ТераТавсиф: Xiaomi Redmi Note 9S (1-қисм)

ТераТавсиф: Xiaomi Redmi Note 9S (1-қисм)

Terabayt.uz сайти ТераТавсиф рукни остидаги мақолаларини давом эттиради. Эндиги навбат Xiaomi Redmi Note 9S смартфонига.

Тавсифимизнинг ушбу биринчи қисмида смартфон билан танишиб, унинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркибини кўриб чиқамиз; дизайни ҳамда қурилмавий сифатига тўхталамиз.

Бу йил оммабоп Redmi Note смартфонларининг тўққизинчи авлоди тақдим қилинди. Қурилмалар сотувнинг дастлабки кунлариданоқ мижозлар томонидан илиқ кутиб олинди. Ушбу линейка таркибидаги Redmi Note 9 Pro модели ҳақида ҳам тавсиф ёзганмиз, уни бу ердан ўқишингиз мумкин.

...

Redmi Note 9S смартфонининг номланишини тушуниш аввалига бироз қийин кечади. Ушбу қурилма Ҳиндистонда Redmi Note 9 Pro номи билан сотувга чиққан. Демак, глобал Redmi Note 9S ва Ҳиндистондаги Redmi Note 9 Pro смартфонлари аслида битта нарса; Ҳиндистондаги Redmi Note 9 Pro ва глобал Redmi Note 9 Pro смартфонлари эса умуман бошқа-бошқа қурилмалардир.

Номланиши қандай бўлишидан қатъи назар ҳаммамиз учун қурилманинг ўзи ва техник жиҳатлари муҳим. Айтиш мумкинки, қаҳрамонимиз 2 миллион сўмдан сал юқорироқ нархига мос қурилма. Ишлаб чиқарувчи танлаган шиша дизайни, катта экран, тоифасига нисбатан анчайин унумдор чип, сифатли тасвирлар олувчи тўрт «кўз»ли орқа камера модули ва катта сиғимли аккумуляторларнинг ҳаммаси Note 9S'ни мақбул таклифга айлантиради.

Деярли бир хил нарх категориясидаги realme смартфонларида Redmi Note'лардан битта устун жиҳат бор — экраннинг юқори даражадаги янгиланиш частотаси. Умид қилиб қоламизки, кейинги авлод қурилмаларида Хиаоми бу жиҳатга ҳам эътибор қаратади.

Келинг, энди тавсифлаётган моделимизнинг техник жиҳатларига бир кўз югуртириб чиқамиз.

Xiaomi Redmi Note 9S'нинг техник жиҳатлари:

> Корпус: пластик ром, олд ва орқа томонда Gorilla Glass 5 шишаси, сув сачрашидан ҳимоя, 165.8 х 76.7 х 8.8 мм, ўлчам 209 г вазн;

> Дисплей: 6.67" IPS LCD, 1080 х 2400 пиксел резолюцияси, 20:9 томонлар нисбати, 395 пиксел/дюйм зичлик, HDR10;

> Орқа камералар: •Асосий (кенг): 48МП, f/1.8 апертура, 1/2.0" сенсор ҳажми, 0.8µм пиксел ҳажми, PDAF. •Ультракенг: 8МП, f/2.2, 1/4", 1.12µм пиксел. •Макро: 5МП, f/2.4, 1.12µм. •Сатҳ: 2МП; [email protected] кадр/сек., [email protected]/60/120 кадр/сек., [email protected] кадр/сек. видео ёзув, электрон тасвир стабилизацияси;

> Олд камера: 16МП, f/2.5 апертура, 1.0µм пиксел. 1080p/30 кадр/сек. видео ёзув;

> ОТ: Android 10; MIUI 11.

> Чип: Snapdragon 720G (8 нанометр): саккиз ядроли (2х2.3 GHz Kyro 465 Gold & 6х1.8 GHz Kryo 465 Silver), Adreno 618 график процессори;

> Хотира: 4/6ГБ тезкор хотира; 64/128ГБ UFS 2.1 доимий хотира; махсус microSD слоти;

> Аккумулятор: 5,020 мАс; 18 Вт тезкор қувватлаш;

> Алоқа: LTE-A; УСБ-C; Wi-Fi a/b/g/n/ac; қўш-палосали GPS; Bluetooth 5.0; FM радио; инфрақизил бластер;

> Бошқа: ён томонга қўйилган бармоқ изи сканери, 3.5 мм аудио жек.

Xiaomi ўз қурилмаларини сув сачрашидан ҳимоялашни бошлаганидан, аудио жек ва microSD карта слотини олиб ташламаганидан мамнунмиз. Энди эса қадоқ ичида бизни нималар кутиб турганини кўришга ошиқамиз!

Қадоқ таркиби

Қурилмамизнинг қадоғи таркибида доимий аксессуарлар жойлашган — қувватлагич адаптер, USB-C кабели ва шаффоф силикон ғилоф.

Redmi Note 9S 18 ваттда тезкор қувватлана олади, лекин Xiaomi қадоқ таркибига бундан юқорироқ номиналга эга, яъни 22.5 ваттлик зарядчикни солган. Тасанно!

Ҳа, айтганча, қаҳрамонимизга заводда юпқа экран протектори ҳам ёпиштирилган. Бу ҳам ажойиб!

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Xiaomi Mi Note 10 Lite (1-қисм)

Мана, смартфоннинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби каби бирламчи маълумотлар билан танишиб ҳам олдик. Энди эса навбат қурилма дизайни ва уни қўлда ишлатиш қанчалик осонлигига.

