ТераТавсиф: Samsung Galaxy A71 (2-қисм)

ТераТавсиф: Samsung Galaxy A71 (2-қисм)

Samsung Galaxy A71 смартфонига бағишланган тавсифимиз давом этади. Тавсифнинг иккинчи қисмида смартфон устида ўтказилган лаборатория синовлари ҳамда қурилманинг дастурий таъминоти ва унумдорлиги ҳақида суҳбатлашамиз.

Тавсифнинг бошқа қисмлари билан бу ердан танишинг.

Катта экран — HDR йўқ
Samsung Galaxy A71'га A70'ники билан бир хил дисплей қўйилган, бироқ камера тирқиши кичикроқ. A70 ўтган йили урфда бўлган томчи камерали тирқишга эга бўлган бўлса, бизнинг қаҳрамон 2020 йилда трендга айланган айланасимон туйнукка эга. Тўғри, бу тирқиш Galaxy Note10 Lite'дагидек кичик эмас, лекин умуман олганда, кичик.

Super AMOLED: A71, S10 Lite, Note10 Lite

Super AMOLED панель диагоналига 6.7 дюймга тенг, бурчаклар эса ёйсимон. Экран резолюцияси 2,400 х 1,080 пиксел бўлиб, томонлар нисбати 20:9 ни ташкил этади. Ҳар бир дюйм майдонда 393 та пиксел жойлашган. Дисплейни Corning томонидан ишлаб чиқарилган Gorilla Glass 3 шишаси ҳимоялаб туради.

Афсуски, A71'нинг экрани HDR10 сертификатига эга эмас. Яъни агар Netflix, Amazon Prime ёки HBO каби стриминг хизматларидан фойдалансангиз, HDR контентни томоша қила олмайсиз.

Бу камчилигига қарамай, экран анчайин ёрқин нур тарата олади. Синовларда ўлчанган максимал ёруғлик 410 нитни ташкил қилди. Лекин Мослашувчан ёруғлик режимида бу 515 нитгача чиқиши мумкин.

Минимал ёруғлик миқдори эса 1.7 нит экани аниқланди. Бу ҳам аъло натижа.

Samsung'нинг бошқа Super AMOLED дисплейларида бўлгани каби Galaxy A71 экрани ҳам томоша қилинаётган контент ва танланган режимга қараб, турли ранг гаммаларидаги рангларни тўғри акс эттира олади. Табиий режими ишга туширилганда экран sRGB рангларини тўғри кўрсатишга йўналган бўлади ва бунда deltaE даражаси 1.7 га тенг. Ёрқин режим бўлса DCI-P3 рангларига мослашган, deltaE эса 3.3 га тенг. Булардан бошқа экран режими мавжуд эмас.

Galaxy A71 анчайин катта — 4,500 мА/соат сиғимли аккумуляторга эга. Смартфонда тезкор қувватлаш имконияти бор, қадоқ таркибига 25 ваттлик зарядчик жойланган. Ушбу қувватлагичдан фойдаланиб, ярим соатда аккумуляторни 51% га зарядлаш мумкин. Тўлиқ қувват олиш учун эса қарийб 80 дақиқа талаб қилинади.

Ўтказилган аккумулятор синовларида Galaxy A71 аъло натижа қайд этди. Смартфон қуввати 13 соат интернетдан фойдаланишга, 17 соат видео кўришга ва 30+ соат овозли қўнғироқларни амалга оширишга етади. Автоном ишлаш вақти ҳам қўшилганда, бу рақамларнинг барчаси 102 соатга етади.

Карнай синови
Galaxy A71'нинг пастки томонига битта карнай қўйилган. Бу динамик смартфон тоифаси учун мос. Амалга оширилган овоз баландлиги синовларда ушбу калонка Ўртача натижани кўрсатди.

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Samsung Galaxy A21s (2-қисм)

Android 10 ва One UI 2

Galaxy A71 қадоқданоқ Android 10 операцион тизимида ишлаган илк Samsung смартфонларидан. ОТ устига One UI 2.0 интерфейс қурилган.

One UI'нинг янги талқини аввалги верисиядаги интерфейсдан унчалик ҳам фарқли эмас. Асосий тафовут ишоравий бошқарувларнинг қўшилганида кўринади. Энг яхши томони, A71 кичик бир сурпризга эга. Бу ҳам бўлса, унда Edge экраннинг мавжудлиги.

Edge экрани

Авваллари фақат флагман моделларида бўлган ушбу функция эндиликда Galaxy A71'да ҳам мавжуд. Хабарингиз бор, Edge панель функцияси бир қатор иловалар, ҳаракатлар, ускуналар ва ҳ.к. га тезкор кириш имконини беради. Edge панель экраннинг ўнг ёки чап томонида жойлашишини белгилаб қўйишингиз мумкин.

