ТераТавсиф: Samsung Galaxy A71 (1-қисм)

ТераТавсиф: Samsung Galaxy A71 (1-қисм)

ТераТавсифнинг навбатдаги қаҳрамони — Samsung Galaxy A71 смартфони. Уч қисмдан иборат тавсифимизнинг ушбу қисмида смартфон билан яқиндан танишиб, унинг техник жиҳатлари, қадоқ таркиби ва дизайнини кўздан кечирамиз.

Тавсифнинг кейинги қисмлари эълон қилиниши билан уларни бу ердан ўқишингиз мумкин бўлади.

Танишув
Samsung'нинг ўрта тоифа смартфонлари линейкаси Galaxy A51 ва A71 смартфонлари билан ҳақиқий ўзгаришга юз тута бошлади. Қуйида тавсифини қилишни режалаштирган смартфонимиз ушбу оиланинг юқорироқ синфига мансуб.

Galaxy A71 Galaxy A70'нинг янгиланган талқини эканлигидан яхши хабардорсиз. Қаҳрамонимиз A70'дан экрандаги тирқиши кичикроқ экани, янги чипга эгалиги, каттароқ резолюцияга эга камералари ҳамда янгироқ Android ва OneUI интерфейслари билан ажралиб туради.

Ваҳоланки, Galaxy A смартфонлари ҳали ҳам шиша/пластик қоришмасидан иборат корпусга эга, сувдан ҳимоя эса мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, A71 каттагина, яъни 4,500 мАс сиғимли аккумулятор ва тезкор қувватлаш имкониятига эгалиги яхши янгилик.

Ўрта тоифа смартфонлари орасида Snapdragon 730 чипи роса оммалашди, Galaxy A71'га ҳам айнан шу микросхема ўрнатилган. Ушбу SoC билан ўйинларни бемалол ўйнашингиз мумкин. Камераларга тўхталиб ўтсак, бизнинг смартфон 64МПлик асосий камерага эга. Бунга қўшимча, қаҳрамонимизнинг макро камераси ҳам бор.

Samsung Galaxy A71'нинг техник жиҳатлари

> Корпус: шишадан ишланган олд панель (Gorilla Glass 3), поликарбонатдан ишланган орқа панель ва ром;
> Дисплей: 6.7 дюймлик Super AMOLED, 20:9, FHD+ (1080х2400 пиксел), 393 пиксел/дюйм зичлик;
> Орқа камера: •Асосий: 64МП, 1/1.7" датчик ҳажми, 0.8µм пиксел ҳажми, 26 мм га тенг фокус узунлиги, f/1.8 апертура. •Ультракенг: 12МП, 1.12µм, 13 мм, f/2.2. •Макро: 5МП, 25 мм, f/2.4. •Сатҳ камераси: 5МП, 1/5", 1.12µм, f/2.2. LED чироқ; [email protected] кадр/сек. видео ёзув;
> Олд камера: 32МП, 1/2.8", 0.8µм, 26 мм, f/2.0. [email protected] кадр/сек. видео ёзув;
> Чип: Snapdragon 730: саккиз ядроли CPU (2х2.2 GHz Kryo 470 Gold & 6х1.8 GHz Kryo 470 Silver), Adreno 618 график процессори;
> Хотира: 6/128ГБ ёки 8/128ГБ; УФС 2.1; 1ТБгача сиғимли microSD карта учун слот;
> ОТ: Android 10; Samsung OneUI 2.0;
> Аккумулятор: 4,500 мАс, 25 ваттда зарядлаш;
> Алоқа: қўш-SIM (4G), Bluetooth 5.0, Wi-Fi a/b/g/n/ac, USB-C; 3.5 мм аудио жек;
> Бошқа: экраности бармоқ изи сканери, якка карнай.

AMOLED экранидаги тирқишнинг кичиклаштирилганига тақсин айтамиз, бироқ дисплей HDR10 сертификатига ҳам эга бўлганида нур устига аъло нур бўларди. Snadragon 730 ўрнига 730G қўйилса, ёмон бўлмасди. Автофокусга эга бўлмаган макро камеранинг эса кераги йўқ.

Келинг, энди Galaxy A71'ни қадоқдан очиб кўрамиз.

Қадоқ таркиби

Galaxy A71 қозоғдан ишланган кичик қутида сотилади. Қадоқ ичида смартфондан ташқари 25 ваттлик зарядчик-адаптер, SIM карта чиқаргич, ҳар икки томони USB-C типидаги кабель ва бир жуфт вакуумли Samsung қулоқчини бор.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy A51'нинг тўлиқ тавсифи билан танишамиз

Дизайни
Катта экран ва ингичка корпусга эга смартфон. Ҳа, бу Samsung Galaxy A71 дизайнининг қисқача тавсифи. Қаҳрамонимиз экрани ҳозирда мавжуд Samsung смартфонлари орасида энг катталаридан. Селфи камера тирқиши эса анчайин кичкина.

Galaxy A71 шиша ва пластик аралашмасидан иборат бўлиб, бир қарашда корпус фақат шишадан тайёрланганга ўхшайди. 6.7 дюймлик Super AMOLED дисплейни Gorilla Glass 3 шишаси ҳимоялаб туради. Қурилманинг ингичка ромлари ҳамда орқа корпуси эса нафис сайқалланган пластикдан ишланган.

Қаҳрамонимизнинг AMOLED панели Galaxy A70'даги билан бир хил бўлиши керак. 6.7" диагоналга эга дисплей кенгайтирилган 1080p резолюция ҳамда нисбатан ёйсимон шаклидаги бурчакларга эга. 32МПлик олд камера учун томчи камера дизайни эмас, балки айланасимон камерадан фойдаланилган.

