ТераТавсиф: Samsung Galaxy A52 5G

ТераТавсиф: Samsung Galaxy A52 5G

Samsung 2021 йилнинг энг яхши Android смартфони — Galaxy S21 Ultra'ни тақдим этганди, бироқ 10 миллион сўмдан ҳам қимматроқ бўлган бу смартфонни олиш катта харажат ҳисобланади. Galaxy A52 5G бу нархнинг ярмидан ҳам арзонроқ, бироқ бу Galaxy A52 эътиборга лойиқ эмас деганимикан?

Samsung ўзининг А сериясидаги ўрта тоифа смартфонларининг мижозларга ёқиши ва бу оилага мансуб қурилмаларнинг кўплаб бозорлар учун мос бўлишини таъминлашда анчайин тер тўкмоқда. A52 5G смартфони S21 Ultra'га тенглаша олмаса-да, смартфонни нархига арзийдиган қурилма деб бемалол аташ мумкин.

ЎҚИНГ: Galaxy A52'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Бу йилги Galaxy A52 ўтган йилги A51'дан анча такомиллашганини кўриш мумкин.

Кўпчилигимиз смартфонимиз сифатли камера ва фойдаланишга қулай бўлган интерфейсга эга бўлишини хоҳлаймиз. Samsung'дагилар шу ва бошқа жиҳатларни инобатга олган ҳолда тақсинга лойиқ Galaxy A52 5G смартфонини яратди.

Дизайн
Galaxy A52 5G'нинг ялтирамайдиган («матовый») қилиб сайқалланган орқа панели майин ва худди шишага ўхшайди. Панель на шиша ва на металлдан ишланган, бироқ узоқдан қараганда, буни пайқаш қийин. Орқа панель ўзида бармоқ изи ушламайди. Қурилма 189 грамм оғирликка эга бўлса-да, вазн бутун смартфон бўйлаб тенг тақсимлангани боис бу унчалик ҳам билинмайди.

Яна бир яхши янгилик шуки, смартфон корпусида 3.5 мм аудио жек учун жой топилган. Бундан ташқари, смартфон microSD картасини ҳам қўллаб-қувватлайди. Қурилма 8.4 мм қалинликка эга.

Дизайн борасида хулоса қилсак, бироз йўғон эканини инобатга олмасак, Galaxy A52 5G ўта қиммат нархга эга бўлмагани ҳолда, чиройли дизайнли, мувозанатлашган, кўринишидан премиум смартфондир.

Samsung Galaxy A52 5G'нинг техник жиҳатлари:

> Корпус: 159.9х75.1х8.4 мм, 189 г, ром ва орқа панель пластикдан ишланган, олд томон Gorilla Glass 5 билан ҳимояланган, IP68 чанг ва сувдан ҳимоя (1 метргача 30 дақиқа)

> Дисплей: 6.50 дюйм SuperAMOLED, 90Hz янгиланиш частотаси, 800 нит ёрқинлик, 1080х2400 резолюция, 20:9 форма фактори, 407ppi пиксел зичлиги

> Чипсет: Qualcomm SM7225 Snapdragon 750G 5G (8 нм): саккиз ядроли (2x2.2 GHz Kryo 570 & 6x1.8 GHz Kryo 570); Adreno 619

> Хотира: 6/128ГБ, 8/128ГБ, 8/256ГБ; microSDXC (иккита SIM-карта ёки битта SIM-карта ва microSD)

> ОТ/Дастурий таъминот: Android 11, OneUI 3.1

> Орқа камера: •Асосий камера: 64МП, f/1.8, 26мм, 1/1.7X", 0.8µm, PDAF, OIS; •Ультракенг: 12МП, f/2.2, 123 кўриш майдони, 1.12µm; •Макро: 5МП f/2.4; •Сатҳ: 5 МП, f/2.4

> Олд камера: 32МП, f/2.2, 26 мм (кенг), 0.8µm

> Видео ёзув: •Орқа камера: 4К@30 кадр/сек., [email protected]/120 кадр/сек.; гиро-EIS; •Олд камера: 4К@30 кадр/сек., [email protected] кадр/сек.

