Tesla роботи учун ҳам рақобатчи тайёр!

Tesla роботи учун ҳам рақобатчи тайёр!

Кеча Xiaomi компанияси Хитойда ўзининг яна бир муҳим тадбирларидан бирини ўтказди ва унда бир неча ажойиб қурилмалардан ташқари кутилмаганда ўзининг CyberOne номли илк гуманоид роботини ҳам тақдим қилди. Албатта, бу компаниянинг биринчи робот маҳсулоти эмас, у ўтган йилнинг августида CyberDog робот кучугини ҳам тақдим қилган эди.

CyberOne - Xiaomi томонидан дизайнланган тўлиқ гуманоид роботнинг бўйи 177 см, оғирлиги эса 52кг бўлиб, у икки оёқда соатига 3.6 км тезликда мустақил юра олади. Унинг юзи эгилган OLED панелдан ясалган ва у дунёни 3D кўринишида кўра олади. Эшитиш учун эса унда иккита микрофон мавжуд. Шунингдек, робот атроф-муҳитдаги 85 хил овозларни ва инсоннинг овозли ифодаларидан 45 турдаги ҳиссиётларни 6 хил категорияда аниқлай олади.

Робот одамлар билан суҳбатлашиши, енгил нарсаларни кўтариб юриши мумкин. Гарчи у Boston Dynamics'нинг Atlas гуманоиди каби чаққон бўлмасада, у ҳар куни янги кўникмалар ўрганади.

Тақдимот вақтида CyberOne саҳнага юриб чиқди ва Лей Жун билан кичик суҳбат давомида унга гул берди. Лей Жун ундан қандай ҳаракатларни амалга ошира олишини сўраганида, у Кунг Фу ҳаракатларини ўрганаётганини маълум қилди (хойнаҳой, Tesla тез кунда тақдим қилиши кутилаётган гуманоид роботнинг жиддий рақиби борга ўхшайди). Компания раҳбари билан янги тақдим қилинган Xiaomi Mix Fold 2 букламафонида селфига тушгандан кейин CyberOne саҳнани тарк этди.

CyberOne ҳали тижоратлаштирилмаган, лекин сотувга чиқариладиган бўлса, унинг нархи таҳминан 600,000-700,000 юан (89,100-104,000 доллар) бўлиши айтилмоқда.

ЎҚИНГ: Galaxy Z Flip4'га рақобатчи тайёр

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.