Gorilla Glass 3 шишаси деярли тўлиғича ясси шаклга эга, бироқ экран четлари сезилар-сезилмас даражада бироз қайрилган ва бу смартфон қўлга ботмаслигини таъминлайди. Атроф ёруғлиги датчиги экран остига ўрнатилган. Иккиламчи карнай эса экран ва ром кесишган жойга, жуда ингичка қилиб ўрнатилганидан, бир қарашда кўзга деярли кўринмайди.

Олд панелда билдиришномалар учун LED чироқ мавжуд эмас. Доим ёниқ экран функцияси мавжуд. Бу функция ёқилганида эса, албатта, аккумулятор сарфи ошади.

Экран остига ўрнатилган оптик бармоқ изи сканери эса сизнинг маълумотларингиз хавфсизлигига жавобгар. Бироқ бу датчик ўта тез ва ўта аниқ ишлайди, деб айта олмаймиз.

Орқа панелда эса ҳозирда урфда бўлган дизайн элементларига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Камера ҳам эсдан чиқмасин. Apple ўзининг iPhone 11 смартфонларида камераларни асимметрик жойлаштиришни бошлагани Самсунғга ҳам ёқиб тушди ва бу дизайнни деярли барча смартфонларига татбиқ қилишга қарор қилди.

Демак, ушбу тавсифимизда ишлатаётган смартфонимиз ранги Prism Crush Black деб номланади. Орқа панель, юқорида таъкидланганидек, шишага ўхшайди, худди шишадек жиловланади — бир қарашда кўрган одам уни шиша деб ўйлайди. Корпусга нур тушиши билан панель худди камалакдек сержило тусга киради. Бу, албатта, ёқимли.

Камераларга тўхталсак, Samsung бу смартфонини тўртта камера билан жиҳозлаган: асосий, ультракенг, макро ва сатҳ камералари. Камералар қора модул ичига жойланган. LED чироқ ҳам бор. Камера модули корпусдан бироз бўртиб чиққан. Бу модул металлдан ишланган бўлиб, кичик алюминий ром камералар устидан қопланган шишани ушлаб туради.

Анчайин ингичка Galaxy A71 ялтироқ пластик ромдан иборат. Смартфон корпуси ўта сайқалланган бўлишига қарамай, қўлда ушлашга осон. Қурилманинг чап ромида учта слотли уя бор: иккитаси СИМ карта учун, биттаси ташқи хотира картаси учун. Ён томонда бўлса овоз назорати ва қувват тугмалари ўрин олган. Пастда аудио жек, USB-C порти, микрофон ва динамик жойлашган.

Ҳажман катта смартфон бўлса-да, Galaxy A71 анчайин ингичка ва ҳозирги стандартлар бўйича енгил қурилма ҳисобланади. Қаҳрамонимиз 7 мм қалинликка эга ва 179 грамм тош босади. Бу эса ҳатто A70'дан ҳам ингичка ва енгилроқ.

Смартфонни қўлда ушлаш ва ишлатиш кишига завқ беради. Ромлар эргономикаси сабабли смартфон қўлингиздан сирпаниб тушиб кетмайди. Ингичкалиги учун чўнтагингизга бемалол ўрнашади ва, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бир қўлда ишлатишга қулай. Сув ва чангдан ҳимояланмаганини ҳисобга олмаса, A71 яхши дизайнга эга, чиройли ва кишини ўзига қарата оладиган смартфондир.

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Xiaomi Mi Note 10 Lite (1-қисм)

Хулоса

PhoneArena

8.6балл

«Galaxy A71 Samsung'ning flagman smartfonlarida mavjud aksariyat yaxshi xususiyatlarni arzonroq narxda taqdim etadi. Eng yuqori darajadagi funksiya va texnik jihatlar o‘ta muhim bo‘lmasa, bu ko‘pchilik uchun eng maqbul Android smartfon bo‘la oladi. Sababi bu qurilma aksariyat talabchan Android foydalanuvchilarining deyarli barcha talablariga javob beradi. Smartfon yaxshi darajadagi unumdorlik, quvvati uzoqqa yetadigan akkumulyator, bir qator kamera opsiyalari va hatto quloqchin uchun jekka ham ega. Biroq uning kamchiliklari qatorida orqa panelning plastikdan ishlangani, dinamik sifati o‘rtacha darajada ekani hamda ekranning tomonlar nisbati uzunchoqligini sanab o‘tish mumkin».

DIZAYN

DISPLEY

KAMERA

FUNKSIYAVIYLIK

ALOQA

FOYDALANISHGA QULAYLIGI

UNUMDORLIK

AKKUMULYATOR

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Radius 4,628,000 so‘m Сотиб олиш
Mediapark 4,926,000 so‘m Сотиб олиш
Asaxiy 4,935,000 so‘m Сотиб олиш
Glotr 4,956,000 so‘m Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Galaxy A71 ingichka va chiroyli dizaynga ega smartfon
  • Multimedia tomosha qilish va o‘yin o‘ynashda 6.7 dyuymlik AMOLED displey juda qo‘l keladi
  • Snapdragon 730 chipi anchayin samarador ishlaydi
  • Akkumulyator avtonomligi a'lo darajada
  • Kameralar sifatli tasvir va video olish imkoniga ega
  • Android 10 va OneUI 2

 Камчилиги

  • Ekran HDR10'ga ega emas
  • Makro kamera sifati talab darajasida emas
  • Suvga chidamlilikning IP darajasi mavjud emas
Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!