Telegram’ни янгилаб олинг: Тўловлар 2.0, режалаштирилган овозли чатлар ва янги веб-версиялар

  •   DiMaX
  •  1781
  •  27.04.2021 10:25

Telegram’ни янгилаб олинг: Тўловлар 2.0, режалаштирилган овозли чатлар ва янги веб-версиялар

Бу галги янгиланишда исталган чатда тўлаш учун тўловлар 2.0, овозли чатлар учун режалаштириш ва мини профиллар, браузерлар учун Telegramнинг янги версиялари ва бошқалар тақдим этилмоқда. Ушбу апдейт ҳақдаги Telegram Uzbekistan ўзбекчалаштирган расмий мақолани эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

ЎҚИНГ: Telegram’да янги вакансиялар очилди, ишлайсизми?

Тўловлар 2.0

Тўлов хизматларини қўллаб-қувватлаш биринчи марта 2017 йилда пайдо бўлган эди. Тўлов ботлари фойдаланувчиларга исталган маҳсулот ва хизматлар учун хавфсиз тарзда тўлаш имконини берди.

Бугунги янгиланиш Stripe ва CLICK каби 8 та тўлов тизими ёрдамида исталган чатда карта орқали тўловларни қабул қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, тўлов пайтида чойчақа қўшиш ва севимли муаллиф, қаҳвахона ёки дўконни қўллаб-қувватлаш имконлари мавжуд. Тўлов учун исталган иловадан, жумладан, компьютер учун Telegramдан (Telegram Desktop дастуридан) фойдаланиш мумкин.

Тўловлар платформаси очиқ ва бепул – Telegram комиссия олмайди ва тўлов маълумотларини сақламайди. Реквизитлар бевосита тўлов тизимига, етказиб бериш ахбороти эса маҳсулотни юбориши учун сотувчига юборилади.

Янги имкониятларни ҳақиқий маҳсулотларга тўламасдан амалда синаб кўришингиз учун ушбу синов каналида бир нечта нархсиз маҳсулотларни жойлаштирдик.

Шахсий ботини яратишни хоҳлаганларга эса дастурчилар учун техник ҳужжат фойдали бўлади.

Исталган сотувчи Telegram’дан қўшимча тасдиқлашлар олмасдан Тўловлар API ишлатишни бошлаши мумкин. Тўловларни интеграциялашга қизиқувчи дастурчилар Тўловлар бўйича қўлланмада барча тафсилотларни топиши мумкин.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси ҳақида фильм тайёр – трейлерини томоша қиламиз!

Режалаштирилган овозли чатлар

Овозли чатлар ёрдамида танишлар даврасида суҳбатлашиш ва миллионлаб тингловчиларга эга трансляцияларга уланиш мумкин.

Энди гуруҳ ва каналлар администраторлари барча хоҳловчилар режаларини тузиши, танишларига ҳодиса ҳақида айтиши ва попкорнни захиралашга улгуриши учун муайян сана ва вақтга келгуси овозли чатни режалаштириши мумкин.

Фойдаланувчилар чатнинг юқори қисмида рангли ортга ҳисоблагични кўради ва овозли чат бошланиши ҳақидаги билдиришномани ёқиши мумкин.

Режалаштирилган овозли чатларни сиз администратори ҳисобланган гуруҳ ёки канал профилидан яратиш мумкин. Android қурилмасида ⋮ > Овозли чатни бошлаш > Овозли чатни режалаштириш рукнини босинг. iOS қурилмасида Овозли чат тугмасини босинг ва Овозли чатни режалаштириш бандини танланг.

Хавотирланманг, ортга ҳисоблагич нолга етганида овозли чат автоматик бошланмайди – у фақат администратор Ҳозир бошлаш тугмасини босганидан кейин бошланади.

ЎҚИНГ: Наркотиклар рекламасига қарши Телеграм-бот яратилди

Овозли чатларда профилдан ахборот

Овозли чат ойнасидан энди исталган фойдаланувчининг расмини ва таржимаи ҳолини кўриш мумкин. Бу сиз суҳбатлашаётган одам ҳақида яхшироқ билиб олиш учун фойдали.

Бевосита овозли чатдан расмларингизни алмаштириш ва таржимаи ҳолингизни таҳрирлаш мумкин. Масалан, ўйин партияси учун бирор қаҳрамонга тезда айланиш ёки сўзга чиқишдан олдин галстукли расмингизни юклаш мумкин.