Дизайни ва қурилмавий сифати

Redmi Note 9S диазйн борасида ҳозирги трендларга амал қилган. Девайс ҳар икки томондан Corning компаниясининг Gorilla Glass 5 шишаси билан қопланган. Ён томонлари, яъни ромлари эса пластикдан ишланган. Экран четлари айланасимон шаклга эга, орқа панель четлари эса ҳар тўртала томондан қайрилма қилиб ишланган.

Ушбу модель каттагина — 6.67 дюймли IPS LCD экранга эга. Дисплей резолюцияси 1080p'ни ташкли қилади. Экран четларини эса анчайин ингичка ҳошиялар ўраб туради.

Смартфон 16 мегапикселлик олд камера учун марказда жойлашган айланасимон тирқишга эга.

OLED экранга эга бўлмагани боис Note 9S'га экраности бармоқ изи сканери қўйилмаган. Шунинг учун, ушбу датчикка ён томондан жой тегган. Бу ҳам ҳозирги трендлардан. Қувват тугмасини уя қилган бармоқ изи сканери тез ва ишончли ишлайди — бу борада шикоятимиз йўқ.

Орқа панелга ўтсак, қайрилма четларга эга Aurora Blue (аурора кўк) ранги кўзимизни қамаштиради. Бошқа смартфонларда ҳам Aurora Blue рангини кўрганмиз, лекин бу рангнинг қаҳрамонимиздаги туси барибир бошқача чиройли кўринди кўзимизга.

Орқа панелдан тўрт камерали модул ҳам жой олган. Камералар ҳажман кичик, лекин корпусдан сезиларли даражада бўртиб чиққан тўртбурчак ичида жойлашган. Линзаларнинг жойлашуви мос расвишда қуйидагича: 8МП ультракенг, 48МП асосий, 5МП макро ва 2МП сатҳ камералари. Камера бўртмасининг қора ранги қуйироқда жойлашган LED чироғини ҳам қоплаб олган.

Кўк рангдаги ҳошиялар пластикдан ишланган ва ялтирамайдиган («матовое») сайқалга эга. Бу эса смартфонни қўлда ушлашни осонроқ қилади ва қурилма бармоқлар орасидан сирпаниб кетмайди.

Ҳозирги смартфонлардан бирин-кетин олиб ташланаётган бир қатор жиҳатлар Redmi Note 9S'да мавжуд. Булар жумласига инфрақизил бластер (тепада), mircoSD карта слоти (чап томонда), аудио жек (пастки томонда) киради. Қурилма анчайин катта бўлиб, уни бир қўлда ишлатиш осон эмас. Лекин буни Note деб қўйишибди! Note бўлганидан кейин экрани ҳам катта бўлади, аккумулятори ҳам шунга яраша. Агар сизга ихчамроқ смартфон керак бўлса, демак, нотўғри манзилга келиб қолибсиз! :-(

Note 9S P2i нано-қоплам технологияси сабабли сув сарчасидан ҳимояланган. Бу дегани қурилма ёмғир ёки бироз сув сачраган тақдирда ҳам қурилмага зарар етмайди, деганидир. Лекин, эҳтиёт бўлинг, Note 9S сув ўтмазмас эмас!

Умуман олганда, бизга қаҳрамонимизнинг нафис дизайни ва шакли ёқди. Қурилма моддий жиҳатдан сифатли қилиб ишланган, бир қарашда кўзни олади, қўлда ушлаш осон ва сувдан ҳимоянинг содда шаклига эга. Ҳамёнбоп учун шуларнинг ўзи етади.

ЎҚИНГ: ТераТавсиф: Samsung Galaxy A21s (1-қисм)

Хулоса

TECHRADAR

8.6балл

«Redmi Note 9S foydalanuvchiga o‘ta arzon narx evaziga smartfondagi eng ishonchli amaliyotlardan birini taqdim qiladi. Akkumulyator avtonomligi tengsiz darajada, unumdorlik har doim barqaror, katta ekran esa foydalanishga qulay».

DIZAYN

DISPLEY

KAMERA

FUNKSIYAVIYLIK

ALOQA

FOYDALANISHGA QULAYLIGI

UNUMDORLIK

AKKUMULYATOR

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Olcha 2 246 000 so‘m Сотиб олиш
Mediapark 2 255 000 so‘m Сотиб олиш
Radius 2 266 000 so‘m Сотиб олиш
Asaxiy 2 405 000 so‘m Сотиб олиш
Openshop 2 423 000 so‘m Сотиб олиш
Amazon 208.01 AQSH dollari Сотиб олиш
AliExpress 211.25 AQSH dollari Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Gorilla Glass 5'li chiroyli korpus
  • Suv sachrashidan himoya
  • Katta va yorqin LCD ekran
  • HRD10
  • Sezilarli darajadagi akkumulyator avtonomligi
  • Toifasi uchun a'lo darajadagi unumdorlik
  • Toifasi uchun yaxshi tasvir va video sifati
  • Eng so‘nggi Android va MIUI

 Камчилиги

  • Bir xil narx uchun realme'dan 90Hz ekranli smartfon sotib olish mumkin
  • Ekran tirqishi atrofidagi yorug‘lik bir xil darajada emas
  • Quvvat olish tezligi a'lo daraja emas
  • NFC mavjud emas
Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!