> Аккумулятор: 4,500 мАс; 25 ватт тезкор қувватланиш имконияти, 50% 30 дақ. (рекламага кўра)

> Бошқа: Бармоқ изи сканери (экран остида); 3.5 мм аудио жек.

Экран
A52 5G'нинг экрани ҳошиялари сезиларли даражада қалин, бироқ бу унчалик ҳам аҳамиятли эмас. Энг қалин ҳошия экран қуйисидаги ҳошиядир. Бироқ шундай бўлса ҳам, девайс кўринишидан замонавий. 6.5 дюйм диагоналли Super AMOLED панелнинг пиксел резолюцияси 2,400х1,080p ни ташкил қилади. Экрандаги кадр янгиланиш частотаси эса 120Hz га тенг. A52 5G экранининг ёрқинлик даражаси ташқи шароитда ҳам анча юқори. Кўриш бурчаклари ҳам аъло даражада.

Galaxy S20, S20 FE ва S10 смартфонлари экрани ҳақида анчайин мақтовларни эшитганмиз. A52 5G экрани ҳам сизга худди шундай визуал амалиёт тақдим этади, бироқ анчайин арзонроқ нарх эвазига.

Аккумулятор қувватини тежаш учун экраннинг 120Hz янгиланиш частотасини 60Hz га созлаб қўйсангиз бўлади. Экраннинг юқори марказига қўйилган кичик айланасимон селфи камера тирқиши ҳам флагманларники каби.

Galaxy A52 5G'га экраности бармоқ изи сканери қўйилган. Лекин, афсуски, бу Galaxy S21'ларга ўрнатилган янгиланган сенсор эмас, балки ўтган йилги S20 Ultra ва Note20 Ultra'ларга қўйилган анчайин ишончсиз сенсордир. Биометрик маълумотлардан, шунингдек, қулфни юзга очиш функцияси ҳам бор, бироқ буни ҳам энг тезкор ёки тўғри ишлайдиган тизим деб бўлмайди.

Орқа панелдаги тўртта камера жамланмасининг асосийси 64 мегапиксел аниқликка эга ва тасвирни оптик барқарорлаштириш имкони, фазани аниқловчи автофокус ҳамда f/1.8 диафрагма билан жиҳозланган. Қолган камералар эса 12 мегапикселлик ультракенг бурчакли ва 5 мегапикселлик макро ва сатҳ камераларидир. Асосий камера 4K аниқликда сониясига 30 та кадр олишга қодир. Тунги Режим ва Single Take функцияси ҳам хизматингизда.

Galaxy A52 5G камерасида олинган фотоларни, умуман, яхши дейиш мумкин. Ёрқин кунда олинган суратлар ҳаддан ташқари тўйинган эмас, ранглар палитраси эса кўзга ёқувчи тасвирларни ҳосил қилиб беради. Бироқ баъзан камера яшил рангга ҳаддан ташқари кўп урғу қаратади, бунинг натижасида олинган тасвирлар бироз нотабиий чиқади. Ушбу ҳолат кўпинча ультракенг бурчакли камера билан кузатилади.

...

Портрет режими ҳам яхши ишлайди, субъектни осон аниқлайди, бироқ субъект четларини фондан ажратиш борасида қимматроқ Galaxy'лар билан беллаша олмайди. Galaxy A52 5G'нинг камераси Gooogle Pixel 4a камераси каби сифатли эмас. Қурилмага ўрнатилган линзалар олдинги Samsung'лар камерасидаги айни муаммога эга — тасвир сифатида беқарорлик ва баъзан ҳаддан ташқари тўйинган ранглар. Ваҳоланки, кунлик одатий вазиятларда олинган суратларни мақбул даражада дейиш мумкин.

Дастурий таъминот ва унумдорлик
Galaxy A52 5G Android 11 асосига қурилган OneUI 3.1 дастурий таъминотида ишлайди. Смартфон Snapdragon 750G платформаси ва 6ГБ тезкор хотирага эга. A52 5G'га ўрнатилган дастурий таъминот тезлиги, силлиқ ишлаши ва функциявийлиги борасида ҳеч қандай эътироз йўқ.

