатида батафсил ахборот, тингловчилар гапириши учун қўл кўтариш функцияси, гапирувчилар ва тингловчилар учун таклиф ҳаволалари, овозли чатлар номлари ҳамда жамоат арбоблари учун овозли чатларга каналлари номидан қўшилиш усули тақдим этилмоқда.

Каналлар администраторлари ва оммавий гуруҳлар энди миллионлаб жонли тингловчилар учун мезбонлик қилиши мумкин. Суҳбатларингиз қанчалик машҳур бўлишидан қатъи назар янги одамлар унга қўшилиши мумкин. Бу радиостанциялар технологияларнинг янги даражасига чиқишига ўхшайди.

Овозли чатни бошлаш учун сиз администратори бўлган исталган гуруҳ ёки канал профилини очинг, (⋮) ёки (⋯) белгисини босинг ва Овозли чатни бошлаш бандини танланг.

Ёзиб олинган чатлар
Telegram'да қайси маълумотларни изсиз ўчириб ташлаш, қайсиларини сақлаш ва фойдаланишни фақат сиз ҳал қиласиз. Овозли чат администраторлари энди аудиони ёзиб олиши ва муҳокамани ўтказиб юборган кузатувчилар учун уни пост қилиши мумкин.

Ёзиб олишни тугатгач, аудиофайл Сақланган хабарларингизга дарҳол келади. Агар чат ёзиб олинаётган бўлса, бу ҳақида барча билиши учун овозли чат номи ёнида қизил чироқ билан белгиланади.

Қўл кўтариш
Агар барча иштирокчиларга ҳам микрофон рухсат берилмаган бўлса, исталган тингловчи администраторлардан унга сўз берилишини сўраш учун қўл кўтариши мумкин.

Администраторларга кимга сўз беришни танлаш осон бўлиши учун энди иштирокчилар рўйхатида таржимаи ҳол матни ҳам чиқади. У ерда профессионал малакалар, қизиқишларингизни киритишингиз ёки шунчаки ўзингиз ҳақингизда бир нечта сўз ёзишингиз мумкин.

Гапирувчилар ва тингловчилар ҳаволалари
Оммавий гуруҳ ва каналлар администраторлари энди бевосита овозли чатни очадиган таклиф ҳаволаларини яратиши мумкин. Гапирувчилар ва тингловчилар учун алоҳида таклиф ҳаволаларини яратиш мумкин. Бу йўл билан гапирувчилар қўшилганида улар микрофонини ёқишингиз шарт эмас ҳамда тингловчилар учун алоҳида ҳаволани қизиқтирувчи аудиторияли ҳамжамият ва каналларда тарқатиш мумкин.

Янги иштирокчиларга муҳокама мавзусини билдириш учун овозли чат учун ном ҳам танлашингиз мумкин.

Канал номидан қатнашиш
Овозли чатга нафақат ўз номингиздан, балки каналларингиздан бири номидан қўшилишингиз мумкин – шу усул билан жамоат арбоблари ва таниқли шахслар шахсий ҳисобига исталмаган диққат қаратилишининг олдини олиши мумкин.

Масалан, Бразилия ва Туркия президентлари Павел Дуров каналида муҳокамада қатнашиши ва шахсий ҳисобларига жуда кўп хабар келишидан хавфсирамасдан у ерда фойдаланувчилар берган саволларга жавоб бериши мумкин.

Ва бошқа янгиланишлар
Агар хабарларни узатишда бехосдан нотўғри чатни танласангиз, узатишни бекор қилиш ёки бошқа чатни танлаш учун уларни юборишдан олдин Х тугмасини босинг.

Узун овозли хабарларни тинглаётганда ижрони қолган жойидан давом эттиришингиз мумкин. Бу имконият аввал узун видеолар ва тароналар учун мавжуд эди ва биз ҳаммасига нисбатан жорий қилдик, деб ўйлаган эдик, лекин кейин бувимиз ҳам Telegram'да ҳисоб очди.

Android фойдаланувчиларимизга бугун яна битта қўшимча функция тақдим этилмоқда. Улар энди чатлар рўйхатида чапга суриш учун қайси амал белгиланишини танлаши мумкин: чатларни архивлаш, қадаш, сукут қилиш, ўчириш ёки ўқилган деб белгилаш. (iOS қурилмаларида қандай усулда суришингизга қараб ушбу барча суриш амаллари ҳар доим мавжуд.)

Бугунча шулар, кейинги янгиланишларни кузатиб боринг!

2021-йил, 19-март
Telegram жамоаси»

ЎҚИНГ: Telegram ёрдамида исталган видеодан осонгина усулда GIF ясаймиз

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.