ТераТавсиф: Samsung Galaxy A21s (2-қисм)

ТераТавсиф: Samsung Galaxy A21s (2-қисм)

Samsung Galaxy A21s'га бағишланган тавсифимиз давом этади. Қуйида смартфоннинг дизайни ва қурилмавий тузилишига батафсил тўхталамиз.

Тавсифнинг бошқа қисмлари билан танишиш учун бу ерга босинг.

Дизайни ва қурилмавий сифати
Galaxy A21s одатий бюджет смартфонларидан, аммо қурилма кўринишидан арзон моделлиги билинмайди. Олд томоннинг катта қисми экран билан қопланган, орқа панель ва ён томон ромлари эса пластикдан ишланган. Samsung чиройли телефон яратишни билади. Galaxy A21s'нинг дизайни шахсан бизга ёқди.

Galaxy A21s'нинг эътиборга молик жиҳатларидан бири 6.5 дюйм диагоналли PLS TFT экранидир. Дисплейнинг юқори чап томонига айланасимон кичик камера тириқиши ўрнатилган. Ҳозирги аксарият смартфонларда бўлгани каби қаҳрамонимиз экрани четлари юмалоқ бурчакли, ҳошиялар ҳам анчайин ингичка.

Ишлаб чиқарувчи Galaxy A20'га Super AMOLED экран қўйган эди, аммо A20s'дан бошлаб LCD панеллар қўйила бошланди. A21 ва A21s'ларда ҳам ушбу ўзгариш татбиқ қилинди. Аммо Galaxy A моделларининг кўпига AMOLED экран қўйилади. Агар сиз AMOLED ишқибози бўлсангиз, олдингизда қатор танловлар бор.

Galaxy A21s'га қайтсак. Смартфон экрани модель тоифасини инобатга олсак, яхши. Лекин ранглар бироз ювилган (аниқ эмас) кўринади. Камера тирқиши атрофидаги экран ёритилиши бир текисда бўлмаса керак, деб ўйлашингиз мумкин, чунки LCD панелларда бу муаммо кузатилади. Бироқ Samsung бундай нотекисликни имкон қадар минималлаштиришга эришган — Galaxy A21s'дан қимматроқ смартфонларда бу камчилик анчайин аниқ кўзга ташланганини кўрганмиз.

Тирқиш ичини 13 мегапикселлик кичик камера уя қилган. Олд карнай туйнуги эса экрандан юқорига, пластик ром ва экран шишаси кесишган жойга, ўрнатилган. Билдиришномалар учун LED чироғи мавжуд эмас.

Ён томондаги ромлар қайрилган ва фақат пластикдан ишланган. Ромлар ярқирамайдиган («матовое») сайқалга эга бўлгани боис смартфон қўлдан сирпаниб кетмайди (айниқса, юриб кетаётиб расм олаётганингизда ёки видео кўраётганингизда).

Чап томонда иккита SIM карта ва битта microSD карта учун учта уя; ўнг томонда овоз баландлиги назорати ва қувват тугмалари; пастда USB-C порт, карнай, 3.5 мм аудио жек ва микрофон жойлашган.

Орқа панель ҳам пластикдан ишланган, аммо пластик устидан бир неча қават бўёқ қоплангани боис панель ялтираб туради. Корпус бармоқ изи ёки доғ тегмаганда жуда чиройли кўринади, (тушган нур ва атроф ёруғлигига қараб) кўк-қирмизи-яшил ранглар градиант тус акс эттиради. Агар корпус ҳар доим мана шундай чиройли бўлиб туришини хоҳласангиз, қурилмангизни тез-тез тозалаб туришингизга тўғри келади.

Тўрт камерали модул ва LED чироғи орқа чап томонга ўрнатилиб, корпуснинг қолган майдонидан қора тўртбурчак билан ажратилган. Модул корпусдан фақат бироз бўртиб чиққан. Телефонни стол устига қўйсангиз, унчалик кўп тебранмайди.

Бу тўртбурчак ичини 48МП асосий, 8МП ультракенг бурчакли, 2МП макро ва 2МП сатҳ камералари банд қилган. Ён томонда LED чироғи бор.

Ишлаб чиқарувчи бармоқ изи сканерини ҳам орқа панелга қўйган. Бу датчик ҳар доим ёниқ туради ҳамда ўзининг аниқ ва тез ишлаши билан кишини лол қолдиради.

Galaxy A21s кичкина смартфон эмас. 6.5" экрани билан кичкина ҳам бўла олмайди. Қурилма анчайин ингичка ва ишлатишга қулай, айниқса, One UI'даги бир қўллик бошқарув борасида қилинган энг сўнгги ўзгаришлардан сўнг. Қаҳрамонимиз қўлга яхши ўрнашади, сирпаниб кетишидан хавотирланишга ҳожат йўқ.

Аммо смартфон сувдан ҳимояланмаган. Сувни қайтарадиган ҳеч қандай қоплама ёки портлар атрофида бирор-бир резина ҳимоялагич йўқ. Samsung'нинг рақиблари арзон смартфонларини ҳам сувдан маълум бир усуллар билан ҳимоялашга ўта бошлаган. Умид қилиб қоламизки, кореялик компания ҳам келаси бюджет моделларида буни инобатга олади.

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Xiaomi Redmi Note 9 Pro (2-қисм)

Хулоса

8балл

Umumiy baho

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Asaxiy (32GB) 1 943 000 сўм Сотиб олиш
Olcha (32GB) 1 948 000 сўм Сотиб олиш
Radius (32GB) 1 999 000 сўм Сотиб олиш
Openshop (32GB) 2 040 000 сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Kichik tirqishli katta va keng ekran
  • Aʼlo darajadagi akkumulyator avtonomligi
  • Eng soʻnggi Android va One UI
  • Toifasi uchun yuqori darajadagi tasvir va video sifati
  • NFC

 Камчилиги

  • Protsessor samaradorligi inadekvat
  • Ekrandagi ranglar tiniq emas
  • Selfilar sifati talab darajasida emas
  • Biroz sekin quvvat oladi
Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!