Samsung'нинг OneUI 3.1 интерфейси тушунарли меню ва созламаларга эга ва фойдаланишга қулай. Билдиришномалар ўз вақтида кўрсатилади ва улар орқали маълум амалларни бажариш имкони ҳам мавжуд.

Samsung'дагилар Galaxy A52 5G'га ўзларининг Exynos процессорини эмас, qualcomm'нинг саккиз ядроли Snapdragon 750G платформасини ўрнатишган. Смартфон бутун дунёда мана шу чип билан сотилади. Процессор билан ўйинлар ўйнаш амалиётингиз мароқли кечади: Asphalt 9: Legends ўйнини оласизми ёки Genshin Impact'ними — SoC қизиб кетмайди. Албатта, бу чипни S21 Ultra'даги SD888 каби тезкор деб бўлмайди, бироқ кундалик вазифаларни ҳеч қандай қотишларсиз амалга оширишингизни таъминлайди.

Нормал шароитлардан 4,500 мАс сиғимли аккумулятор қуввати икки кунга бемалол етади. Агар ўйин ўйнасангиз, албатта, икки кунлик автономлик кафолатланмайди, бироқ 120Hz частотали экран билан фото ва видеолар томоша қилсангиз, кун охирида ҳам қувват миқдори 50% дан кўпроқ бўлади. A52 5G фақат сим билан, 25 ватта қувват олади, яъни тўлиқ зарядланиш учун 80 дақиқа талаб қилинади.

Нархи
Samsung Galaxy A52 5G смартфонини 6ГБ/128ГБ конфигурацияда Samsung'нинг онлайн дўкони ва amazon'дан 490 доллардан бошлаб харид қилсангиз бўлади. Ўзбекистонда эса фақат Galaxy A52 4G қурилмаси сотилмоқда. Samsung Uzbekistan'нинг ижтимоий тармоқларда ёзишича, A52 4G'ни ўртача 3,937,500 сўмдан бошлаб сотиб олиш мумкин. Смартфон оқ, қора, кўк ёки бинафша рангларда сотувда мавжуд.

Смартфон қанча муддатга чидаш беради?
A52 5G смартфони IP67 даражали чанг ва сувдан ҳимояга эга. Samsung'нинг айтишича, смартфон тўрт йил давомида учта асосий Android янгиланишини қабул қилади. 5G алоқасининг борлиги ҳам яхши янгиликлардан (агар сиз яшайдиган ҳудудда 5G бўлса, албатта). Бундан ташқари, microSD карта слоти ва контактсиз тўловлар учун NFC борлиги ҳам смартфоннинг «плюс» томонларидан. Агар ашаддий геймер бўлмасангиз, смартфон сизга 2—3 йил муаммоларсиз хизмат қилади.

Galaxy A52 5G сотиб олишга арзийдими?
Ҳа, Samsung Galaxy A52 5G'нинг дизайни, унумдорлиги, нархи ва бошқа қатор жиҳатлари кўплаб талабларга жавоб беради. Смартфон сотиб олишга арзийди.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy A42 5G'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Хулоса

Digital Trends

9.3балл

«Аъло даражадаги Samsung Galaxy A52 5G муваффақиятли чиқди — дизайни яхши, сизга керак бўлган барча вазифани бажаради, яхши фотолар олади, аккумулятор қуввати икки кунга етади ва айни дамда нархи ҳам ўртача».

Дизайн

Дисплей

Камера

Функциявийлик

Aлоқа

Унумдорлик

Aккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Amazon $569.99 (5G) Сотиб олиш
MEDIAPARK 4 259 000 сўм (4G) Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Аккумулятор қуввати икки кунга етади
  • Камера ижтимоий тармоқларда улашишга арзийдиган фотолар олади
  • IP67 ҳимоясига эга

 Камчилиги

  • Бармоқ изи сканери самарасиз
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!