Браузерлар учун янги веб-версиялар

Браузерлар учун Telegram’нинг биринчи версияси 2014 йилда ишга туширилган эди. Шундан буён ички рақобат руҳимиз шивирларди: «Иккита веб-версияга эга бўлиш мумкин бўлатуриб, нима учун биттагина веб-версиямиз мавжуд?»

Бугун биз иккита янги, тўлиқ функцияли Telegram веб-иловаларини тақдим этмоқдамиз – ҳар иккаласи ҳам анимацияли стикерлар, тунги режим, чатлар учун жилдлар ва бошқа имкониятларни қўллаб-қувватлайди.

Янги веб-версиялар билан ҳар қандай қурилма – компьютер ёки мобил телефонда чатларингизга дарҳол киришингиз мумкин. Бу иловалар ниҳоятда самарали бўлиб, фақат 400 КБ юклаб олишни (бу 2 та расм ҳажмидан кичикроқ) талаб қилади ва улар ўрнатилмайди.

Ҳар иккала версияни ҳам синанг ва қайси бири кўпроқ ёқишини кўринг:

Бошқа Telegram иловаларимиз каби улар телефонингиздан мустақил равишда ишлайди: аккаунтингизга кирганингиздан кейин телефонингизни яқин-атрофда ёки интернетга уланган ҳолатда сақлашингиз шарт эмас.

Таклифлар ва хатоликлар ҳақида хабар қилиш оммавий платформамизда таклифларни билдириш мумкин.

ЎҚИНГ: Жиззахда мактаб директорининг ўринбосари Telegram’даги ёзишмалари сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирди

Android учун бевосита юклаб олиш

iOS фойдаланувчилари ушбу янгиланишни аллақачон App Store дўконидан юклаб олиши мумкин, Google эса «иш жадвалларидаги ўзгаришлар туфайли ҳозирча кўриб чиқиш жараёнига одатдагидан кўпроқ вақт кетишини» айтди. Яхшиямки, кўриб чиқиш тугагунига қадар кутишингиз шарт эмас.

Исталган киши бевосита тtelegram.org сайтидан Android учун Telegram иловасини юклаб олиши мумкин. Бундай усулда ўрнатилган иловалар автоматик янгиланади ва кўпроқ эҳтимол билан янги версияларни бир неча кун ёки ҳафта тезроқ олишингиз мумкин, чунки янги версия дўкон томонидан кўриб чиқилишини кутишингиз керак бўлмайди.

Telegram қайта ишлаб чиқиш мумкин бўлган йиғмаларни қўллаб-қувватлайди. Қурилмангиздаги илова GitHub сайтида нашр қилингани билан аниқ бир хил очиқ манба кодидан яратилганлигини ҳар доим текширишингиз мумкин.

Тез катталаштириш

Энди чатда расм ва видеоларни уларни очмасдан тез катталаштиришингиз мумкин: шунчаки иккита бармоқ билан чимдинг.

ЎҚИНГ: Хорижга чиқишга «тақиқ» бор-йўқлигини Telegram-бот орқали текшириш мумкин

Яхшиланган видеоплеер

iOS фойдаланувчилари +/- 15s тугмаларини бармоқ билан босиб туриш орқали видеоларни олдинга суриши ёки орқага қайтариши мумкин. Android қурилмасида экраннинг ўнг ёки чап қисмини босиб туриш орқали видеода ушбу амалларни бажариш мумкин. Икки марта босилганида 10 сония ўтказилади.

Маслаҳатлар ва янги Android анимациялари

Ҳар бир янгиланиш билан Android учун илова янада равонроқ ишламоқда ва янги анимациялар билан тўлдириб борилмоқда. Бу сафар – ён меню чиққанида ва чатлар рўйхатидан чатга қайтишда.

Telegram функциялари ҳақида батафсил билиб олиш учун чап менюда Telegram функциялари рукнини босинг ёки @TelegramTips каналига киринг.

Telegram вакансиялари

Ҳозирча шулар. Биз аллақачон кейинги янгиланишлар устида ишламоқдамиз. Агар ҳозиргина «Бечоралар, бироз дам олинглар», деб эмас, балки «Ажойиб, мана иштиёқ!» деб ўйлаган бўлсангиз, сизга вакансияларимиз рўйхати билан танишиб чиқишни таклиф қиламиз.

Telegram жамоаси, 2021 йил, 26 апрель.

ЎҚИНГ: Kun.uz масъул ходимининг Telegram-аккаунтига бузиб киришди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!