Telegram'нинг навбатдаги янгиланиши шу ерда!

Telegram'нинг навбатдаги янгиланиши шу ерда!

Бир неча ойлик бета синовлари ва Apple'нинг икки ҳафталик кўриб чиқиш жараёнидан сўнг, ваниҳоят, Telegram'нинг навбатдаги янгиланиши чиқарилди. Қуйида ушбу янгиланиш нималарни ўз ичига олганлиги билан танишамиз.

Топиклар (ёхуд гуруҳлардаги мавзулар)

Telegram гуруҳлари 100 минглаб одамларни ўз ичига сиғдира олади. Эндиликда Telegram ушбу гуруҳларда суҳбатлашишни янада осонроқ қилиш учун топиклар, яъни гуруҳлар ичида кичик гуруҳлар очиш хусусиятини қўшмоқда. Бунда 200 дан ортиқ обуначиларга эга гуруҳлар топикларни ёқишлари ва турли мавзуларда алоҳида "хона" очишлари мумкин бўлади.

Топиклар худди мустақил чатлардек ишлайди, яъни уларда улашилган медиа ва файллар асосий гуруҳда улашилганларга аралашиб кетмайди. Шунингдек, улар ҳам ўзининг алоҳида билдиришнома созламаларига эга ва уларда ҳам сўровномалар яратиш, хабарларни юқорига қадаш ёки ботларни қўшиш мумкин.

Администраторлар Гуруҳ Созламалари орқали топикларни ёқишлари ва кимлар топиклар яратишлари/бошқаришлари мумкинлигини белгилай олишади.

Коллекцияланадиган юзернеймлар

Навбатдаги Telegram янгиланиши билан сиз ўзингизнинг оддий юзернеймингиз ёнига Fragment платформасидан сотиб олинган "коллекция қилса бўладиган юзернейм"ларнинг бир нечтасини қўшишингиз мумкин бўлади. Маълум бўлишича, сиз бундай юзернеймларни гуруҳ ёки каналингизга ҳам улашингиз мумкин. Kоллекцияланадиган фойдаланувчи номлари ҳам оддийлари каби Telegram глобал қидирув натижаларида пайдо бўлади ва улар ҳам username.t.me ва t.me/username каби ҳаволаларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Хоҳловчилар ўзларининг қўшимча юзернеймларини йўқотмасдан уларни қидирувларда чиқмайдиган қилиб ўчириб қўйишлари ҳам мумкин. 

Оддий юзернеймлардан фарқли ўлароқ коллекцияланадиган юзернеймлар 5 ҳарфдан ҳам кам бўлиши мумкин. Сотиб олинган фойдаланувчи номлари эгалари улар устидан тўлиқ бошқарувга эга бўлишади, яъни хоҳласалар уларни қайта сотиб юборишлари ҳам мумкин бўлади.

Видео хабарларда овозни матнга айлантириш

Албатта, Telegram Premium эгалари учун ҳам янги функция мавжуд: энди сиз юмалоқ видео хабарлардаги овозларни ҳам матнга айлантиришингиз мумкин.

Янги эможи тўпламлари

Premium обуна эгалари учун яна бир кичик янгилик: Telegram дизайнерлари аввалги махсус эможиларга қўшимча тарзда яна 12 та янги эможи тўпламларини чиқаришди.

iOS учун янги дизайнланган тунги режим

Telegram'нинг iOS учун иловасида тунги мавзу дизайни янгиланган бўлиб, бунда ранглар янада мувозанатлаштирилган, ҳамда, чатлардаги хабарларни варақлашда хиралаштириш эффекти яхшиланган.

Android учун иловада матн ўлчамини ўзгартириш

Android учун Telegram иловасида ҳам кичик созлама ўзгариши мавжуд: Чат созламаларида матн ўлчами ўзгартирилганида, энди нафақат матнлар, балки жавоб қайтарилган хабар ва бошқалар ўлчами ҳам ўзгаради.

Кичик дизайн янгиланишлари

Юқоридагиларга қўшимча тарзда, Telegram'да хабарга жавоб бериш учун уни чапга сурилганида янги анимация, фойдаланувчи профилидаги телефон рақамига босилганида бир нечта чақирув вариантларига эга янги меню очилиши ва чатлардаги хабарларни юклаш вақтида янги матн блоклари анимацияси ҳам қўшилган.

Янги интерактив эможи ва реакциялар

Янгиланиш, шунингдек, еттита янги интерактив эможиларни ҳам ўз ичига олади. Улар бирга-бир чатларда тўлиқ экран эффектига эга, қолаверса уларни реакция сифатида ҳам ишлатиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, янгиланиш эндигина эълон қилинди ва у ҳозирда барчага тарқатилмоқда. Агар сизга янгиланиш келмаган бўлса, бироздан сўнг қайта уриниб кўринг.

ЎҚИНГ: Қандай қилиб фирибгарлар янгича усул билан Telegram аккаунтингизга кириб олиши ҳақида

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.