Навигация опциялари

Юқорида таъкидланганидек, интерфейс элементлари қаторига ишоравий бошқарув функцияси ҳам киради.

A71 яна бир қатор яхши имкониятларга ҳам эга. Булар жумласига Қора режимни киритиш мумкин.

Қора режим

Биометрик маълумотлардан оптик бармоқ изи сканери ва фақат камерага асосланган юзни таниш функцияси бор. Бармоқ изи сканери бироз секин ишлайди.

Унумдорлик ва бенчмарклар
Samsung Galaxy A71 Snapdragon 730 чипига эга. Бу ҳозирда ўрта тоифанинг юқори синфи орасида энг оммалашган Qualcomm платформларидан ҳисобланади. Маълумот учун, A70'га Snapdragon 675 чипи қўйилганди. SD730 янгироқ CPU ядролари ва график процессорига эга. SoC 8 нанометрлик процесс асосига қурилгани боис энергия тежамкор.

Snapdragon 730 саккизта ядрога эга. Булар: 2.2 GHz'лик 2 та Kryo 470 Gold (Cortex-A76) ва 1.8 GHz'лик Kryo 470 Silver (Cortex-A55). Adreno 618 эса графикаларга масъул. Қиёс учун, A70'га Adreno 612 қўйилганди.

Қаҳрамонимиз 128ГБлик UFS 2.1 типидаги хотирага эга. Тезкор хотира сиғими эса, минтақага қараб, 6ГБ ёки 8ГБ.

Snapdragon 730 чипи ҳозирда мавжуд энг мақбул ўрта тоифа чипларидан. Шунинг учун ҳам, Galaxy A71 Geekbench синовида аъло натижа кўрсатди.

Adreno 618 GPU'си A70'даги Adreno 612 дан икки баробар кучли бўлиб чиқди. Бу процессор ўрта тоифа GPU'лари орасида энг кучлиларидан бири эканини кўрсатди.

Ҳаммамиз AnTuTu'га ишонамиз, чунки у ёлғон сўзламайди. Бу бенчмаркда ҳам Samsung'нинг Galaxy'си энг яхшилар қаторидан жой эгаллади.

A71 кучли смартфон экани борасида барча бенчмарклар ўзаро мос натижани кўрсатди. Ҳозирда нархи 4 милион 600—900 минг сўм бўлган Galaxy A71 анчайин қиммат. Ушбу нархга Xiaomi ёки realme'нинг бундан-да яхшироқ смартфонларини сотиб олсангиз бўлади. Бироқ Samsung смартфонларининг ашаддий ишқибози бўлсангиз, ҳеч иккиланмасдан A71'ни сотиб олсангиз бўлади. Қурилма ҳеч қандай қотишларсиз, қизиб кетмасдан хизмат қилади.

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Xiaomi Redmi Note 9 Pro (1-қисм)

Хулоса

PhoneArena

8.6балл

«Galaxy A71 Samsung'ning flagman smartfonlarida mavjud aksariyat yaxshi xususiyatlarni arzonroq narxda taqdim etadi. Eng yuqori darajadagi funksiya va texnik jihatlar o‘ta muhim bo‘lmasa, bu ko‘pchilik uchun eng maqbul Android smartfon bo‘la oladi. Sababi bu qurilma aksariyat talabchan Android foydalanuvchilarining deyarli barcha talablariga javob beradi. Smartfon yaxshi darajadagi unumdorlik, quvvati uzoqqa yetadigan akkumulyator, bir qator kamera opsiyalari va hatto quloqchin uchun jekka ham ega. Biroq uning kamchiliklari qatorida orqa panelning plastikdan ishlangani, dinamik sifati o‘rtacha darajada ekani hamda ekranning tomonlar nisbati uzunchoqligini sanab o‘tish mumkin».

DIZAYN

DISPLEY

KAMERA

FUNKSIYAVIYLIK

ALOQA

FOYDALANISHGA QULAYLIGI

UNUMDORLIK

AKKUMULYATOR

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Radius 4,628,000 so‘m Сотиб олиш
Mediapark 4,926,000 so‘m Сотиб олиш
Asaxiy 4,935,000 so‘m Сотиб олиш
Glotr 4,956,000 so‘m Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Galaxy A71 ingichka va chiroyli dizaynga ega smartfon
  • Multimedia tomosha qilish va o‘yin o‘ynashda 6.7 dyuymlik AMOLED displey juda qo‘l keladi
  • Snapdragon 730 chipi anchayin samarador ishlaydi
  • Akkumulyator avtonomligi a'lo darajada
  • Kameralar sifatli tasvir va video olish imkoniga ega
  • Android 10 va OneUI 2

 Камчилиги

  • Ekran HDR10'ga ega emas
  • Makro kamera sifati talab darajasida emas
  • Suvga chidamlilikning IP darajasi mavjud emas