Telegram’нинг янги талқини: каналлар статистикаси, Android’да хабарларни жилдларга саралаш ва бошқалар!

  •   DiMaX
  •  1287
  •  26.03.2020 10:23

Telegram’нинг янги талқини: каналлар статистикаси, Android’да хабарларни жилдларга саралаш ва бошқалар!

Оммавий мессенжер – Telegram турли тиллардаги фойдаланувчилар учун уни ўз тилларига ўгириш имконини берувчи Таржималар платформаси жорий этганидан хабарингиз бор. Унда пайдо бўлган янги ёзувлар эса ушбу мессенжернинг кейинги талқинида қўшиладиган янги функциялардан хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Telegram’ни ўзбекчага ўгиришда кўмаклашинг!

Уларга қараганда, Telegram’нинг навбатдаги версиясида каналлар статистикаси қўшилмоқда.

Яъни, каналларнинг маъмурлари (администраторлари) энди қуйидаги маълумотларни кўра оладиган бўладилар:

— Обуначиларнинг график шаклидаги сони.

— Постларни кўришларнинг график шаклидаги сони (соатлар/кунлар бўйича).

— Канал ўқувчиларида ўрнатилган тил.

— Ўқувчилар постга қайси манбадан ўтганликлари.

— Постларни кўришларнинг ва улардан улашилган репостларнинг ўртача сони.

— Канал обуначиларининг неча фоизида билдиришнома ёқиқ эканлиги.

ЎҚИНГ: Telegram’да йирик тозалаш: Ўзбекистондаги 13 миллион обуначи йўқ қилиниб, каналларга қизил тамға урилди!

Бундан ташқари, мазкур мессенжернинг Android-клиентининг beta-версиясига аллақачон янги имкониятлар жорий этилди. Улардан энг асосийси – фойдаланувчилар энди Telegram’даги хабарларни жилдлар (ёки варақа – «вкладка»лар) кўринишида саралашлари мумкин!

Эсингизда бўлса, аввалроқ Telegram’нинг барқарор macOS иловасида ушбу функция жорий этилган, яқинда эса мессенжернинг iOS-клиенти бета-талқинида ҳам шу имконият тақдим қилинган эди.

Бундан ташқари, Android учун версиясида яна қуйидаги ўзгаришлар мавжуд:

— Созламаларнинг янгиланган дизайни.

— Ўйин соққаси.

— Чатнинг умумий медиаларида GIF-анимациялар учун алоҳида варақа.

Android-смартфонлар эгалари ушбу имкониятларни синаб кўриш учун Telegram’нинг 5.16.0 (18979) рақамли beta-талқинини мана бу ҳавола орқали кўчириб олиб ўрнатишлари мумкин.

ЎҚИНГ: Ўзбекистоннинг «Koronаvirus info» каналини Telegram расман тасдиқлади

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!